Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Июл, 2025   |   26 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:30
Қуёш
05:08
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:55
Хуфтон
21:25
Bismillah
21 Июл, 2025, 26 Муҳаррам, 1447

«Субҳаналлоҳ» сўзининг таржимаси

27.09.2024   10682   4 min.
«Субҳаналлоҳ» сўзининг таржимаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Субҳаналлоҳ» жумласи Аллоҳ таоло бандалари айтишини яхши кўрадиган зикрлардан ҳисобланади. Биз ҳар куни беш маҳал намоз ўқиганимизда ўттиз уч мартадан «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ» ва «Аллоҳу акбар» зикрларини айтамиз. Унинг қанчалик савобли иш эканидан хабардормиз. Аммо биз қуйида «Субҳаналлоҳ»нинг фазилати эмас, балки мазкур жумланинг ўзбек тилига таржима қилиниши ҳақида тўхталиб ўтамиз. Зеро, айтаётган зикрларимиз мукаммал бўлиши ва ибодатимизда ихлос ҳосил қила олишимиз учун зикрларнинг маъносини билиш талаб этилади.

«Субҳаналлоҳ» жумласи аслида арабча سَبْحًا – يَسْبَحُ – سَبَحَ сўзидан ясалган бўлиб, у луғатда «дарёда сузмоқ», «юлдузларнинг осмонда сузиб юриши» каби маъноларни ифодалайди. سُبْحَانَ сўзи эса, мазкур феълдан ясалган масдар (ҳаракат номи) ҳисобланади. سُبْحَانَ اللهِ жумласи қисқартирилган шакл бўлиб, у аслида أُسَبِّحُ اللهَ سُبْحَانًا أو تَسْبِيحًا шаклига эга.

Биздаги диний адабиётларнинг аксариятида «Субҳаналлоҳ» сўзи «Аллоҳни поклаб ёд этаман, Аллоҳни поклайман», деб ўгирилган. Мазкур жумлани бу тарзда таржима қилиш нотўғри. Чунки Аллоҳ азалий пок Зот, У бизнинг поклашимизга муҳтож эмас. Аллоҳнинг айбу нуқсондан Поклигининг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам йўқ. У Зот бандалари «Субҳаналлоҳ» деганларидан сўнг Пок бўлган эмас ёки бандалар «Субҳаналлоҳ» демай қўйсалар У Зотнинг Поклигига путур етмайди.

Ҳадиси қудсийларнинг бирида бундай дейилган: «Эй бандаларим, сизлар Менинг зараримга (яъни, Менга зарар етказиш даражасига) ҳеч қачон ета олмайсизларки, Менга зарар берсангизлар! Менинг фойдамга ҳам асло ета олмайсизларки, Менга фойда берсангизлар!» Имом Муслим ривояти.

Аслида биз Аллоҳни поклаб ёд этмаймиз, балки Уни пок деб биламиз, ҳар қандай айбу нуқсондан холи эканини тан оламиз, эътироф этамиз, холос.

Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир», насронийлар эса «Масийҳ Аллоҳнинг ўғлидир» деган даъвони қилишди. Шунингдек, улар фаришталар Аллоҳнинг қизлари, Аллоҳ ўзига фарзанд тутди, деб нолойиқ гап-сўзларни тарқатдилар. Лекин бу билан Аллоҳнинг шаънига зиғирча доғ тушгани йўқ. Улар бу сўзлари билан Аллоҳ Поклигига путур етказолмайдилар. Шунингдек, мўминлар «Субҳаналлоҳ» дейиш билан Аллоҳни поклаган ҳам ҳисобланмайдилар. Улар «Субҳаналлоҳ» дейишлари билан Аллоҳнинг Поклик сифати зиёда бўлиб қолмайди. Бу ерда ҳамма нарса эътиқодга боғлиқ. Кофир ва мушрик кимсалар Аллоҳ шаънига нолойиқ гапларни айтадилар ва Аллоҳга шерик қиладилар. Уларнинг эътиқоди шундай. Мўминлар эса, Аллоҳни ҳар хил айб-камчилик ва нуқсонлардан Пок ва Улуғ Зот деб тан олдилар. Бандалар бундан ортиқ нарсага тоқат қила олмайдилар.

Шуни унутмайликки, «покламоқ» сўзи «аслида тоза бўлмаган», «кир босган, ифлосланган нарсани тозалаш»га нисбатан ишлатилади. Масалан, қўлингиз кир, уни поклаш учун сув билан яхшилаб ювиш лозим. Кийимни ҳам худди шундай тозаланади. Энди, бир ўйлаб кўринг, «тозаламоқ» ва «покламоқ» сўзини Аллоҳга нисбатан қўллаш қанчалик катта хато!

Араб тилида «бобут-тафъийл» вазнида ясалувчи сўзларнинг маъноларидан бири шуки, у «фаъала боби»даги феъл ифодалаган иш-ҳаракат ёки сифатни мавжуд деб ҳисоблаш ёки тан олишни билдиради. Масалан:

صَدَقَ – рост гапирмоқ, صَدَّقَ – рост гапирган (ёки ростгўй) деб тан олмоқ.

كَذَبَ – ёлғон гапирмоқ, كَذَّبَ – ёлғон гапирган демоқ ёки ёлғончига чиқармоқ.

Шунга ўхшаб سَبَّحَ феъли ҳам «покламоқ» эмас, балки «пок деб тан олмоқ» маъносини ифодалайди.

Араб тилидаги луғат китобларда, жумладан «Лисанул-ароб», «Ан-ниҳоя», «Мухторус сиҳоҳ» китобларида تَسْبِيحٌ сўзи التَّنْزِيهُ وَالتَّقْدِيسُ وَالتَّبْرِئَةُ مِنَ النَّقَائِصِ деб изоҳланган. Яъни, унинг маъноси «нуқсон ва камчиликлардан холи, пок деб тан олмоқ», «Аллоҳнинг Пок Зот эканини эътироф этмоқ»дир.

Бас, шундай экан, «Субҳаналлоҳ» жумласини ўзбек тилига таржима қилишда юқорида айтиб ўтилган муҳим ва нозик жиҳатлар эътиборга олинса, барчамиз Ўз Зоти ва сифатида Тенгсиз ва Улуғ бўлган Аллоҳ таолонинг шаънига тўғри келмайдиган сўзларни айтишдан сақланган бўламиз.

Манба

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда!

15.07.2025   7473   2 min.
Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда!

Хабарингиз бор, 2025 йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
 

Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.


Бугун, 10 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, ҳожилар, отинойилар ва маҳалла фаоллари иштирокида Хонқа туманидаги «Сайид ота» жоме масжидида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.


 


Тадбирдан сўнг Хайрулла домла Абдуллаев ҳудуддаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди.


Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2025” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирокида тумандаги маҳаллаларга ташриф буюрдилар.


Маҳалладаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.


Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.


Шундан сўнг ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда тумандаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.


Мазкур тадбирлардан сўнг Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди. 

 

Хоразм вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда! Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда! Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда! Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда! Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда! Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда! Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда! Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда! Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда! Хоразмда ҳожилар аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда!
Ўзбекистон янгиликлари