Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳақиқий бахтли инсон – бошқаларни қўйиб, ўзининг айбу нуқсонларини ислоҳ қилиш билан банд бўлган кишидир.
Ҳақиқий бахтли инсон – тирикликни қадрига етиб, бу дунё ўткинчи эканлиги, абадий эмаслигини англаган кишидир.
Ҳақиқий бахтли инсон – Аллоҳни доим зикр қилиб юрадиган, камчилик ва хатоларига истиғфор айтадиган кишидир.
Ҳақиқий бахтли инсон – гапирганда ҳам, эшитганда ҳам фақат ҳудди меваларнинг энг тотлисини танлагандек, энг ёқимлиларини сўзлайдиган ва тинглайдиган кишидир.
Ҳақиқий бахтли инсон – умидсизликка тушмайдиган, бирор мусибат етганда уни тақдирдан деб биладиган, қўлдан кетган нарсага ачинмайдиган кишидир.
Ҳақиқий бахтли инсон – Аллоҳни зикр қилганда қалби ором оладиган, гарчи турмуши танг ҳалатда бўлсада ўзгаларнинг назарида шоду хуррам юрган кишидир.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази