Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг вафот этганини эшитганларида кўз ёш тўкканлар. Бақиъ қабристонига дафн этилган илк муҳожир саҳобий – Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу саналади.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Маккада дунёга келди. Отаси Мазъун ибн Ҳабиб ибн Ваҳб, онаси Сухайла бинту Анбас. Куняси Абу Соиб эди.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу оилада яхши тарбия кўриб улғайди. Қабиласи орасида одоби билан ажралиб турарди. Ниҳоятда зийрак, ақл-заковатли ва гўзал хулқли инсон эди. Ҳатто жоҳилият даврида ҳам ичкиликка яқинлашмаган. У: “Ақлимни оздирадиган, одамларга масхара бўлишимга сабаб бўладиган ва ўзимга муносиб бўлмаган аёлга уйланишимга мажбур қиладиган бу нарсани асло ичмайман”, деб айтарди.
Ўттиз ёшида Исломни қабул қилди. Бу ҳақда бундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг оилаларига муҳаббатим жуда кучли эди. Кунларнинг бирида Набий алайҳиссаломга ваҳий нозил бўлаётганига гувоҳ бўлдим. Бу ҳодиса менинг қалбимда иймон нури порлашига сабаб бўлди”.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу кечаларини ибодат билан ўтказар, кундузлари эса рўза тутар, уйда ҳатто бир кунлик таом сақламасди. Дунёга муҳаббат қўймади, обид ва зоҳид, хайрли ишларда пешқадам, ҳақ йўлда мустаҳкам ва Ислом йўлида фидокор бўлди.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу мушрикларнинг тазйиқи гирдобида қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилишга рухсатлари бўлганидан сўнг аёли ва ўғлини олиб Мадинага ҳижрат қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир қанча ғазотларда иштирок этди.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Бадр ғазотидан кейин касал бўлиб қолди. Оғир бетобликдан сўнг Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Уммул Аълонинг хонадонида вафот этди. Бу ҳақда Уммул Аъло бундай дейди: “Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг вафотини эшитиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизга келдилар. У зот алайҳиссалом кўз ёш тўкиб: “Аллоҳ ва Расулини севарди. Эй Абу Соиб. Аллоҳ сени раҳматига олсин! Дунёдан ўтдинг. На Сен дунёга муҳаббат қилдинг, на у сенга муҳаббат қилди. У бизнинг қандай яхши биродаримиз эди”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуни Бақиъ қабристонига дафн этишни буюриб, жанозани ўзлари ўқиб бердилар.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Бақиъ қабристонига қўйилган дастлабки муҳожир сифатида тарихда қолди.
Маълумот учун: Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу Бақиъ қабристонига қўйилган илк ансорий саҳоба ҳисобланади.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳаргиз ўзингизни, авлодингизни, мол-мулкингизни дуоибад қилманг! Яна Аллоҳдан нима сўралса ҳам ижобат бўладиган пайтга тўғри келиб қолманглар!” (Имом Муслим ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бир саҳобий гуноҳларини ўйлаб, қаттиқ қайғуга тушиб, Аллоҳнинг охиратдаги азобидан қўрқиб кетади, ўзини ўзи қаттиқ қарғайди. Афсуски, бу иши дуолар ижобат қилинадиган пайтга тўғри келиб қолади. Шунда Аллоҳ унга сўраганини беради.
Мана ўша воқеа:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир мусулмон беморни бориб кўрдилар. У озиб-тўзиб, жўжадек бўлиб қолган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бирор нарса деб дуо қилармидинг?» дедилар. У шундай деди: «Ҳа. Аллоҳим, мени охиратда бирор нарса билан азоблайдиган бўлсанг, уни бу дунёда бера қолгин, деб дуо қилар эдим». Буни эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Субҳаналлоҳ! Ахир сен бунга чидай олмайсан-ку! «Аллоҳим, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато қилгин, бизни дўзах азобидан сақлагин», десанг бўлмасмиди?» дедилар. Кейин унинг ҳаққига дуо қилган эдилар, Аллоҳ унга шифо берди» (Имом Муслим ривояти).
Эътибор берган бўлсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саҳобий ўзининг зарарига дуо қилганига ҳайрон қолдилар, унга қийинчилик ва қайғу пайтида айтиш керак бўлган дуони ўргатдилар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам айтиладиган дуо: «Аллоҳим, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато қилгин, бизни дўзах азобидан сақлагин» экан.
Оқила қиз мусибат келганда, қайғуга тушган вақтида фақат мана шундай дуоларни қилиши керак.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.