Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Марҳумлар ҳақида гапирганда ҳозир кӯп кишилар "раҳматли бӯлиб кетган", деб айтишмоқда. Шунда мен бундай дейиш хато десам, ким айтди буни, деб сӯрашяпти. Шунга бир изоҳли жавоб берсангиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Вафот этган мўмин-мусулмонларнинг ҳаққига мазкур сўзлар билан дуо қилиш ва ўтганларга Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини умид қилиш мустаҳаб-савобли ишлардан биридир.
Мусулмон инсоннинг мусулмон устидаги ҳақларидан бири вафотидан кейин уни яхшилик билан эслаш, хотирлаш ва ҳаққига хайрли дуо қилишдир.
“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларга ўзларидан аввал иймон билан ўтган зотларнинг ҳаққига дуо ва мағфират сўраб дуо қилишларини таълим бермоқда. Мусулмонлар асрлар оша ушбу таълимотга содиқ қолиб келмоқдалар.
Ўтганларни хотирлаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш турли халқларда турлича ибора ва сўзлар билан ифода қилинади. Бизнинг халқимизда ўтганларни “марҳум”, “мағфур” “раҳматли”, “раҳматли бўлиб кетган” ва шу каби дуо маъносидаги сўзлар билан ёдга олиш урф бўлган ва бу савобли амалдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ривоят қилинишича, бир кекса инсон 25 ёшли ўғли билан поездда кетиб борар эди. Ёш йигитнинг юзида беқиёс қувонч ва ҳайрат ифодаси акс этарди. У деразадан қўлини чиқариб, шамолни ҳис қилиб: “Ота, қаранг, ҳамма дарахтлар ортимиздан кетаётгандек!” деб бақирди. Кекса киши ўғлининг хурсандчилигига шерик бўлиб, юзида табассум билан жавоб қилди.
Ёнларида ўтирган жуфтлик ота ва ўғлининг суҳбатини эшитиб турди ва бироз ғашлари келди. Чунки 25 ёшли йигит ёш болалар каби ҳаракатланаётганди. Бир вақт ўғил яна “Ота, қаранг, бу кўлдаги ҳайвонларга, булутлар поезд билан бирга кетмоқда!” деб яна қувонч билан бақирди. Жуфтлик янада ҳайрон бўлишди.
Кейин ёмғир ёға бошлади ва йигит қўлига ёмғир томчилари тушганини ҳис қилиб, яна қувонч билан: “Ота, ёмғир ёғяпти, сув қўлимга тегди, қаранг, ота!” деди.
Шунда жуфтликсабр қила олмай, кекса инсондан: “Нега ўғлингизни шифокорга кўрсатиб, даволатмайсиз?” деб сўради.
Кекса киши эса шундай жавоб берди: “Биз шифохонадан келяпмиз, ўғлим ҳаётида биринчи марта кўра бошлади”.
Эсингизда бўлсин: Барча ҳақиқатларни билмагунча хулоса чиқарманг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ