Ўзбекистондаги ислоҳотларда инсон қадри, унинг манфаатлари эътибор марказида, халқимиз фаровонлиги ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш давлатимизнинг бош мақсадига айланган. Энг муҳими, ижтимоий-иқтисодий ўсиш ва ўзгаришлар ҳар бир юртдошимиз турмуш тарзида ифодасини топмоқда. Ислоҳотларнинг асл мақсади халқимизнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини вақтида ва самарали ҳал этиш, одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашдан иборат.
Кейинги йилларда кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида халқимизнинг ижтимоий ҳаёти, турмуш тарзи яхшиланиб бормоқда. Халқпарвар сиёсатнинг илк самараси энг чекка ҳудудлар, хонадонлар, юртдошларимиз ҳаётида аксини топмоқда. Аммо бу жараёнларда жойларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳам мавжудлиги сир эмас.
Камбағаллик Ўзбекистонда кўп йиллар ёпиқ мавзу бўлиб келди. Давлатимиз раҳбари 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда очиқ-ойдин гапирди ва тарихда биринчи марта камбағалликни қисқартиришни устувор вазифа сифатида белгилади. Шундан буёе камбағалликни қисқартириш бўйича тизимлар ишлар қилинмоқда.
Бу борада илғор хорижий тажриба ўрганилиб, камбағалликни қисқартиришга қаратилган миллий дастурлар ишлаб чиқилди. Масалан, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” дастурлари ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби манзилли дастурлар аҳолининг камбағал қатламини қўллаб-қувватлашда муҳим чоралар бўлди.
Жорий йил 11 сентябрь куни Президентимиз камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Унда берилган топшириқлар асосида энди мутасаддилар энг оғир маҳаллалардаги ночор оилаларга бориб, ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганади, камбағалликдан чиқариш чораларини кўради. Давлатимиз раҳбари камбағалликка тушиш сабаблари ҳар хил экан, ечими ҳам алоҳида-алоҳида бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди.
Йиғилишда камбағалликни қисқартириш бўйича кейинги йиллар учун “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тайёрланаётгани, унда еттита имконият ва масъулият тамойили асосида Ўзбекистоннинг навбатдаги янги ёндашувлари белгилаб берилиши маълум қилиниб, бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланиши айтилганди. Бу борада мутасаддиларга ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, улардаги “камбағал оилалар портрети”ни ишлаб чиқиш, камбағал оила бўйича индивидуал дастур яратиш, унда ҳар бир вазирликнинг вазифасини аниқ кўрсатиш каби вазифалар белгиланганди.
Шу каби вазифалар ижроси доирасида 23 сентябрда Президентимизнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси ҳамда 2024–2025 йилларда аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг йўналишлар ва ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Умуман, ҳужжатдан 2024 йил 1 ноябргача энг оғир аҳволдаги мингта маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш дастури, 1 декабргача эса тадбиркорлик фаолияти ҳамда аҳолининг барча қатламларига яшаш ва дам олиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 2024–2025 йилларда туман ва шаҳарларни жадал комплекс ривожлантириш, жумладан, уларда камида биттадан маҳаллада “яшил маҳалла” лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи дастурлар тасдиқланиши кабилар ўрин олганки, бу шубҳасиз, ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимиз исломда ҳам инсон, шахс манфаати биринчи ўринга қўйилади. Зотан, ислом динининг асл моҳияти инсон манфаатларини қадрлаш, уни юксак мақомга олиб чиқишдир. Қуръони каримнинг қатор ўринларида бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Ислом инсон учун лозим бўлган маънавий ва моддий манфаатлар уйғунлигини ўзида мужассам эта олган диндир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Исро” сурасида: “Батаҳқиқ, Биз бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик” (70-оят), деган.
Камбағаллик ва бойлик ҳақида динимизда нима дейилган?
Кишиларда бойлик ва камбағаллик ҳақида бироз хато тушунча бор. У ҳам бўлса, бойликни Аллоҳ тарафидан берилган иззат-икром, Аллоҳ розилигининг аломати, деб эътиқод қиладилар.
Аксинча, камбағалликни Аллоҳ тарафидан хуш кўрмаганлик аломати, деб тасаввур қиладилар. Аслида ундай эмас. Аллоҳ таоло молу дунё, бойликни яхши кўрган бандасига ҳам, ёмон кўрган бандасига ҳам бераверади, шунингдек, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ризқини тор қилиб қўйиши мумкин. Бойлик Аллоҳ таоло тарафидан бўлган иззат-икром эмас, балки имтиҳон-синовдир, шунингдек, камбағаллик ҳам. Синовдан мақсад эса Аллоҳ таолога итоат: банда бой бўлса, шукр қилиб, бойликни Аллоҳ таоло кўрсатган йўлга сарфлайдими, йўқми? Ёки камбағал бўлса, сабр қиладими, йўқми?
Бойлик афзалми ёки фақирликми, деган саволга буюк мутакаллим, аҳли суннат вал жамоат раисларидан бири Абу Муин Насафий (р.ҳ.) “Баҳрул калом” асарида жавоб берган: Бойлик фақирликдан афзалдир.
Уламолар айтишганки, сабрли камбағал шукр қилувчи бойдан кўра яхшироқ. Фақиҳ Абул Лайс (р.ҳ.) мана шу фикрни олган. Олимлар сабрли камбағал инсоннинг бахил, исрофгар бойдан кўра яхшироқ эканига иттифоқ қилган.
Ризқ учун саъй-ҳаракат қилиш динимиз талаби
Уламолар: “Агар кишининг куч-қуввати бўлса, касб-кор қилиш унга рухсат, агар унинг қуввати бўлмаса, касб қилиш суннат, агар болалари ва оиласи бўлиб, уларга муҳтож бўладиган бўлса, касб-кор қилиш фарздир”, дейдилар.
Пайғамбар (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадиси шариф ҳам бунга далолат қилади: “Кимки дунёни ҳалол ҳолда, тиланчиликдан сақланган, аҳли оиласига ҳаракат қилган, қўшнисига яхшилик истаган ҳолда талаб қилса, қиёмат кунида юзи худди тўлин ой кечасидаги Ой каби бўлиб келади. Кимки дунёни фахрланиш ва кўпайтириш мақсади билан талаб қилса, Аллоҳ таоло унга ғазабланган ҳолда йўлиқиб, қиёмат кунида маҳшаргоҳга келади”.
Президентимиз таъкидлаганидек, камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун камбағал оила аъзоларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш жуда муҳим. Баъзида камбағалликка ишёқмаслик, дангасалик ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бундай оилалар ёки фуқароларга давлат ва саховатпеша ҳомийлар томонидан бир-икки маротаба ёрдам берилиши мумкин.
Лекин “Қўлдан берганга қуш тўймас”, деган гап бор. Шу боис, яратилган имкониятдан тўлиқ фойдаланган ҳолда камбағал, кам таъминланган оилага пул эмас, балки пул топиш имконияти яратиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ўша фуқаро учун ҳам, давлат ва жамият учун ҳам фойдалидир.
Аҳолини камбағалликдан чиқариш учун уларни иш билан таъминлаш, иш ўринларини яратиш, ер ажратиш чоралари кўрилмоқда. Ҳар бир киши ҳалол меҳнат қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга ризқ ва барака беради. Шариатимизда ҳам мўминлар ҳалол, ўз касбидан ҳаёт кечиришга тарғиб қилинган. Ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одам боласи ейдиган таомдан Аллоҳга киши қўли билан касб қиладиганидан маҳбуброғи йўқдир. Албатта, биродарим Довуд қўли билан қилган касбидан ер эди”.
Ислом дини меҳнат кишисини жуда юксак даражага кўтаради, ўз ризқини топиш учун қилган ҳаракатини ибодат қаторида ҳисоблайди. Имом Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қўл меҳнатидан чарчаб кунни кеч қилса, уни гуноҳлари кечирилган ҳолда кеч қилибди”, деганлар.
Касб-ҳунарни қадрлаб, меҳнатни ҳаётий зарурат деб билишга чақирувчи таълимлардан бири сифатида Пайғамбаримиздан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтиришимиз мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши тиланчилик қилиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан сўрадилар: “Уйингда бирор нарсанг борми?” У жавоб берди: “Ҳа, бор. Баъзисини остимизга солиб, баъзисини кечаси устимизга ёпадиган ёпинчиғим ва сув ичадиган бир идишимиз бор”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икковини келтир!”. У киши айтган нарсаларни олиб келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирилган нарсаларни қўлларига олдилар ва саҳобалардан сўрадилар: “Буларни ким сотиб олади?” Саҳобалардан бири: “Мен уларни бир дирҳамга оламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча бор: “Ким бунинг устига зиёда қилади”, дедилар. Бошқа бир саҳоба: “Мен уларни икки дирҳамга оламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки нарсани саҳобага бердилар ва ундан икки дирҳамни олиб ансорийга узатар эканлар: “Бир дирҳамга овқат сотиб олиб, аҳли аёлингга олиб бор ва қолган бир дирҳамга болта сотиб ол-да, менга олиб кел”, деб амр қилдилар.
У одам буйруқни бажариб, болта сотиб олиб, ҳузурларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан болтага соп ясадилар ва уни ансорийнинг қўлига бердилар-да: “Энди бориб ўтин йиғиб, уни сот, ўн беш кун сени кўрмайин”, дедилар. Ансорий шу кунлар ичида ўтин йиғиб, уни сотиб, ўн беш дирҳамга эга бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу маблағнинг бир қисмига овқат харид қил, бир қисмига кийим-кечак сотиб ол”, дедилар. Сўнгра марҳамат қилиб айтдилар: “Бундай қилишинг сенга ярашади. Тиланчилик қилишинг қиёмат куни юзингда доғ бўлади”.
Ҳалол меҳнат инсонни дунё ва охиратда азиз ва мукаррам қилади, боқиманда бўлишдан сақлайди. Ҳалол меҳнат қилган инсон таъмадан йироқ бўлади, тинч ва осойишта ҳаёт кечиради.
Ислом дини ризқ инсоннинг тақдирида белгилангани, ундан зиёди бандага етиб келмаслигини таъкидласа-да, уни ҳалол, покиза йўл билан талаб қилишга, ризқ учун саъй-ҳаракат этишга буюради. Аллоҳ таоло: “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз”, деган (“Жума” сураси 10-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло мусулмонларни ер юзида ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳнинг фазлидан талаб қилиш, деб номламоқда.
Меҳнатга лаёқатсизларга кўмак бериш зарурати
Ислом дини имкони бор кишиларни ишлашга, ўзи ва оиласи учун етарли даражада ризқ топишга буюради. Ишлашга имконияти йўқ, бисотида эҳтиёжини қоплайдиган маблағга эга бўлмаган кишиларга бой қариндошларини бириктириб қўяди ва уларга нафақа мажбуриятини юклайди. Лекин ҳамма камбағалнинг ҳам бой қариндоши бўлавермайди. Ислом дини бундай чорасизларни ҳам назардан четда қолдирмаган. Аллоҳ таоло бой кимсаларга мол-дунёларидан камбағаллар ҳақини беришга буюрган. У закот дейилади.
Закот камбағалликка қарши курашади, мусулмонлар ўртасидаги биродарлик муносабатларини яхшилайди, уларда сахийликни тарбиялайди, қалбни бахиллик ва хасисликдан тозалайди, мол-мулкни зиёда қилади ва турли кулфатлардан сақлайди. Аллоҳнинг марҳаматидан умид қилган ва одобнинг юқори чўққиларини эгалламоқчи бўлган ҳар бир мусулмон ўзига берилган неъматларни муҳтожлар билан бўлишишни билиши лозим. У ўзгаларга фойда келтириб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришишга ҳаракат қилмоғи керак. Закот бериш миннатдорлик ва шукроналикни изҳор қилишдир. Бунинг учун Аллоҳ ўз неъматларини янада зиёда қилади.
Давлат, жамият ва инсонлар куч-қудратини камбағалликни кетказиш йўлида ишга солиб, ўзаро бирдамликда ҳаракат қилса, фақир ва муҳтожлар қолмайди. Жамият тинчлик, фаровонлик ва ўзаро бирдамликда яшайди. Шундай экан, Президентимизнинг қамбағалликни қисқартириш бўйича билдирган ташаббуслари атрофида бирлашиб, кам таъминланганларга кўмак кўрсатсак, уларнинг бахтли ва фаровон яшаши учун ҳиссамизни қўшсак, ўйлайманки, Аллоҳ таоло зиммамизга юклаган инсонийлик бурчимизни адо этган бўламиз.
Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
"Янги Ўзбекистон" газетасининг
2024 йил 25 сентябрь, 195-сонидан
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, юртимизнинг жаҳон цивилизацияси бешиги сифатидаги тарихий мақоми ва нуфузини тиклаш бўйича пухта ўйланган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўтган қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги мураккаб шароитда дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган халқчил тамойилга асосланган ислоҳотлар тўғри эканлигидан далолат бермоқда.
Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш, диний-маърифий соҳадаги эзгу ғоя ва ташаббусларни халқ манфаатларидан келиб чиқиб изчил давом эттириш мақсадида қарор қиламан:
I. Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари
1. Қуйидагилар фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги фаолиятни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
а) жамиятда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлашга оид илғор механизмларни жорий этиш;
б) илм-фан ва жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларнинг инсонпарварлик, эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик каби умуминсоний ва олийжаноб ғояларга асосланган диний-фалсафий меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этиш;
в) диний-маърифий соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш орқали замон талабларига мос мутахассисларни етиштириш;
г) аҳоли орасида бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат руҳини кучайтириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган долзарб илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;
д) диний-маърифий соҳадаги халқаро ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда самарадорлигини ошириш.
2. Диний-маърифий соҳа фаолияти ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Жамиятда виждон эркинлигини кафолатлаш, диний бағрикенглик, фуқаролараро тотувлик ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Бағрикенг жамият – барқарор давлат” тамойили асосида Дин ишлари бўйича қўмита билан (кейинги ўринларда – Қўмита) Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг янги ҳамкорлик тизими йўлга қўйилсин.
Қуйидагилар ҳамкорлик тизимининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
а) диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, асосий вазифалари ва принципларини қатъий амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш;
б) фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини таъминлаш, жамиятда турли диний конфессиялар вакилларининг ўзаро аҳил-иноқ ва ҳамжиҳат ҳаёт кечиришини қўллаб-қувватлаш;
в) Ўзбекистон аҳолисининг дини, эътиқоди, миллий мансублиги, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқара олишини таъминлаш;
г) динга бўлган муносабатидан келиб чиқиб устунлик бериш, камситиш ва виждон эркинлиги кафолатлари бузилишининг бошқа ҳар қандай кўринишларининг олдини олиш.
Қўмита бир ой муддатда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда ҳамкорлик тизимининг механизмларини белгиловчи қўшма қарорни тасдиқласин.
II. Диний-маърифий соҳанинг институционал асосларини такомиллаштириш
4. Фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш жараёнида ортиқча бюрократик тартиботларни бартараф этиш мақсадида Қўмита ва Рақамли технологиялар вазирлиги 2025 йил 1 сентябрга қадар “Ҳаж ва Умра ягона портали”ни (кейинги ўринларда – Портал) ҳамда унинг мобил иловасини ишлаб чиқсин.
Белгилансинки:
а) Портал “Ҳаж” тадбирларига борувчи фуқароларнинг ягона электрон навбати ҳамда “Умра” тадбирларига юбориладиган зиёратчиларнинг электрон рўйхати шакллантириладиган тизим ҳисобланади;
б) Порталда “Ҳаж” ва “Умра” фаолияти тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнлар рақамлаштирилади;
в) вазирлик ва идоралар Қўмита сўровига кўра ўзининг ахборот тизимлари Порталга интеграция қилинишини таъминлайди;
г) Қўмита Портал фаолиятини молиялаштиришга, техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, алоқадор давлат ва нодавлат ташкилотлар учун фойдаланиш имкониятини яратишга масъул давлат органи ҳисобланади;
д) Қўмита “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензиясига эга юридик шахслар ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Порталдан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.
5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Қўмитанинг Ўзбекистон халқаро ислом академиясини Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси (кейинги ўринларда – Академия) этиб қайта номлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Академия исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассисларни ҳамда ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилансин.
6. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
а) исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш;
б) таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;
в) виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
г) диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, интернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш;
д) талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;
е) мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.
7. Академияга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
а) ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган юқори малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилаш;
б) Қўмита билан келишган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини тегишли йўналиш ва мутахассисликлар бўйича давлат олий таълим муассасаларида белгиланган базавий тўлов-контракт қийматидан уч баравардан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш;
в) талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;
г) етук хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда Академия вакилларини хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига малака ошириш ва тажриба орттириш учун юбориш;
д) ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш.
8. Белгилансинки, Академияга ўқитишнинг тўлов-контракт шаклидан тушадиган маблағларнинг етишмаган қисми давлат олий таълим муассасаларини сақлаш учун ажратилган маблағлар доирасида тасдиқланган бюджет параметрларига тегишли ўзгартириш киритиш орқали қопланади.
9. Қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказини Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти (кейинги ўринларда – Институт) сифатида қайта ташкил этиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
а) Институт исломшунослик, диншунослик, давлат ва дин муносабатлари асослари, шунингдек, радикаллашувнинг олдини олиш йўналишларида диний соҳада мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга масъул муассаса ҳисобланади;
б) барча таълим ташкилотларининг исломшунослик ва диншунослик фанлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш Институт томонидан амалга оширилади;
в) таълим жараёни сифатини ошириш ҳамда таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида Институт сўровига асосан дарсларга тегишли вазирлик, идора, илмий-тадқиқот ва таҳлил марказларининг раҳбар ходимлари ва мутахассислари жалб этилади;
г) Институт қайта ташкил этилаётган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
10. Академияга қарашли Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Зарбулоқ кўчаси, 14-уй манзили бўйича жойлашган ётоқхона биноси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Институтга бепул ўтказилиши таъминлансин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу бинони сақлаш учун Ўзбекистон халқаро ислом академиясига 2025 йил учун ажратилган бюджет маблағларининг қолдиқ қисмини Институтга ўтказиб берсин, 2026 йилдан бошлаб эса бинони сақлаш билан боғлиқ харажатларни Институтнинг харажатлар сметасида режалаштириб борсин.
11. Қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ва қуйидагиларни унинг асосий вазифалари этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
а) буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш;
б) тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғибқилиш;
в) нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;
г) тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилиш, сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
12. Қўмита ва Академиянинг Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази исломшунослик йўналишидаги илмий тадқиқотларни ҳамда дин билан боғлиқ жараёнлар бўйича таҳлилларни амалга оширувчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилансин.
13. Қуйидагилар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг қўшимча вазифалари этиб белгилансин:
а) Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби буюк аллома аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш, жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини халқимиз, айниқса, ёшларга етказиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ҳудудида рўй берган Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг илмий-назарий асосларини тадқиқ этиш ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётининг маънавий пойдеворини яратишда иштирок этиш;
б) ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;
в) диний таълим муассасаларига илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда ҳамда педагог кадрлар ва диний ходимларнинг малакасини ошириб боришда амалий ёрдам кўрсатиш;
г) ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асрашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш.
14. Диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириб бориш мақсадида доимий асосда фаолият кўрсатувчи Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи кенгаш) ташкил этилсин ва унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки:
а) Мувофиқлаштирувчи кенгаш диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи ҳисобланади;
б) Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи вазифасини Қўмита амалга оширади;
в) Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Академия ва бошқа диний-маърифий муассасаларнинг таълим ва илмий-тадқиқотга оид фаолияти мувофиқлаштирилади;
г) Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлислари ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.
15. Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
а) “Учинчи ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғояси асосида буюк аждодларимиз илмий меросида улуғланган ватанпарварлик, бағрикенглик каби умуминсоний ғояларни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш йўналишларини белгилаш;
б) диний-маърифий соҳадаги муассасалар фаолиятини чуқур ўрганиб бориш, ўқув-тарбия жараёнига илғор ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялар, инновацион ишланмаларни татбиқ этиш ҳамда илмий ва услубий фаолиятини мувофиқлаштириш;
в) соҳа ташкилотларида тўпланган илмий-услубий ишланмалар ва тажрибаларни таҳлил этиш асосида улардаги таълим мазмунини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш, ўқув режа ва фан дастурларини ишлаб чиқишда узвийлик тамойилларини таъминлаш;
г) республиканинг барча таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида бажариладиган диний мавзудаги тадқиқотлар (диссертациялар)нинг мавзу ва йўналишларининг аҳамияти, долзарблиги юзасидан тегишли тавсияларни бериш.
III. Диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш
16. Республикада истиқомат қилувчи турли дин вакилларининг Янги Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик ҳиссини ошириш, жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Қўмитанинг Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш (кейинги ўринларда – Кенгаш) фаолиятини такомиллаштириш ҳақидаги таклифига розилик берилсин. Бунда қуйидагилар инобатга олинсин:
а) Кенгаш таркибига сиёсий арбоблар, жамоатчилик фаоллари, диншунос олим ва мутахассисларни кузатувчи сифатида киритиш;
б) Кенгашга диний конфессияларнинг муаммолари бўйича давлат ва нодавлат ташкилотларга сўров, мурожаат ва тавсиялар юбориш ҳуқуқини бериш;
в) Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ҳудудий кенгашлар ташкил этиш;
г) Кенгаш томонидан турли конфессияларга оид диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари ўртасида спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш.
Кенгашнинг янгиланган таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
IV. Фармон ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш
17. Қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Д.Тошбоев белгилансин.
Фармон ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Қ.Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2025 йил 21 апрель