Ўзбекистондаги ислоҳотларда инсон қадри, унинг манфаатлари эътибор марказида, халқимиз фаровонлиги ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш давлатимизнинг бош мақсадига айланган. Энг муҳими, ижтимоий-иқтисодий ўсиш ва ўзгаришлар ҳар бир юртдошимиз турмуш тарзида ифодасини топмоқда. Ислоҳотларнинг асл мақсади халқимизнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини вақтида ва самарали ҳал этиш, одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашдан иборат.
Кейинги йилларда кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида халқимизнинг ижтимоий ҳаёти, турмуш тарзи яхшиланиб бормоқда. Халқпарвар сиёсатнинг илк самараси энг чекка ҳудудлар, хонадонлар, юртдошларимиз ҳаётида аксини топмоқда. Аммо бу жараёнларда жойларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳам мавжудлиги сир эмас.
Камбағаллик Ўзбекистонда кўп йиллар ёпиқ мавзу бўлиб келди. Давлатимиз раҳбари 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда очиқ-ойдин гапирди ва тарихда биринчи марта камбағалликни қисқартиришни устувор вазифа сифатида белгилади. Шундан буёе камбағалликни қисқартириш бўйича тизимлар ишлар қилинмоқда.
Бу борада илғор хорижий тажриба ўрганилиб, камбағалликни қисқартиришга қаратилган миллий дастурлар ишлаб чиқилди. Масалан, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” дастурлари ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби манзилли дастурлар аҳолининг камбағал қатламини қўллаб-қувватлашда муҳим чоралар бўлди.
Жорий йил 11 сентябрь куни Президентимиз камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Унда берилган топшириқлар асосида энди мутасаддилар энг оғир маҳаллалардаги ночор оилаларга бориб, ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганади, камбағалликдан чиқариш чораларини кўради. Давлатимиз раҳбари камбағалликка тушиш сабаблари ҳар хил экан, ечими ҳам алоҳида-алоҳида бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди.
Йиғилишда камбағалликни қисқартириш бўйича кейинги йиллар учун “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тайёрланаётгани, унда еттита имконият ва масъулият тамойили асосида Ўзбекистоннинг навбатдаги янги ёндашувлари белгилаб берилиши маълум қилиниб, бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланиши айтилганди. Бу борада мутасаддиларга ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, улардаги “камбағал оилалар портрети”ни ишлаб чиқиш, камбағал оила бўйича индивидуал дастур яратиш, унда ҳар бир вазирликнинг вазифасини аниқ кўрсатиш каби вазифалар белгиланганди.
Шу каби вазифалар ижроси доирасида 23 сентябрда Президентимизнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси ҳамда 2024–2025 йилларда аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг йўналишлар ва ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Умуман, ҳужжатдан 2024 йил 1 ноябргача энг оғир аҳволдаги мингта маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш дастури, 1 декабргача эса тадбиркорлик фаолияти ҳамда аҳолининг барча қатламларига яшаш ва дам олиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 2024–2025 йилларда туман ва шаҳарларни жадал комплекс ривожлантириш, жумладан, уларда камида биттадан маҳаллада “яшил маҳалла” лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи дастурлар тасдиқланиши кабилар ўрин олганки, бу шубҳасиз, ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимиз исломда ҳам инсон, шахс манфаати биринчи ўринга қўйилади. Зотан, ислом динининг асл моҳияти инсон манфаатларини қадрлаш, уни юксак мақомга олиб чиқишдир. Қуръони каримнинг қатор ўринларида бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Ислом инсон учун лозим бўлган маънавий ва моддий манфаатлар уйғунлигини ўзида мужассам эта олган диндир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Исро” сурасида: “Батаҳқиқ, Биз бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик” (70-оят), деган.
Камбағаллик ва бойлик ҳақида динимизда нима дейилган?
Кишиларда бойлик ва камбағаллик ҳақида бироз хато тушунча бор. У ҳам бўлса, бойликни Аллоҳ тарафидан берилган иззат-икром, Аллоҳ розилигининг аломати, деб эътиқод қиладилар.
Аксинча, камбағалликни Аллоҳ тарафидан хуш кўрмаганлик аломати, деб тасаввур қиладилар. Аслида ундай эмас. Аллоҳ таоло молу дунё, бойликни яхши кўрган бандасига ҳам, ёмон кўрган бандасига ҳам бераверади, шунингдек, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ризқини тор қилиб қўйиши мумкин. Бойлик Аллоҳ таоло тарафидан бўлган иззат-икром эмас, балки имтиҳон-синовдир, шунингдек, камбағаллик ҳам. Синовдан мақсад эса Аллоҳ таолога итоат: банда бой бўлса, шукр қилиб, бойликни Аллоҳ таоло кўрсатган йўлга сарфлайдими, йўқми? Ёки камбағал бўлса, сабр қиладими, йўқми?
Бойлик афзалми ёки фақирликми, деган саволга буюк мутакаллим, аҳли суннат вал жамоат раисларидан бири Абу Муин Насафий (р.ҳ.) “Баҳрул калом” асарида жавоб берган: Бойлик фақирликдан афзалдир.
Уламолар айтишганки, сабрли камбағал шукр қилувчи бойдан кўра яхшироқ. Фақиҳ Абул Лайс (р.ҳ.) мана шу фикрни олган. Олимлар сабрли камбағал инсоннинг бахил, исрофгар бойдан кўра яхшироқ эканига иттифоқ қилган.
Ризқ учун саъй-ҳаракат қилиш динимиз талаби
Уламолар: “Агар кишининг куч-қуввати бўлса, касб-кор қилиш унга рухсат, агар унинг қуввати бўлмаса, касб қилиш суннат, агар болалари ва оиласи бўлиб, уларга муҳтож бўладиган бўлса, касб-кор қилиш фарздир”, дейдилар.
Пайғамбар (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадиси шариф ҳам бунга далолат қилади: “Кимки дунёни ҳалол ҳолда, тиланчиликдан сақланган, аҳли оиласига ҳаракат қилган, қўшнисига яхшилик истаган ҳолда талаб қилса, қиёмат кунида юзи худди тўлин ой кечасидаги Ой каби бўлиб келади. Кимки дунёни фахрланиш ва кўпайтириш мақсади билан талаб қилса, Аллоҳ таоло унга ғазабланган ҳолда йўлиқиб, қиёмат кунида маҳшаргоҳга келади”.
Президентимиз таъкидлаганидек, камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун камбағал оила аъзоларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш жуда муҳим. Баъзида камбағалликка ишёқмаслик, дангасалик ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бундай оилалар ёки фуқароларга давлат ва саховатпеша ҳомийлар томонидан бир-икки маротаба ёрдам берилиши мумкин.
Лекин “Қўлдан берганга қуш тўймас”, деган гап бор. Шу боис, яратилган имкониятдан тўлиқ фойдаланган ҳолда камбағал, кам таъминланган оилага пул эмас, балки пул топиш имконияти яратиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ўша фуқаро учун ҳам, давлат ва жамият учун ҳам фойдалидир.
Аҳолини камбағалликдан чиқариш учун уларни иш билан таъминлаш, иш ўринларини яратиш, ер ажратиш чоралари кўрилмоқда. Ҳар бир киши ҳалол меҳнат қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга ризқ ва барака беради. Шариатимизда ҳам мўминлар ҳалол, ўз касбидан ҳаёт кечиришга тарғиб қилинган. Ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одам боласи ейдиган таомдан Аллоҳга киши қўли билан касб қиладиганидан маҳбуброғи йўқдир. Албатта, биродарим Довуд қўли билан қилган касбидан ер эди”.
Ислом дини меҳнат кишисини жуда юксак даражага кўтаради, ўз ризқини топиш учун қилган ҳаракатини ибодат қаторида ҳисоблайди. Имом Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қўл меҳнатидан чарчаб кунни кеч қилса, уни гуноҳлари кечирилган ҳолда кеч қилибди”, деганлар.
Касб-ҳунарни қадрлаб, меҳнатни ҳаётий зарурат деб билишга чақирувчи таълимлардан бири сифатида Пайғамбаримиздан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтиришимиз мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши тиланчилик қилиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан сўрадилар: “Уйингда бирор нарсанг борми?” У жавоб берди: “Ҳа, бор. Баъзисини остимизга солиб, баъзисини кечаси устимизга ёпадиган ёпинчиғим ва сув ичадиган бир идишимиз бор”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икковини келтир!”. У киши айтган нарсаларни олиб келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирилган нарсаларни қўлларига олдилар ва саҳобалардан сўрадилар: “Буларни ким сотиб олади?” Саҳобалардан бири: “Мен уларни бир дирҳамга оламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча бор: “Ким бунинг устига зиёда қилади”, дедилар. Бошқа бир саҳоба: “Мен уларни икки дирҳамга оламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки нарсани саҳобага бердилар ва ундан икки дирҳамни олиб ансорийга узатар эканлар: “Бир дирҳамга овқат сотиб олиб, аҳли аёлингга олиб бор ва қолган бир дирҳамга болта сотиб ол-да, менга олиб кел”, деб амр қилдилар.
У одам буйруқни бажариб, болта сотиб олиб, ҳузурларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан болтага соп ясадилар ва уни ансорийнинг қўлига бердилар-да: “Энди бориб ўтин йиғиб, уни сот, ўн беш кун сени кўрмайин”, дедилар. Ансорий шу кунлар ичида ўтин йиғиб, уни сотиб, ўн беш дирҳамга эга бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу маблағнинг бир қисмига овқат харид қил, бир қисмига кийим-кечак сотиб ол”, дедилар. Сўнгра марҳамат қилиб айтдилар: “Бундай қилишинг сенга ярашади. Тиланчилик қилишинг қиёмат куни юзингда доғ бўлади”.
Ҳалол меҳнат инсонни дунё ва охиратда азиз ва мукаррам қилади, боқиманда бўлишдан сақлайди. Ҳалол меҳнат қилган инсон таъмадан йироқ бўлади, тинч ва осойишта ҳаёт кечиради.
Ислом дини ризқ инсоннинг тақдирида белгилангани, ундан зиёди бандага етиб келмаслигини таъкидласа-да, уни ҳалол, покиза йўл билан талаб қилишга, ризқ учун саъй-ҳаракат этишга буюради. Аллоҳ таоло: “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз”, деган (“Жума” сураси 10-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло мусулмонларни ер юзида ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳнинг фазлидан талаб қилиш, деб номламоқда.
Меҳнатга лаёқатсизларга кўмак бериш зарурати
Ислом дини имкони бор кишиларни ишлашга, ўзи ва оиласи учун етарли даражада ризқ топишга буюради. Ишлашга имконияти йўқ, бисотида эҳтиёжини қоплайдиган маблағга эга бўлмаган кишиларга бой қариндошларини бириктириб қўяди ва уларга нафақа мажбуриятини юклайди. Лекин ҳамма камбағалнинг ҳам бой қариндоши бўлавермайди. Ислом дини бундай чорасизларни ҳам назардан четда қолдирмаган. Аллоҳ таоло бой кимсаларга мол-дунёларидан камбағаллар ҳақини беришга буюрган. У закот дейилади.
Закот камбағалликка қарши курашади, мусулмонлар ўртасидаги биродарлик муносабатларини яхшилайди, уларда сахийликни тарбиялайди, қалбни бахиллик ва хасисликдан тозалайди, мол-мулкни зиёда қилади ва турли кулфатлардан сақлайди. Аллоҳнинг марҳаматидан умид қилган ва одобнинг юқори чўққиларини эгалламоқчи бўлган ҳар бир мусулмон ўзига берилган неъматларни муҳтожлар билан бўлишишни билиши лозим. У ўзгаларга фойда келтириб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришишга ҳаракат қилмоғи керак. Закот бериш миннатдорлик ва шукроналикни изҳор қилишдир. Бунинг учун Аллоҳ ўз неъматларини янада зиёда қилади.
Давлат, жамият ва инсонлар куч-қудратини камбағалликни кетказиш йўлида ишга солиб, ўзаро бирдамликда ҳаракат қилса, фақир ва муҳтожлар қолмайди. Жамият тинчлик, фаровонлик ва ўзаро бирдамликда яшайди. Шундай экан, Президентимизнинг қамбағалликни қисқартириш бўйича билдирган ташаббуслари атрофида бирлашиб, кам таъминланганларга кўмак кўрсатсак, уларнинг бахтли ва фаровон яшаши учун ҳиссамизни қўшсак, ўйлайманки, Аллоҳ таоло зиммамизга юклаган инсонийлик бурчимизни адо этган бўламиз.
Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
"Янги Ўзбекистон" газетасининг
2024 йил 25 сентябрь, 195-сонидан
Жаннат аҳлига ваъда қилинган абадий неъматлар ҳақида ҳам узоқ фикр эт, қалбинг умидга тўлсин. Нафсингни хавф қамчиси билан ҳайдаб, умид билан жиловла ва сиротул мустақимга йўлла. Ана шунда буюк мулкка етасан, аламли азобдан халос бўласан.
Аҳли жаннат хусусида, уларнинг юзларида акс этган неъматлар жилваси, мушк билан муҳрланган май ила қондирилишлари ҳақида ўйлаганмисан?! Жаннат аҳли оқ дурдан тикилган чодирлар ичида, қизил ёқутдан бўлган минбарларда, яшил болишлар ва гиламлар устида, май ва асал оқаётган дарёлар бўйида қурилган сўриларда ястаниб ўтирурлар. Уларнинг атрофида хизматга ҳозир ғуломлар ва ҳеч қачон қаримайдиган болалар бўлур. Жаннат оҳу кўзли, хушхулқ ва гўзал юзли аёллар билан зийнатланган. Ёқут ва маржондек нафис бу бокираларга илгари на бир инс ва на бир жин тегинган...
Уларнинг эгнидаги оппоқ ипак кўзларни қамаштиради. Бошларидаги инжу ва маржонлар қадалган тожлари ундан-да нурафшон. Ишвалари сокинлик ва осудалик билан безанган юзлар қариб қолиш каби ноқисликлардан холи. Улар жаннат боғчаларининг ўртасида ёқутдан бунёд этилган чодирда ёлғиз бўлурлар.
Уларнинг ҳузурида борлиғи ҳаё билан тўсилган мусаффо оҳу кўз ҳурлар бор. Устларида эса мангу ёш болалар оқар чашмадан қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар. Яна улар учун худди садаф ичида яшириб қўйилган гавҳар мисоли оҳу кўз ҳурлар бордир. Бу ҳурлар жаннат аҳлининг дунё ҳаётида қилиб ўтган солиҳ амалларининг мукофотидир. Улар жаннатнинг чашмалар, дарёлар оқиб турган эмин мақомида, Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда Маликул Карим Парвардигорининг жамолига боқадилар. Уларнинг юзларида неъматлар жилваси порлайди. Уларга на бир заифлик, на бир хорлик етади. Балки улар Парвардигори томонидан ёғдирилаётган турли неъматлардан бахтиёр, ўзлари истаган масканда абадий қолгувчидирлар. Уларга у ерда на бир хавф, на бир ҳазинлик етмас, балки балою фалокатлардан омондадирлар.
Улар жаннат таомларидан ейдилар. Сут, май, асал тўла дарёлардан ичадилар. У дарёларнинг ерлари кумушдан, тошлари маржон, тупроғи мушк, ўтлари заъфарондир. Қуюқ кофур аралашган оқ атиргул сувларига тўла булутлардан ёмғирлар ёғади. Жаннат аҳлига асли кумушдан бўлган, дур, ёқут, маржонлар билан зийнатланган қадаҳлар, шунингдек, ичида муҳрланган май, аралашмаси чучук салсабил бўлган майкосалар келтирилади. У майкосалардан нур порлайди. Уларнинг софлиги шу даражадаки, майнинг майинлиги ва қирмизи рангги косанинг ташқари томонидан билиниб туради. Чунки, бу одамзоднинг санъати эмас, у бундай гўзалликдан ожиз. Майкосалар чеҳрасидан нур ёғилаётган ходимлар кафтида (жаннат аҳлига узатилган ҳолда) туради.
Ҳа, ходимларнинг нур порлаётган юзлари қуёшга ўхшайди, фақат, у юзлардаги ҳаловат, у кўзлардаги ҳусну малоҳат қуёшда не қилсин!
Ажабо! Охират диёрининг бу сифатларига, бу диёр аҳлининг ўлмаслигига ва жаннат аҳлининг кутилмаган ўзгариш, офат-балолардан омонда эканлигига аниқ ишонган киши, қандай қилиб, охири харобаликка юз тутувчи бу ўткинчи дунёни ўзига дўст билиши мумкин?! Қандай қилиб, у диёр лаззатини, бу дунё лаззатига алмаштириш мумкин?!
Аллоҳга қасамки, агар жаннатда сиҳат-саломатлик билан бирга ўлим, очлик, ташналик каби офатлардан омонлик бўлса-ю, бошқа ҳеч нарса бўлмаса, фақат шу сабабнинг ўзи ҳам бу дунёдан юз ўгиришга арзийди. Нега энди охират диёри бу дунёдан устун қўйилмасин? Ахир, жаннат аҳли ҳар қандай хавфдан омон подшоҳлардир. Улар турли-туман неъматлар ичида шод-хуррам, хоҳлаган неъматлари олдида муҳайё! Улар ҳар куни Арш ёнида ҳозир бўлиб, Аллоҳнинг дийдорига назар соладилар...
Абу Ҳурайра Расули акрам алайҳиссаломнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Мунодий нидо қилади: "Эй жаннат аҳли! Энди сиз ҳамиша соғломсиз, ҳеч қачон дардга чалинмайсиз, ҳамиша тириксиз, ҳеч қачон ўлмайсиз. Доимо ёшсиз, ҳеч қачон қаримайсиз. Албатта, сиз саодатли бўласиз, ҳеч қачон бахтсизликка йўлиқмайсиз"» (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло дейди: «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир» (Аъроф, 43-оят).
Жаннат сифатлари билан танишмоқчи бўлсанг, Қуръон ўқи. Жаннат ҳақида Аллоҳ таолонинг баёнидан улуғроқ баён борми?!
«Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни, Парвардигор олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон, 46) оятидан то сура охиригача, шунингдек, Воқеа ва бошқа сураларни ҳам ўқи, жаннат ҳақидаги хабарларнинг тафсилотига боқ! Аввало, жаннатнинг сони билан боғлиқ жиҳатларга эътиборингни қарат. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Раҳмон сурасидаги «Парвардигори (ҳузурида) туришидан қўрққан киши учун икки жаннат бордир» ояти хусусида дейдилар: «Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари кумушдан. Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари олтиндан. «Адн» дейилмиш мангу жаннатда аҳли жаннат ва Парвардигорининг орасида кибриё ридосигина бўлур» (Муттафақун алайҳ).
Кейин жаннат эшикларини тасаввур қил. Уларнинг сони тоатингга яраша. Яъни, қайси мўминнинг Аллоҳ таолога итоати кўп бўлса, унга очиладиган жаннат эшиклари ҳам шунчалик кўп бўлади. Жаҳаннам эшикларининг сони ҳам кишининг маъсиятига мувофиқ бўлади. Яъни, инсон Аллоҳ таолога қанча кўп итоатсизлик қилса, унга шунча кўп дўзах эшиклари очилади.
Абу Ҳурайра Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Кимки Аллоҳ йўлида ўз молидан бир жуфт нарсани инфоқ қилса, у жаннатнинг барча эшикларидан чорланади. Жаннатнинг саккизта эшиги бор. Кимки аҳли намоз бўлса, «Бобус солат» (Намоз эшиги)дан, рўза аҳли «Бобус сиям» (Рўза эшиги)дан, аҳли садақа бўлса, «Бобус садақа» (Садақа эшиги)дан, аҳли жиҳод бўлса, «Бобул жиҳод» (Жиҳод эшиги)дан ичкарига чорланади». Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳга қасамки, бу эшикларнинг биттасидан чақирилган киши нажот топади. Жаннат эшикларининг барчасидан чорланадиган киши ҳам борми?
– Ҳа, сен ўшалардан бири бўлишингни умид қиламан, дедилар Набий алайҳиссалом» (Муттафақун алайҳ).
Осим ибн Замра Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилади: «Ҳазрати Али дўзахни эслатди. Шундай бир қўрқинч билан эслатдики, унинг даҳшатидан ҳозир қўрқинчдан бошқаси хотиримдан кўтарилди. Кейин шу оятни ўқиди: «Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга киритиладилар. Қачонки улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» деганларида (улар беҳад шодланурлар)» (Зумар, 73-оят).
Сўнгра кейинги чашмага бориб, у билан покланадилар. Уларга неъматлар жилваси ёғилади. Бадандаги туклардан мудом хуш бўйлар таралади. Сочлар гўё атирли мой сурилгандек бир текис, тартибли. Кейин улар жаннатга етиб келадилар. Жаннат қўриқчилари уларга: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» – дейишади.
Сўнг вилдон – мангу ёш болалар уларни қарши олишиб, атрофида айланишади, бамисоли, дунё болалари узоқ вақт кўрмаган яқинларини соғинч билан кутиб олиб, атрофида айланишганлари каби. Улар аҳли жаннатга: «Қувонинг, шодланинг! Қаранг, Аллоҳ таоло сизга шунчалик неъматни ато қилибди!» – дея суюнчилашади».
Ровий дейди: «Мангу ёш болалардан бири жаннат аҳли завжаларидан бўлган оҳу кўз ҳурлардан бирига: «Фалончи келди!» деб у жаннатийнинг дунёда чақирилган исмини айтади. Шунда оҳу кўз ҳур:
– Сен уни аниқ кўрдингми? – деб сўрайди.
– Ҳа, аниқ кўрдим, мана у изимдан келяпти, – дейди у. Ўшанда у ҳур севинчдан шу даражада енгиллашиб кетадики, бир зумда жаннат эшиги бўсағасида ҳозир бўлади. Жаннатий банда ўз масканига етиб, маржонлардан иборат соҳил устига қурилган қизил, сариқ, яшил каби турфа рангда товланаётган кўшкка назари тушади. Бошини кўтариб, чақмоқдан чақнаётган кўшкнинг шифтига аста қарайди. Агар Аллоҳ таолонинг тақдири бўлмаганида бу ёрқинлик унинг кўзини кўр қилган бўлар эди. Кўзини шифтдан олар экан, қошида завжаларини, булоқ бўйига қўйилган қадаҳларни, тизиб қўйилган ёстиқларни ва тўшалган гиламларни кўради. Сўнгра уларга суяниб: «...Бизларни бу (неъматларга) йўллаган Зот-Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик...» – дейди (Аъроф, 43-оят).
Кейин мунодий нидо қилади: «Мангу ҳаётсиз, ҳаргиз ўлмайсиз. Доимо бунда муқимсиз, ҳеч қачон кетмайсиз. Ҳамиша саломатсиз, ҳеч қачон хасталанмайсиз».
Расули акрам алайҳиссалом дедилар: «Қиёмат куни жаннат эшиги олдида ҳозир бўламан, унинг очилишини сўрайман. Шунда жаннат қўриқчилари:
– Ким у? – дейди.
– Муҳаммад! – дейман.
– Сиздан олдин бирорта кишига эшикни очмасликка буюрилган эдим, – дейди у» (Муслим ривояти).
Жаннатдаги кўшклар, у ерда даражаларнинг фарқланиши тўғрисида ҳам фикр эт. Чунки, охират даража жиҳатидан энг юксак, афзаллиги жиҳатидан энг улуғ мезондир. Одамлар тоатларнинг зоҳирий кўринишида ва ботиний хулқда бир-биридан фарқлангани каби амалларига кўра тақдирланишда ҳам фарқланадилар. Агар юксак даражаларни кўзлаётган бўлсанг, жидду жаҳд қил, токи Оллоҳ таолога итоат қилишда ҳеч ким сендан ўзиб кетолмасин. Ахир, Оллоҳ таоло айни шу майдонда сенга мусобақа ва рақобатни буюрган-ку!
«(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Оллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ер кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз...» (Ҳадид, 21-оят).
«У (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, баҳслашгувчи – мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар – мусобақа қилсинлар» (Мутаффифун, 26-оят).
Ажабо! Яқинларинг ё қўшниларингдан бирортаси бойиб кетса ёки иморатини баланд қилиб кўтарса, сиқиласан, қийналасан. Ҳасад туфайли ҳаётинг аччиқ зардобга айланади. Лекин энг олий қароргоҳда, жаннатда шундай яқинларинг ёки қўшнилар борки, улар ўз фазилатлари билан аллақачон сендан ўзиб кетди. Бу фазилатларга дунё ва ундаги жамики нарсалар ҳам бас келолмайди.
Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Устма-уст, даражама-даража жойлашган кўшк аҳли жаннатийларга, бамисоли узоқ уфқларда мағрибу машриққа сочилиб, бир-бири билан мусобақалашаётган юлдузлардек бўлиб кўринади.
– Эй Оллоҳнинг расули, улар пайғамбарлардан ўзгаси етолмайдиган манзилми? – дея сўрашди.
– Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у Оллоҳга иймон келтирган ва мурсалларни тасдиқлаган кишиларнинг манзилларидир» (Муттафақун алайҳ).
Расули акрам бу ҳақда яна шундай деганлар: «Жаннатдаги баланд даража эгаларини улардан қуйидагилар худди осмон уфқларида порлаган юлдузларни кўргандай кўрадилар. Абу Бакр ва Умар шулардандир...» (Термизий ривояти).
Жобир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом бизга:
– Сизларга жаннат кўшкларининг хабарини берайми? – дедилар.
– Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, хабарини беринг, – дедик.
– Жаннатда ҳамма томони гавҳардан бунёд қилинган кўшклар бор. Бу кўшклар шу даражада шаффофки, ташқарисидан ичи, ичидан ташқариси кўриниб туради. Кўшк ичкарисида на кўз кўрган, на қулоқ эшитган, на инсон хотирига келган бир неъмат, туганмас лаззат, адоқсиз сурур бор, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, бу кўшклар ким учун ҳозирланган? – сўрадим.
– Шундай бир киши учунки, у саломни ёяди, таом едиради, давомли рўза тутади, тунда одамлар уйқуга ғарқ пайтда намоз ўқийди, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, буларни ким бажара олади? – дедик.
– Умматим бу ишларни бажаришга қодир. Улар ҳақида сизларга хабар берайинми? Ким биродарига йўлиққан пайтда салом берса ё алик олса, демак у саломни ёйган бўлади. Кимки аҳли оиласини тўйгунча озиқлантирса, таом едирувчилар жумласидан бўлади. Кимки рамазон ойида ва ҳар ойнинг уч кунида рўзадор бўлса, давомли рўза тутган ҳисобланади. Кимки хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо қилса, тунда одамлар яъни, яҳудийлар, насоралар ва мажусийлар уйқуда пайтда намоз ўқиган бўлади, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Абу Наим ривояти).
Аллоҳ таолонинг: «...абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур» (Саф, 12) ояти ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди. Расули акрам дедилар: «Покиза масканлар – маржонлардан бунёд қилинган қасрлардир. Ҳар бир қасрда қирмизи ёқутдан бўлган етмишта ҳовли, ҳар ҳовлида яшил зумраддан бўлган етмишта уй, ҳар уйда бир тахт, ҳар тахтда барча ранглардан уйғун етмишта тўшак, ҳар тўшакда оҳу кўзли ҳурлардан бир жуфти ҳалол бор. Ҳар уйда етмишта дастурхон, ҳар дастурхонда етмиш хил таом бор. Ҳар уйда етмишта ходима бор. Мўмин кишига ҳар куни эрталаб шундай бир қувват бериладики, кун давомида ходимларнинг барчаси билан қўшилишга қодир бўлади» (Абу Шайх ривояти).
Абу Ҳомид Ғаззолий "Иҳё улумуд дин (Сўнгги манзил зикри)" китобидан