frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ

25.09.2024   12194   8 min.
Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ

Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулуллоҳ! Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг!”, (Аъроф сураси, 158-оят) деган-ку!

Иймонимнинг асосий пойдеворларидан бири сизга муҳаббат қўйишдир, ё Расулуллоҳ! Ахир, сиз ўзингиз: “Сизлардан бирортангиз мен унга то ота-онаси, боласи ва барча инсонлардан кўра суюклироқ бўлмагунимча ҳаргиз комил мўмин бўла олмайди ”, дегансиз-ку! Дарҳақиқат, сиз мана шундай олий муҳаббатга лойиқсиз, ё Расулуллоҳ.

Аллоҳ таоло сизнинг зикрингизни баланд, қадрингизни олий қилди. Исмингизни Ўзининг исми ила ёнма-ён зикр қилди. Биз мўминлар фақат сиз рози бўладиган ишларни қиламиз. Ахир, Аллоҳ таоло мўминлик учун сизни рози қилишни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ! “Агар мўмин бўлсалар, рози қилишларига Аллоҳ ва Унинг Расули ҳақлироқдир” (Тавба сураси, 62-оят).

Биз сизнинг буйруғингизни иккиланмасдан, сўзсиз бажарамиз. Чунки сизнинг амрингизга хилоф қилганларни Аллоҳ таоло фитна ва аламли азоб етишидан огоҳлантирган-ку, ё Расулуллоҳ! (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар!” (Нур сураси, 63-оят).

Биз сизга тўлиқ итоат қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло сизга бўлган итоатни Ўзига бўлган итоат билан ёнма-ён қўйган ва Ўзининг итоатига сизга бўлган итоатни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ! “Ким пайғамбарга итоат қилса, батаҳқиқ, у Аллоҳга итоат қилибди” (Нисо сураси, 80-оят).

Қиёмат куни биз ҳасрат-надомат қилмаслигимиз учун бу дунёда сизга эргашамиз, ҳеч қачон буйруғингизга хилоф иш қилмаймиз. Чунки сизга эргашмаган, итоат қилмаган ҳамда сизнинг амрингизга қарши иш қилган осийлар қиёмат куни, албатта, жуда қаттиқ пушаймон бўлишади-ку, ё Расулуллоҳ! “Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар: “Эҳ, кошки Аллоҳга итоат қилганимизда эди, Расулига итоат қилганимизда эди!”, дерлар” (Аҳзоб сураси, 66-оят).

Биз сиз танлаган йўлни танлаймиз, чунки сиз билан бир йўлни танламагани сабабли қиёмат куни золимлар ҳасрат-надомат чекишади-ку, ё Расулуллоҳ! “У кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эй, воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!”, дер. “Эй, воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмаганимда эди. Батаҳқиқ, менга зикр (Қуръон) келганидан сўнг у (гумроҳ дўст) мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир”, дер (Фурқон сураси, 27–29-оятлар).

Биз Аллоҳ таолога суюкли банда бўлишимиз учун сизга эргашамиз ва итоат қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига – сизга эргашишни ва итоат қилишни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ!. “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади”. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Айтинг: “Аллоҳ ва Расулига итоат қилинг. Агар юз ўгирсангиз, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (Оли Имрон сураси, 31–32-оятлар).

Биз ўзаро ўртамизда чиққан келишмовчиликларга сизни ва сиз олиб келган одил шариатни ҳакам қиламиз. Ахир, ўзаро чиққан келишмовчиликларга сизни ҳакам қилмагунимизча, кейин сиз чиқарган ҳукмга дилларимизда танглик топмай, бутунлай таслим бўлмагунимизча, зинҳор комил мўмин бўла олмаслигимизга Аллоҳ таоло Ўзи билан қасам ичган-ку, ё Расулуллоҳ! “Йўқ, Роббинггизга қасамки, сизни ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, сўнгра, сиз чиқарган ҳукмга дилларида танглик сезмай, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо сураси, 65-оят).

Сиз нимани келтирган бўлсангиз – оламиз, сиз нимадан қайтарган бўлсангиз – қайтамиз. Чунки Аллоҳ таоло бизга сиз келтирган нарсани олиб, сиз қайтарган нарсадан қайтишни буюрган-ку, ё Расулуллоҳ! “Пайғамбар сизларга нимани келтирса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир” (Ҳашр сураси, 7-оят).

Бизнинг Аллоҳ таолодан ва охират кунидан умидимиз бор. Шунинг учун ҳар бир ишимизда сиздан ўрнак оламиз. Ахир, Қуръони каримда Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор мўминларга намуна қилинган зот сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?! “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Жаннатда набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлишимиз учун сизнинг кўрсатмаларингизга бўйсунамиз. Ахир, Аллоҳ таоло неъматлантирган бандалар билан жаннатда бирга бўлиш башоратига сизга итоат қилиш шарт қилинган эмасми, ё Расулуллоҳ?! "Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, айнан ўшалар Аллоҳ неъматлантирган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Уларнинг ҳамроҳлари нақадар гўзалдир!" (Нисо сураси, 69-оят).

Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган зот – сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?! “Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят).

Сизга кўплаб саловатлар айтамиз. Чунки сизга саловат айтишни Аллоҳ таоло мўминларга буюрган. Ахир Аллоҳ таоло Ўзи ҳам, Унинг фаришталари ҳам сизга саловат айтишади-ку, ё Расулуллоҳ! “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг” (Аҳзоб сураси, 56-оят).

“Ва тезда Роббингиз сизга ато қилур ва сиз рози бўлурсиз” (Зуҳо сураси, 5-оят) ояти нозил бўлганда, “Ундай бўлса, умматимдан бирортаси дўзахда бўлишига рози бўлмасман”, деган зот сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?!

Макка даври ҳаёти оддий инсонлар ҳамда мазлумлар учун ибратли бўлган, Мадина даври эса ҳукм юритиш қўлида бўлган ҳокимларга раҳбарлик қилиш таълимини берган ибратли ҳаёт сизнинг ҳаётингиз эмасми, ё Расулуллоҳ?

Сиз ҳақингизда нима дей оламан, ё Расулуллоҳ? Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло раббоний, кўркам йиғилишда пайғамбарлардан аҳду паймон олиб, шундай деган: “Эсланг, Аллоҳ Набийлардан шундай аҳд олган эди: “Мен сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, эндиликда сизлардаги нарсани тасдиқловчи бир Пайғамбар (Муҳаммад) келганда, албатта, унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, – деб туриб: “Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?” деганида, улар: “Иқрор бўлдик”, дейишди. У: “Энди гувоҳ бўлинглар, мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳ бўлувчиларданман”, деди”. (Оли Имрон суарси, 81-оят).

Ё Расулуллоҳ, сиз ва менинг мисолим худди қоронғу кечада саҳрода адашиб, йўлини йўқотган, нима қиларини билмай довдираб, тушкунликка тушган, сўнгра осмонга ой чиқиб, унинг нурида ўз йўлини топиб олган кишига ўхшайди. Шунда мен хурсандлигимдан: “Эй ой, Аллоҳ қадрингни баланд, нурингни зиёда, ўзингни эса тўлин ва гўзал қилсин”, дейман.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қадрингизни баланд қилди. “Сизнинг зикрингизни юқори кўтариб қўйдик” (Шарҳ сураси, 4-оят).

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло нурингизни зиёда қилди. “Дарҳақиқат, сизларга Аллоҳдан нур (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва ойдин Китоб келди” (Моида сураси, 15-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизни буткул гўзал қилди. “Эй Набий, албатта, Биз сизни гувоҳлик берувчи, хушхабар элтувчи, огоҳлантирувчи, Аллоҳнинг изни ила Унга (Унинг динига) даъват қилувчи ҳамда (йўл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юбордик” (Аҳзоб сураси, 45–46-оятлар).

Аллоҳ таоло бизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат қилсин! Қиёмат куни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига муяссар айласин! Омийн!

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

14.08.2026   624   6 min.
Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

Хоразмлик ёш мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг Аристотель физикасига билдирган тажрибавий эътирозлари ва Ибн Сино билан ёзишмалари Х-ХI асрлар бўсағасида Марказий Осиёда шаклланган мустақил танқидий илмий фикрнинг энг ёрқин намунаси ҳисобланади, хабар бермоқда ЎзА.

Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.

Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.

Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.

Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.

Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.

Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.

Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар