Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом сўзи “салима” “ясламу”, “салааман” ва “салааматан” каби сўзларнинг ўзагидан олинган.
Ислом сўзининг маъноси турли маъноларни англатсада, бироқ барча маънолар бир эзгу мақсад – тинчликка йўналгандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Эй, иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг” (Бақара сураси, 208-оят).
Тилшунос олим Абу Амр Шайбоний ушбу оятдаги “силм” сўзини Ислом деб шарҳлайди.
Ушбу ояти каримадаги “каафатан яъни тўлиғича, ёппасига” сўзи барча инсонлар тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдиради. Аллоҳнинг амр фармонига итоат этган ҳолда ҳамиша аҳил ва иноқликда яшашлари даркор.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бандани таърифлаб: “Мусулмон бошқа мусулмонларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор етказмаган кишидир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти).
Бу ҳадисга кўра, мусулмон сўзи “барчага яхшилик истовчи, дилозорликдан йироқ” каби маъноларни ифодалайди.
Шунинг учун ҳам, мусулмонлар ўзаро муомалаларини доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди” (Анъом сураси, 54-оят).
Араб тилидаги салом сўзининг тўрт хил маъноси бор.
Биринчиси, “салима” сўзининг масдари “салаам” бўлиб, у турли “бало-офатлардан омонда бўлиш”ни англатади.
Иккинчиси, “салаама” сўзининг кўплик шакли, у “тинчлик ва омонлик” каби маъноларни билдиради.
Учинчиси, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлган “ас-Салом”, яъни, “барча нуқсонлардан саломат, тинчлик-хотиржамлик берувчи” деган маънони англатади.
Тўртинчиси, “салам” яъни, “серсоя ва ҳамиша яшил бўлиб турувчи дарахт”дир.
Абу Исҳоқ Зужажнинг фикрига кўра, “салаам” сўзи “саллама”дан олинган бўлиб, “инсоннинг оғир синов, ғам-алам ва ташвишлардан омонда бўлиши”ни англатади[1].
Шунингдек, жаннатнинг номларидан бири “Дорус-салом” (тинчлик диёри) деб номланган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Уларга Роббилари ҳузурида дорус-салом (тинчлик уйи) бордир” (Анъом сураси, 127-оят); “Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади” (Юнус сураси, 25-оят).
Жаннатда фақат тинчлик, хотиржамлик, саломатлик, роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлгани, унда ўлим, касаллик, уйқу, ғам-ташвиш деган нарсалар йўқ.
Имом Асфаҳонийнинг фикрига кўра, “салаам” ва “салаама” сўзлари барча мусибат, ғам, ташвишлардан четда бўлиш маъносини англатади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: “Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)” (Шуаро сураси, 89-оят).
Тоза қалб – турли зулм ва ёмонликлардан ҳоли бўлган қалбдир. Шунингдек, Қуръони каримда тинчлик, хотиржамлик ҳақида яна бошқа кўплаб оятлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
“У (жаннат)ларга тинчлик, омонлик ила киринглар (дейилур)” (Хижр сураси, 46-оят);
“Биздан (бўлмиш) саломатлик ва сенга ва сен билан биргаликдаги жамоаларга (аталган) баракотлар билан (кемадан ерга) тушгин!” (Ҳуд сураси, 48-оят);
“У билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида сураси, 16-оят);
“ ... жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин!» деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон сураси, 63-оят).
“(Уларга) раҳмли Парвардигор (томони)дан салом (айтилур)” (Ёсин сураси, 58-оят);
“(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай” (Раъд сураси, 24-оят).
Бу оятлар Ислом – тинчлик, омонлик, хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик дини эканининг яққол исботи саналади.
Юқорида таъкидланганидек, яшил дарахт ҳам Ислом сўзининг луғавий маъноларидан бири ҳисобланади. Араб тили луғатига оид икки машҳур “Лисанул араб” ва “Таҳзибул луғат” асарларида Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қуйидаги сўзлари келтирилади:
“Ас-салаам абадий яшил, улкан бир дарахтдир”[2].
Бир қатор луғатшунос олимлар “ас-салаам” сўзи “яшил дарахт” маъносини англатишини қўллаб қувватлашган. Чунки бу дарахт ҳатто кузда сарғаймайди, ҳеч чиримайди ҳам.
Буюк луғат олимларидан бири Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Баррийнинг фикрига кўра, бу дарахт “салм” деб номланади ва унинг кўплик шакли “салаам” ҳисобланади. Унинг бундай аталишига сабаб, дарахт ҳамиша яшил рангда ва серсоя эканлигидир.
Шунингдек, нарвон араб тилида “суллам” деб аталади. Бу ҳақда Зужаж бундай ёзади: “Суллам” сўзи “нарвон” маъносини англатади, чунки у орқали сен кўтарилмоқчи бўлган жойга соғ-саломат етиб оласан[3].
Юқорига чиқиш ёки кўтарилишнинг нарвондан бошқа йўллари кўпинча шикастланиш ё жароҳатланиш каби бахтсиз ҳолатлар билан якун топиши мумкин. Шу боис, нарвон сабабли турли хавф-хатарлардан саломат, хотиржам бўлингани учун араб тилида нарвон суллам деб номланган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “ёки осмонга нарвон қўйиб” (Анъом сураси, 35-оят).
“Лисанул-араб” асари муаллифи Ибн Манзур эса “суллам” сўзини қуйидагича шарҳлайди: “Суллам бу – катта челак дегани”[4].
Пақир – қудуқдан сув олиш воситаси бўлиб, қадимда одамлар унинг ёрдамида қудуқлардан сув олишарди. Лекин нега айнан челак “суллам” деб аталади? Чунки одамлар унинг ёрдамида сув тортиб чанқоғини қондиришган, уйларига олиб кетиб, таҳорат учун ишлатишган.
Сув – барча махлуқот, жонзот, наботот ва ўсимлик учун салқинлик, сокинлик, тириклик ва ҳаёт манбаи. Шунинг учун унга эришиш восита бўлган челак “суллам” дейилади.
Бир сўз билан айтганда, Ислом – тинчлик, омонлик ва хотиржамлик дини. Тинчлик – Ислом динининг шиори, бош ғояси. Унинг таълимоти башариятни тинчликка чақириш, ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, инсонларнинг ўзаро меҳр-мурувватли бўлишга чақиришдан иборатдир. Зўравонлик, жанжал, қотиллик ва бузғунчиликларнинг ҳар қандай кўринишини қоралайди ҳамда улардан қайтаради.
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Абу Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Азҳарий. Таҳзиб ал-луғат. – Майдон ал-жайш: Дор ал-қавмийя ал-арабийя, 1964. Ж. 4. – Б. 292.
[2] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 297.
[3] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 297.
[4] Ибн Манзур Африқий. Лисан ал-араб. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 1984. Ж. 12. – Б. 201.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Иймон қушининг қанотлари қўрқув ва ражодир. Қурқув дейилганда, Аллоҳдан қўрқиш англанади. Аллоҳдан кўрқиш деганда эса, ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасини У Зотнинг назорати остида ўтказиш ҳамда Аллоҳнинг қаҳҳор ва мутлақ ҳоким Зот эканини асло унутмаслик тушунилади. Зеро, бунинг оқибатида жаҳаннам азоби ва жаннатдан маҳрумлик изтироби ётади.
Ражо деганда, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиш тушунилади. Зотан, Аллоҳнинг фазлу карами ҳамда раҳматига кўз тикиб ибодат қилиш натижасида Аллоҳнинг розилигини топиб, жаҳаннам азобидан қутулиш ва жаннатга эришиш туйғуси ётади. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон Зотдир.
Мўмин учун қўрқув ва ражо, худди қушнинг икки қаноти сингаридир. Қанотлар парранданинг парвозини ҳосил қиладиган асосий воситадир. Зеро, қуш шу икки парсиз ёки унинг бирисиз учолмайди, балки мувозанат сақлангандагина енгил учади. Демак, қушнинг парвоз қилиши учун қанотлар қанчалик аҳамият касб этса, мўминнинг саодатга эришиши учун хавф ва ражо шунчалик муҳимдир. Нақшбандия тариқатининг буюк шайхларидан ҳазрат Амир Кулол қаддасаллоҳу сирраҳ хавфу ражо ҳақида бундай деганлар:
Мурғи имонро ду пар: хавфу ражост,
Мурғи бепарро паридан хатост.
Мазмуни: “Иймон қушида икки қанот бор: хавф ва ражо. Зеро, қанотсиз қуш учишга ярамайди”.
Ҳа, қанотсиз қуш ҳам, қанотларидан бири шикастланган ёки синган парранда ҳам учолмаслиги аниқ.
Мўмин кишининг қурқув ва ражо ўртасида яшаши шариат тарозисининг мувозанатли икки палласидир. Аллоҳ таолодан қўрқиш ва У Зотнинг фазлу карамидан умид қилиш, ҳар бир мусулмоннинг энг биринчи вазифаси ҳисобланади. Зеро, хавф ва ражоси бўлмаган кишининг эътиқодига путур етади. Чунки инсон қўрқув орқали гуноҳдан ўзини сақлайди. Натижада, қалбида Аллоҳга муҳаббат ҳосил бўлади. Бу муҳаббат уни Аллоҳнинг фазлу карамидан умид қилишга ундайди. Бу эса, банданинг ибодатларга ҳаваси ва рағбати ортишига сабабдир.
Мўмин киши умидсиз қўрқувга ва қўрқувсиз умидга тушмаслиги, балки шу иккиси орасида ҳаёт кечириши лозим. Мабодо булардан бири йўқолса, инсон ё ортиқча умидсизликка тушади, ёки қўрқувни унутади. Бунинг оқибати эса, аянчлидир. Шу боис, мўмин Аллоҳдан қўрқиб гуноҳлардан қочиши ва У Зотдан умид қилиб савобли ишларни бажариши лозим. Зотан, қўрқув ва умид орқали имонимиз қувватланади, эътиқодимиз тўғри шаклланади.
Қурқув ва умиди бор кишининг имони мустаҳкам бўлади. Зеро, улар бир-бирини тўлдиради. Аллоҳнинг қаҳридан қўрқмай раҳматидан умид қилиш бепарволик ва ғурурни юзага келтиради. Шунинг учун, ражода қўрқув бўлиши лозим. Зеро, қўрқувсиз ражо Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлишга сабабдир. Қўрқувдан раҳмат, илм ва ризо ҳосил бўлади. Зеро, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар:
رأس الحكمة مخافة الله
“Ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқишдир” (Имом Байҳақий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилиб, доимо хавф ва ражо ўртасида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ