Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулуллоҳ! Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг!”, (Аъроф сураси, 158-оят) деган-ку!
Иймонимнинг асосий пойдеворларидан бири сизга муҳаббат қўйишдир, ё Расулуллоҳ! Ахир, сиз ўзингиз: “Сизлардан бирортангиз мен унга то ота-онаси, боласи ва барча инсонлардан кўра суюклироқ бўлмагунимча ҳаргиз комил мўмин бўла олмайди ”, дегансиз-ку! Дарҳақиқат, сиз мана шундай олий муҳаббатга лойиқсиз, ё Расулуллоҳ.
Аллоҳ таоло сизнинг зикрингизни баланд, қадрингизни олий қилди. Исмингизни Ўзининг исми ила ёнма-ён зикр қилди. Биз мўминлар фақат сиз рози бўладиган ишларни қиламиз. Ахир, Аллоҳ таоло мўминлик учун сизни рози қилишни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ! “Агар мўмин бўлсалар, рози қилишларига Аллоҳ ва Унинг Расули ҳақлироқдир” (Тавба сураси, 62-оят).
Биз сизнинг буйруғингизни иккиланмасдан, сўзсиз бажарамиз. Чунки сизнинг амрингизга хилоф қилганларни Аллоҳ таоло фитна ва аламли азоб етишидан огоҳлантирган-ку, ё Расулуллоҳ! “(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар!” (Нур сураси, 63-оят).
Биз сизга тўлиқ итоат қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло сизга бўлган итоатни Ўзига бўлган итоат билан ёнма-ён қўйган ва Ўзининг итоатига сизга бўлган итоатни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ! “Ким пайғамбарга итоат қилса, батаҳқиқ, у Аллоҳга итоат қилибди” (Нисо сураси, 80-оят).
Қиёмат куни биз ҳасрат-надомат қилмаслигимиз учун бу дунёда сизга эргашамиз, ҳеч қачон буйруғингизга хилоф иш қилмаймиз. Чунки сизга эргашмаган, итоат қилмаган ҳамда сизнинг амрингизга қарши иш қилган осийлар қиёмат куни, албатта, жуда қаттиқ пушаймон бўлишади-ку, ё Расулуллоҳ! “Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар: “Эҳ, кошки Аллоҳга итоат қилганимизда эди, Расулига итоат қилганимизда эди!”, дерлар” (Аҳзоб сураси, 66-оят).
Биз сиз танлаган йўлни танлаймиз, чунки сиз билан бир йўлни танламагани сабабли қиёмат куни золимлар ҳасрат-надомат чекишади-ку, ё Расулуллоҳ! “У кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эй, воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!”, дер. “Эй, воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмаганимда эди. Батаҳқиқ, менга зикр (Қуръон) келганидан сўнг у (гумроҳ дўст) мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир”, дер (Фурқон сураси, 27–29-оятлар).
Биз Аллоҳ таолога суюкли банда бўлишимиз учун сизга эргашамиз ва итоат қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига – сизга эргашишни ва итоат қилишни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ!. “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади”. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Айтинг: “Аллоҳ ва Расулига итоат қилинг. Агар юз ўгирсангиз, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (Оли Имрон сураси, 31–32-оятлар).
Биз ўзаро ўртамизда чиққан келишмовчиликларга сизни ва сиз олиб келган одил шариатни ҳакам қиламиз. Ахир, ўзаро чиққан келишмовчиликларга сизни ҳакам қилмагунимизча, кейин сиз чиқарган ҳукмга дилларимизда танглик топмай, бутунлай таслим бўлмагунимизча, зинҳор комил мўмин бўла олмаслигимизга Аллоҳ таоло Ўзи билан қасам ичган-ку, ё Расулуллоҳ! “Йўқ, Роббинггизга қасамки, сизни ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, сўнгра, сиз чиқарган ҳукмга дилларида танглик сезмай, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо сураси, 65-оят).
Сиз нимани келтирган бўлсангиз – оламиз, сиз нимадан қайтарган бўлсангиз – қайтамиз. Чунки Аллоҳ таоло бизга сиз келтирган нарсани олиб, сиз қайтарган нарсадан қайтишни буюрган-ку, ё Расулуллоҳ! “Пайғамбар сизларга нимани келтирса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир” (Ҳашр сураси, 7-оят).
Бизнинг Аллоҳ таолодан ва охират кунидан умидимиз бор. Шунинг учун ҳар бир ишимизда сиздан ўрнак оламиз. Ахир, Қуръони каримда Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор мўминларга намуна қилинган зот сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?! “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Жаннатда набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлишимиз учун сизнинг кўрсатмаларингизга бўйсунамиз. Ахир, Аллоҳ таоло неъматлантирган бандалар билан жаннатда бирга бўлиш башоратига сизга итоат қилиш шарт қилинган эмасми, ё Расулуллоҳ?! "Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, айнан ўшалар Аллоҳ неъматлантирган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Уларнинг ҳамроҳлари нақадар гўзалдир!" (Нисо сураси, 69-оят).
Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган зот – сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?! “Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят).
Сизга кўплаб саловатлар айтамиз. Чунки сизга саловат айтишни Аллоҳ таоло мўминларга буюрган. Ахир Аллоҳ таоло Ўзи ҳам, Унинг фаришталари ҳам сизга саловат айтишади-ку, ё Расулуллоҳ! “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг” (Аҳзоб сураси, 56-оят).
“Ва тезда Роббингиз сизга ато қилур ва сиз рози бўлурсиз” (Зуҳо сураси, 5-оят) ояти нозил бўлганда, “Ундай бўлса, умматимдан бирортаси дўзахда бўлишига рози бўлмасман”, деган зот сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?!
Макка даври ҳаёти оддий инсонлар ҳамда мазлумлар учун ибратли бўлган, Мадина даври эса ҳукм юритиш қўлида бўлган ҳокимларга раҳбарлик қилиш таълимини берган ибратли ҳаёт сизнинг ҳаётингиз эмасми, ё Расулуллоҳ?
Сиз ҳақингизда нима дей оламан, ё Расулуллоҳ? Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло раббоний, кўркам йиғилишда пайғамбарлардан аҳду паймон олиб, шундай деган: “Эсланг, Аллоҳ Набийлардан шундай аҳд олган эди: “Мен сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, эндиликда сизлардаги нарсани тасдиқловчи бир Пайғамбар (Муҳаммад) келганда, албатта, унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, – деб туриб: “Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?” деганида, улар: “Иқрор бўлдик”, дейишди. У: “Энди гувоҳ бўлинглар, мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳ бўлувчиларданман”, деди”. (Оли Имрон суарси, 81-оят).
Ё Расулуллоҳ, сиз ва менинг мисолим худди қоронғу кечада саҳрода адашиб, йўлини йўқотган, нима қиларини билмай довдираб, тушкунликка тушган, сўнгра осмонга ой чиқиб, унинг нурида ўз йўлини топиб олган кишига ўхшайди. Шунда мен хурсандлигимдан: “Эй ой, Аллоҳ қадрингни баланд, нурингни зиёда, ўзингни эса тўлин ва гўзал қилсин”, дейман.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қадрингизни баланд қилди. “Сизнинг зикрингизни юқори кўтариб қўйдик” (Шарҳ сураси, 4-оят).
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло нурингизни зиёда қилди. “Дарҳақиқат, сизларга Аллоҳдан нур (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва ойдин Китоб келди” (Моида сураси, 15-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизни буткул гўзал қилди. “Эй Набий, албатта, Биз сизни гувоҳлик берувчи, хушхабар элтувчи, огоҳлантирувчи, Аллоҳнинг изни ила Унга (Унинг динига) даъват қилувчи ҳамда (йўл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юбордик” (Аҳзоб сураси, 45–46-оятлар).
Аллоҳ таоло бизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат қилсин! Қиёмат куни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига муяссар айласин! Омийн!
Қудратуллоҳ Сидиқметов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кишилик тарихини кузатсак, киши ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанишини билиб оламиз. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг буйруқлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонни ўрганган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган.
Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради, киши орзу-мақсадларига фақат илм орқали етишади. Илму ирфондан юз ўгирган ёки илм олишга лаёқати паст бўлган жамият эса ҳамиша кимгадир юкуниб яшашга маҳкум бўлди. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримда: «...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» (Зумар сураси, 9-оят) деб бу борада аниқ мезонни белгилаб берди.
Азал-азалдан бу юртнинг нури бутун дунёга таралиб, порлаб тургани сир эмас. Масалан, Имом Бухорийни ким билмайди? Имом Термизийни, имом Доримийни-чи? Ёки Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муъийн Насафий каби улуғ зотларни ким эътироф этмайди? Бу улуғ имомларнинг илмий мерослари асрлар давомида ушбу заминнинг буюк тарихидан далолат бериб келмоқда. Бутун Ислом олами Бухоро сўзини эшитганда чексиз ҳурмат бажо келтириши ҳаммамизга маълум. Бундай эҳтиром, аввало буюк ватандошимиз – Имом Бухорий ҳазратлари, қолаверса, юртимизда етишиб чиққан уламолар шарофатидан.
Мовароуннаҳр диёри ҳар бир асрда Ислом оламига буюк алломаларни, дунё тан олган олимларни етказиб бергани тарихий ҳақиқат. Масалан, ҳижрий II асрда атоқли фиқҳ олими Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва улуғ муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак яшаб ўтишган бўлса, кейинги аср Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Абу Ийсо Термизийларнинг даври бўлди. Тўртинчи асрда Абу Мансур Мотуридий, бешинчи юзйилликда Абул Муъин Насафий, олтинчи асрда Абул Қосим Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, еттинчи асрда Абул Баракот Насафий каби улуғ Ислом олимлари етишиб чиқди.
Илм-фаннинг бошқа соҳаларини олиб кўрсак, бу борадаги ютуқлар ҳам илғор бўлган. Масалан, Косинуслар теоремасини биринчи бўлиб Абу Райҳон Беруний кашф қилган бўлса-да, олти юз йилдан кейин Оврупада француз олими Веитга нисбат берилди. Палеонтология ва седиментология соҳасида илк марта тажриба ўтказиб, бу бўйича китоб ҳам ёзган Абу Али ибн Сино бўлса-да, Албертга «Буюк Алберт» унвони берилди.
Биргина тиббиёт соҳасида юртимиздан чиққан улуғ олим ва ҳаким Абу Али ибн Синони бутун дунё замонавий медицинанинг отаси деб тан олгани, унинг тиббиётга оид «Ал-Қонун» каби шоҳ асари XVI асргача Ғарбдаги барча тиббиёт дорилфунунларида дарслик қилиб ўқитилгани, замонавий тиббиёт жуда кўп жабҳада Ибн Синодан ўрганганини гапириб ўтирмаймиз. Чунки бу далилларни Шарқу Ғарбда ҳамма жуда яхши билади.
Улуғ ватандошимиз Мусо Муҳаммад Хоразмий биринчи бўлиб алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр вал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган. Яна бир улуғ олимимиз Аҳмад Фарғоний фалакшуносликнинг (астрономия) отаси саналади, унинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум» китоби XII асрда Оврупа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан бир неча аср мобайнида Ғарб университетларида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган. Дунёда биринчи ҳисоблаш маркази Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек раҳбарлигида қурилган. XV асрда Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонасида ишлаган Ғиёсиддин Жамшид Коший биринчи бўлиб ўнли касрларни кашф этган. Оврупада эса ундан 175 йил кейин Симон Стевин бундай сонлар ҳақида илк фикрларини оммага тақдим этди.
Яна бир атоқли қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний Христофор Колумбдан анча олдин уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган, Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобусни ясаган, Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчаган, конуслар теоремасини француз олими Вентдан 500 йил олдин кашф этган.
IX асрнинг 1-ярмида халифа Маъмун томонидан Бағдодда ташкил этилган «Байт-ул ҳикма» («Билим уйи») деб аталган академияга ҳам марвлик Абу Али Яҳё ибн Мансурдан кейин Муҳаммад Хоразмий раҳбарлик килган эди. Бу даврда Хоразмий насаби шу даражада машҳур бўлиб кетдики, кимнинг Хоразмий насаблик шогирди бўлса, обрў ҳисобланар эди.
Энди шу жойда озгина бугунги кунимизга назар ташлайлик. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монелик йўқ, аксинча, чорлов бор, имконият бор. Аммо бизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий маросимларга сарфлаб юборяпмиз. Илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ҳаяжон билан воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга эса вақт-имкон «топа олмаяпмиз». Яқин ўтмишимиздаги оила дастурхони устида хонадон каттасининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат қилгани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари ташкил этишгани, ёшларнинг илм талабида ҳатто қўшни юртлардаги устозларникига қатнашгани каби ҳолатлар бугун эриш туюладиган бўлиб қолди.
Кундалик ташвишларни бир чеккага суриб туриб, ўтмиш ва бугунимизни қиёслаб кўрайлик. Кеча ким эдик, кимларнинг ворисларимиз деган саволни бериш билан бирга унга ечимни излайлик. Ажаб эмаски, шунда инсоният тамаддунида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиш билан бир қаторда дунё пешқадамларига айлансак.
Маҳмуд Маҳкам