Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳақиқат билан ростнинг ораси тўрт энлик, дейишади. Қулоқ билан кўз ораси шунча экан. Демак, кўз билан кўрмагунча қулоқ билан эшитган гапга ишонавермаслик ва у гапнинг ҳақиқатини аниқламасдан туриб бировга айтмаслик керак.
Шариатимиз кўрсатмаларида ёлғончиликка мутлақо йўл қўйилмайди. Ёлғон охири дўзахга етаклайди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост гапиринглар, чунки ростгўйлик эзгуликка етаклайди. Эзгулик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапираверса, у Аллоҳ таоло ҳузурида ростгўй деб ёзиб қўйилади. Ёлғон гапиришдан ўзларингизни сақланг, чунки ёлғон гапириш бузуқликка етаклайди. Бузуқлик эса дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапираверса, охири Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончи деб ёзиб қўйилади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Шайx Кирмоний ҳазратлари айтадиларки: “Ёлғон гапирмаган, омонатга xиёнат, бўҳтон, туҳмат ва ғийбат қилмаган киши келажагидан қўрқмасин. Шу гуноҳларни қилмаган киши вақти келиб, бошқа гуноҳларни ҳам тарк этади”.
Ёлғончилик ўғрилиқдир. Ўғри молингизни ўғирласа, ёлғончи аклингизни ўғирлайди. Баъзилар фойда кўриш ё зарарни дафъ қилиш учун ёлғон сўзлайди. Ёлғон сўзлаб, фойда кўрмоқчи ё балодан қутулмоқчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Рост сўзда хатар кўрсангиз ҳам, рост сўзланг! Нажот рост сўздадир. Ёлғон сўзда нажот кўрсангиз ҳам, ёлғон гапирманг! Хатар ёлғон сўздадир”.
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман”, дeдилар (Имом Абу Довуд ривояти)
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати