Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

26.09.2024   4350   1 min.
Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:

“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Синовларга cабр қилиш cуннатдир

26.09.2024   1740   2 min.
Синовларга cабр қилиш cуннатдир

Аллоҳ таоло Пайғамба­римиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир қанча синовларни юборди. Ҳа­ли дунёга келмасидан оталаридан, олти ёшида оналаридан, саккиз ёшида суянчиғи – боболаридан айрилдилар.


Ислом уммат орасида кенг ёйилгунча кўплаб машаққатлар чекдилар. Еттита фарзандларидан олтитасини ўз қўллари билан ерга қўйдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом буларнинг барчасига гўзал сабр қилдилар.


Уламолар айтадиларки, бу синовлар билан Аллоҳ таоло Расулимизнинг ҳаётларидаги ҳар бир лаҳзасини қиёматга қадар келадиган умматлари учун дастуриламал бўлишини ирода қилган.


Барча мўминлар хотиржамлик, тақдирдаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолодан эканига иймон келтиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу иймонни ҳаётларида ўзлари яққол кўрсатиб берганлар.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Маккаи мукаррамадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларидан уларни қатл қилиш учун кела­ётганлар бор эди. Абу Бакр бундан қаттиқ хавотирда улар­ни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, яқин­лашиб қоляпти-да”, деди. Пай­ғамбаримиз алайҳиссалом эса: “Хотиржам бўлинг”, дедилар. Ёки ғорда Абу Бакр: “Расулуллоҳ ҳозир сал эгилсалар, бизларни кўриб қолади”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўрқма, Аллоҳ биз билан-ку”, дея Абу Бакрни хотиржам қилдилар.


Расулуллоҳ қабристондан ўтиб кетаётганларида бир аёл дод-фарёд билан сочларини юлиб, юзларини тирнаб, бутун бағри билан ўзини ерга уриб ётганди. Пайғамбар алайҳиссалом унга: “Сабр қилинг”, дедилар. У: “Сиз йўлингизда кетаверинг, мен билан нима ишингиз бор?” дея қўполлик қилди. Расулуллоҳ: “Сабр қилсангиз яхши бўлади”, дея кетдилар. Кейин саҳобаи киромлар келдилар: “Эй онахон, нима қилиб қўйдингиз, бу киши кимлигини биласизми, Пайғамбаримиз алайҳиссалом эдилар-ку, яхши иш қилмадингиз, беодоблик қилиб қўйдингиз. Сиз бир фарзандингиздан айрилган бўлсангиз, бу киши бир неча фарзандларини ер бағрига қўйганлар-ку”, дейишганда, бояги аёл хатосини англаб, сўнгра Расулуллоҳдан бориб узр сўради. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, сабр (мусибатнинг) биринчи зарбасидадир”, деб марҳамат қилдилар.


Ҳаётда ҳар қандай ҳолатда ҳам сабр қилиш, киши ўзини хотиржам тутиши Пайғамбаримиздан бизга берилган суннатдир. Унга эргашганларгина икки дунёда ҳам саодат топадилар, иншоаллоҳ. 


Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси ўринбосари

"Ҳидоят" журналининг 7-сонидан

Ибратли ҳикоялар