Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Вафотингдан олдин фахрланадиган ишинг борми?

25.09.2024   952   4 min.
Вафотингдан олдин фахрланадиган ишинг борми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мана бу ҳадисни қаранг, нақадар ажойиб, нақадар гўзал! Шунақанги гўзал қисса, ажойиб вазифаки, унга алоҳида эътибор бермасангиз бўлмайди.

Довуд ибн Абу Ҳинд Нуъмон ибн Солимдан ривоят қилади: «Амр ибн Авс шундай деди: «Анбаса ибн Абу Суфён ўлимидан олдин қаттиқ бемор бўлиб, ётиб қолди. Кўргани борсам, бир ҳадисни айтиб, қалби мана шу ҳадис билан таскин топаётганини айтди: «Умму Ҳабиба шундай деган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким бир кеча‑кундузда ўн икки ракъат нафл намоз ўқиса, бу туфайли унга жаннатда бир уй қурилади», деганлар. Шуни эшитганимдан бери бу намозларни канда қилмаганман». Умму Ҳабибадан бу гапни эшитганимдан бери мен ҳам бу намозларни канда қилмадим». Анбасадан буни эшитганимдан бери мен ҳам бу ўн икки ракъат намозни канда қилмадим».

Нуъмон ибн Солим айтади: «Амр ибн Авсдан бу гапни эшитганимдан бери мен ҳам шу ўн икки ракъатни канда қилмадим» Имом Муслим ривоят қилган.

Нақадар гўзал ҳадис! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн икки ракъат нафл намозни (беш маҳал фарз намоздан олдинги ва кейинги суннат намозларни) бардавом ўқиган кишига Аллоҳ таоло жаннатда бир уй қуриши ҳақида мужда бермоқдалар!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ўн икки ракъат намозни ҳам ўзлари баён қилиб берганлар: «Пешиндан олдинги тўрт ракъат ва ундан кейинги икки ракъат; шомдан кейинги икки ракъат; хуфтондан кейинги икки ракъат; бомдоддан олдинги икки ракъат».

Мўминларнинг онаси Умму Ҳабиба бинт Абу Суфён розияллоҳу анҳо онамиз Аллоҳнинг Расулидан бу ҳадисни эшитиб, ўн икки ракъат намозни ҳар куни қолдирмай ўқибдилар.

Шундан кейин бу ҳадисни акалари Анбаса ибн Абу Суфён розиялллоҳу анҳуга айтиб берибдилар. Акалари буни эшитиб, роса севинибди, кейин шу ўн икки ракъат суннат намозни доимий ўқиб юрибди, «Умму Ҳабибадан эшитганимдан бери уларни канда қилмадим», дебди.

Анбаса ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ўлим элчиси келгач, уни кўргани келган яқинларига бутун умр канда қилмай ўқиб юрган ўн икки ракъат намози ҳақида айтиб берибди. Фахрланиб, хурсанд бўлиб, қалби таскин топиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ўн икки ракъат намоз ҳақида айтган сўзларини айтиб берибди. Бу суннат намозларни синглисидан эшитганидан бери ҳеч қачон тарк этмаганини айтибди. Бу саҳобийни боқий ҳаётга кузатиб қўйганлар орасида улуғ тобеъинлардан бири – Амр ибн Авс ҳам бор экан. Бошқалар қатори, у ҳам бу ҳадисни эшитиб, унга амал қилиб, ўн икки ракъат намозда бардавом бўлибди, умрининг охирида «Бу ҳадисни Анбаса розияллоҳу анҳудан эшитганимдан бери шу намозларни бирор марта қолдирмадим», дебди.

Амр ибн Авс бу ҳадисни кичик тобеъинлардан бири Нуъмон ибн Солимга айтган эканлар. Нуъмон ҳам бу ҳадисни эшитиб, унга дарҳол амал қилибдилар. Ҳаётлари давомида шу ўн икки ракъат суннат намозини асло тарк этмабдилар.

Энди сизга бир савол: Бу гўзал ҳадисни ва унга амал қилган улуғ зотларнинг сўзларини ўқидингиз. Энди сиз ҳам улардек бўлишни, бу амални ҳаётингиз давомида бажарадиган ишларингиз қаторига қўшишни хоҳлаб қолдингизми? Аллоҳ таоло сизга ҳам бу амалингиз эвазига жаннатларда қасрлар қуриб беришини хоҳладингизми? Шу оддий, аммо бардавом амаллар туфайли бу дунёдаги уйингиз ҳам жаннатдаги бир сўлим гўшага айланишини, унда офиятда яшашни хоҳлаб қолдингизми?

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг

“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

26.09.2024   4296   1 min.
Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:

“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар