Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев минтақа билан савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Малайзиянинг Перлис штатига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Перлис – Малакка ярим оролида жойлашган, мамлакатнинг асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган давлатларидан бири. Минтақада қишлоқ ва балиқчилик юқори даражада ривожланган, шунингдек, у Малайзияда шакарқамиш ва табиий каучук ишлаб чиқаришда етакчи саналади.
Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихона делегациясини Малайзиянинг Перлис султони Саййид Сирожуддин Саййид Жамолуллайл қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати, истиқболдаги режалари, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Султон Сирожуддин 2003 йилда Малайзия қироли сифатида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келганини, Ўзбекистон тараққиёти билан танишганини илиқлик билан эслади.
Шунингдек, ташриф давомида ушбу давлат муфтийси Муҳаммад Aсри Зайнул Обиддин билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида туризмни, жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Малайзия томони бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, бой тарихий-маданий меросини малайзияликлар орасида тарғиб қилишга катта ҳисса қўшади, – деб маълум қилди.
Ташриф якунлари бўйича Малайзия томони Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Доимий алоқаларни давом эттириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати