Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир қанча синовларни юборди. Ҳали дунёга келмасидан оталаридан, олти ёшида оналаридан, саккиз ёшида суянчиғи – боболаридан айрилдилар.
Ислом уммат орасида кенг ёйилгунча кўплаб машаққатлар чекдилар. Еттита фарзандларидан олтитасини ўз қўллари билан ерга қўйдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом буларнинг барчасига гўзал сабр қилдилар.
Уламолар айтадиларки, бу синовлар билан Аллоҳ таоло Расулимизнинг ҳаётларидаги ҳар бир лаҳзасини қиёматга қадар келадиган умматлари учун дастуриламал бўлишини ирода қилган.
Барча мўминлар хотиржамлик, тақдирдаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолодан эканига иймон келтиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу иймонни ҳаётларида ўзлари яққол кўрсатиб берганлар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Маккаи мукаррамадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларидан уларни қатл қилиш учун келаётганлар бор эди. Абу Бакр бундан қаттиқ хавотирда уларни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, яқинлашиб қоляпти-да”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса: “Хотиржам бўлинг”, дедилар. Ёки ғорда Абу Бакр: “Расулуллоҳ ҳозир сал эгилсалар, бизларни кўриб қолади”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўрқма, Аллоҳ биз билан-ку”, дея Абу Бакрни хотиржам қилдилар.
Расулуллоҳ қабристондан ўтиб кетаётганларида бир аёл дод-фарёд билан сочларини юлиб, юзларини тирнаб, бутун бағри билан ўзини ерга уриб ётганди. Пайғамбар алайҳиссалом унга: “Сабр қилинг”, дедилар. У: “Сиз йўлингизда кетаверинг, мен билан нима ишингиз бор?” дея қўполлик қилди. Расулуллоҳ: “Сабр қилсангиз яхши бўлади”, дея кетдилар. Кейин саҳобаи киромлар келдилар: “Эй онахон, нима қилиб қўйдингиз, бу киши кимлигини биласизми, Пайғамбаримиз алайҳиссалом эдилар-ку, яхши иш қилмадингиз, беодоблик қилиб қўйдингиз. Сиз бир фарзандингиздан айрилган бўлсангиз, бу киши бир неча фарзандларини ер бағрига қўйганлар-ку”, дейишганда, бояги аёл хатосини англаб, сўнгра Расулуллоҳдан бориб узр сўради. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, сабр (мусибатнинг) биринчи зарбасидадир”, деб марҳамат қилдилар.
Ҳаётда ҳар қандай ҳолатда ҳам сабр қилиш, киши ўзини хотиржам тутиши Пайғамбаримиздан бизга берилган суннатдир. Унга эргашганларгина икки дунёда ҳам саодат топадилар, иншоаллоҳ.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари
"Ҳидоят" журналининг 7-сонидан
Жаҳонгир Ниғматов
Тошкент ислом институти талабаси