Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қанча одамлар Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурига келиб, ундан Аллоҳ таолонинг борлиги ҳақида далил келтиришини сўради.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Бунинг далили тут баргидир”, деб жавоб берди.
Одамлар жавобдан ҳайратланиб, батафсилроқ тушунтиришини сўрашди.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деди: “Тут барглари бир хил шакл ва таъмга эга, аммо
• ипак қурти уни еса, ипак олинади;
• нектарини асаларилар йиғса, асал олинади;
• кийик ундан истеъмол қилса, хушбўйлик, мушк чиқаради.
Биргина баргдан шунча турли нарсаларни чиқаришга қайси Зот қодир экан!?
Одамлар ўйланиб, жим бўлиб қолишганда, Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ барча нарсани яратувчисидир”, оятини ўқиди (Раъад сураси, 16-оят).
Манба: Абдулазиз Рожиҳийнинг “Шарҳи Тафсири Ибн Касир” китобидан.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон КАТТАЕВ тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳар бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди”[1] деб айтган ҳадисларини яхши билади.
Аммо инсонда қандай қилиб деган савол туғилиши табиий.
Гарвард профессори илмий тадқиқотлар ёрдамида буни исботлаган. Бу ҳақда тадқиқотчи бундай дейди: “25 йил давомида олиб борган тадқиқотларим натижасига кўра, инсон қанча кўп хайр-эҳсон қилса, шунчалик бой бўлиши аниқланган. Бу натижага аввало ўзим ҳам ишонмадим. Маълумотларда хатолик кетган деб ўйладим. Лекин аниқ ҳақиқат шуки – агар сиз бир доллар хайрияга сарфласангиз, ўртача тахминанда бир ярим доллар сизга қайтиб келади”.
Сиз муҳтожларга ёрдам бериш баробарида аввало Аллоҳнинг розилигини, руҳий хотиржамлик, бу дунё ва охиратингиз учун яхшиликларни қўлган киритасиз ҳамда мол-дунёингизни поклайсиз.
Гарвард профессори яна бундай дейди: “Шундан сўнг, психологлар билан бирга тадқиқотларим устида иш олиб бордим. “Мен иқтисодчиман тадқиқотларим натижасига кўра, инсон қанча кўп садақа қилса, унинг даромади шунча кўпайиши аниқланди”, деб илмий изланишларимни баён этганимда, улар узоқ йиллардан бери бу ҳақиқатга гувоҳ бўлиб келишлигини, “садақа, хайрия қиладиганлар эҳсон қилганлари сари даромадлари кўпайиб борганини кўп кузатганмиз” дейишди”.
Қолаверса, хайр-эҳсон қилиш кишининг руҳиятига ва жисмоний саломатлигига ижобий таъсир қилиши ҳамда иқтисодий фаровонликни, адолатни жамиятни шакллантириши ҳам тадқиқотларда ўз исботини топган ҳақиқатлардан саналади.
Эҳсон-хайрия қилиш – икки томонлама фойдани жалб қилувчи амалдир.
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Имом Муслим ривояти.