Жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Пойтахтимиз ва Хивада ўтказиладиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги халқаро анжуманда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари, АЙСЕСКО, ИРСИКА каби халқаро исломий ташкилотлар раҳбарлари, Саудия Арабистони, Миср, Россия, Туркия, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари муфтийлари, Покистон, Ҳиндистон, АҚШ ва Европа давлатларининг номдор уламолари ҳамда тадқиқотчилари иштирок этадилар.
Шунингдек, мазкур анжуманда бугунги мураккаб даврда минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича маърузалар ўқилади, тажриба алмашилади ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади. Юртимиз яна бир катта анжуманга мезбонлик қилиб, бутун дунёни яна бир бор тинчлик-хотиржамлик, эзгу амаллар ҳамроҳлигида яшашга даъват этади.
Тинчлик сўзи эшитган ҳар бир инсон кўнглига ором бағишлайди. Лекин ҳозир ер юзидаги қанчадан-қанча инсонлар тинчликка зор яшамоқда. Турли минтақаларида содир бўлаётган урушларда минглаб бегуноҳ инсонлар қони тўкилмоқдаки, бундай ачинарли ҳолатлар тинч-осойишта юртда яшаётган ҳар бир кишини шукрга, огоҳликка, сергакликка, тинчликни қадрлашга ундамоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом муборак ҳадисларида: «Икки неъмат борки, бу икки неъматдан кўп инсонлар ғафлатдадирлар: тани-сиҳатлик ва тинчлик-хотиржамликдир».
Ҳаётдаги барча ютуқлар ва гўзал неъматлар тинчлик туфайли қўлга киритилади. Аммо кўпчилик буни эсламайди, парво ҳам қилмайди. Ўтмишда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёки ўша вақтда фронт ортининг оғир кунларини бошдан кечирган кексаларимиз ўша вақтларни ёдга олсалар “урушнинг номи ўчсин”, дейдилар.
Ҳа, урушнинг номи ўчсин. Уруш ёшу қари, эркагу аёл ёхуд катта-кичик демайди. Бугун сайёрамизнинг уруш ўчоғига айланган жойларида юз бераётган қўпорувчиликлар, қонли тўқнашувлар, тобора кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлаётгани барчани ташвишга солмасдан қўймайди.
Динимизнинг эзгу шиори мужассам бўлган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги халқаро анжуман халқимиз, мўмин-мусулмонлар, бутун инсоният учун манфаатли бўлади, деб умид қиламиз.
Муҳаммаднаби ОРИПОВ,
Риштон тумани бош имом-хатиби
Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.