Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Яқинда операция бўлдим. Ўрнимдан туриш, ўтириш мумкин эмас. Аёлим ёрдамида таҳорат олиб, ётган ҳолда намоз ўқияпман. Уйқумда эҳтилом бўлдим. Ғусл қила олмайман. Бундай ҳолда қандай қилиб покланиб намоз ўқийман?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз ғусл қила олмасангиз ҳам таяммум қилиш билан покланаверасиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Агар бемор бўлсаларингиз ёки сафарда бўлсаларингиз ё бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, покиза тупроқ билан таяммум қилинглар” (Нисо сураси, 43-оят).
Демак, мазкур далилларга кўра сув билан ҳақиқий покланиш имкони йўқ бўлиб қолган пайтда, покиза ер жинси билан ҳукмий покланиш жоиз бўлади. Таяммум қилишга рухсат берилган ушбу оятда “Агар бемор бўлсангиз” дейилган. Биров бемор бўлса-ю, сув ишлатиб таҳорат ёки ғусл қилганда ҳалокатга учраши, бирор аъзоси талафот кўриши, беморлиги зиёда бўлиши, чўзилиб кетиши, тузалиш кечга сурилиши кабилардан аниқ хавф бўлса, таяммум қилиши жоиз.
Ер жинси – тупроқ, қум, тош, оҳак, гипс, сурма, сурматош, олтингугурт каби ердан бўлган ашёлардир. Шунингдек, турли буюмлар устидаги (масалан, кийимдаги ёки кўрпа-тўшакдаги) чанг ҳам ер жинсига киради. Шу чангни қасд қилиб, таяммум қилиш ҳам мумкин.
Таяммум қилмоқчи бўлган одам енгини тирсакларидан юқоригача шимаради. Покланишни ният қилиб, икки қўлини тупроққа ёки ер жинсидан бўлган нарсага уриб, юзига суртади. Икки қўлини иккинчи марта уриб, аввал чап қўлининг кафти орқали ўнг қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ қилади. Кейин ўнг қўлининг кафти орқали чап қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади. Шу билан таяммум қилган бўлади.
Сиз шу тарзда то ғусл қилишга қодир бўлгунингизга қадар таяммум қилиб, намозларингизни адо этишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
2024 йил 30 октябрь куни Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Ҳасанбой ота” жоме масжидида амалий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти вакиллиги раҳбарияти ва ходимлари, вилоят туман ва шаҳарларининг бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, “Ҳаж-2024” зиёратчилари, МФЙлар раислари иштирок этди.
Йиғилишда имом-хатиб ҳамда отинойиларнинг “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш ишига кўмаклашиш, тумандаги масжидлар фаолияти ўрганиш, пешин намозида масжидларда долзарб мавзуда маъруза қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шу мақсадда Ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент туманининг 18 та масжиди ҳамда 20 та маҳалласига бириктирилиб, хонадонларга кирилиб, турли йўналишлар бўйича суҳбатлар ўтказилди.
Хусусан, имом-хатиблар 100 та оилага, отинойилар 14 та оилага, умумий ҳисобда 114 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган 32 та оила ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. 36 та ҳолатда оилавий ажримларнинг олдини олишга ҳаракат қилинди, 4 та оилани яраштиришга муваффақ бўлинди, 7 оилани яраштириш жараёнини давом эттириш белгиланди. 23 та хонадонда ЖИЭМда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, жазо муддатини ўтаб қайтганлар, муқаддам судланганлар билан юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида суҳбатлашилди. Шунингдек, ногирон ва касалманд фуқаролар яшайдиган 2 та оилага кирилиб, улардан кўнгил сўралди, даволаниш ва дори дармон, 3 та кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда моддий ёрдам кўрсатилди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Тошкент туманида масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати