Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қанча одамлар Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурига келиб, ундан Аллоҳ таолонинг борлиги ҳақида далил келтиришини сўради.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Бунинг далили тут баргидир”, деб жавоб берди.
Одамлар жавобдан ҳайратланиб, батафсилроқ тушунтиришини сўрашди.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деди: “Тут барглари бир хил шакл ва таъмга эга, аммо
• ипак қурти уни еса, ипак олинади;
• нектарини асаларилар йиғса, асал олинади;
• кийик ундан истеъмол қилса, хушбўйлик, мушк чиқаради.
Биргина баргдан шунча турли нарсаларни чиқаришга қайси Зот қодир экан!?
Одамлар ўйланиб, жим бўлиб қолишганда, Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ барча нарсани яратувчисидир”, оятини ўқиди (Раъад сураси, 16-оят).
Манба: Абдулазиз Рожиҳийнинг “Шарҳи Тафсири Ибн Касир” китобидан.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон КАТТАЕВ тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Диндан узоқлашар эканмиз, асл мақсаддан, рисолатдан ва инсоний қадриятлардан йироқлашган бўламиз. Натижада жамиятда ёмонлик, зулм ҳукм суради, ёвузликка, маст қилувчи ичкиликларга қизиқиш ортади, оилага, соғлом турмуш тарзига рағбат йўқолади, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатларга ҳам футур етади, иқтисодий ҳаёт эса рибо ва қимор билан тўлиб-тошади. Оқибатда гуноҳлар кескин кўпайиб кетади. Шу боис инсон доимо динга эҳтиёж сезади ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан