Бугун, 30 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Робиул аввал ойи муносабати билан Набий алайҳиссалом сийратларига бағишланган мавлиди шариф, Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Раббоний нидолар” ва “Ёшларга насиҳатим” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва Муфтий ҳазратларининг дуолари билан бошланди.
Маросимда сўзга чиққан нотиқлар Ҳақ таоло диёримизга беҳисоб хайру баракаларини ёғдираётгани, сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишларни ота-боболаримиз юз йиллар давомида орзу қилишгани, хусусан, Робиул аввал ойида юртимиздаги масжидларда мавлидлар ўқилиши, диний таълим муассасалари сони тобора ортиб, устоз ва талабаларга энг яхши шароитлар қилиб берилаётгани, юзлаб китоблар нашр этилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари муаллифликларидаги ҳадиси қудсий ва ёшлар тарбиясига оид мазкур китобларни мутолаа қилган китобхон динимиз моҳиятини янада теран англаши, “Раббоний нидолар” ўзбек тилида қудсий ҳадислар жамланиб, мўътабар манбалар асосида шарҳланган илк нашр экани, “Ёшларга насиҳатим” китобида ёшларга оид муҳим масалалар содда, равон ва таъсирчан услубда ёзилганига урғу қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, жорий “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да юртимизда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. “Ёшларга насиҳатим” китоби ҳам ана шу ташаббусдан илҳом олиб ёзилган.
Китобни мутолаа қилган ўқувчи ўзини буюк аждодларимизнинг вориси эканлигини тасаввур этади ҳамда уларга муносиб авлод бўлишга, билим олиб етук шахс бўлиб вояга етишишга, юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишга бел боғлайди. Зеро, китобдан кўзланган асл мақсад ҳам шу аслида.
Маросимда Робиул аввал – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топган ой муносабати билан Пайғамбаримизнинг ҳаёт йўллари, у зотнинг бутун умматга, барча инсониятга эзгуликда намуна эканликлари оят ва ҳадислар, мавлиди шарифлар ва турли ижодий чиқишлар орқали намоён этилди.
Тадбир сўнггида Муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, сийрат ойида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хусни хулқларини ўрганиш ва уларни фарзандларимизга ўргатиш инсон руҳий оламини бойитиши, мазкур китоблар халқимиз, айниқса, ёшларни илм-маърифатли қилиш йўлидаги камтарона уриниш эканини изҳор этдилар. Шунингдек, мана шундай маърифий тадбирларни ўтказишдан мақсад, халқимизни, айниқса, ёшларни комил инсон қилиб тарбиялаш, илм-маърифат, таълим-тарбиясини юксалтириш ҳамда юртимиз ривожи, динимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшадиган муносиб авлодни тарбиялаш эканини баён этдилар.
Қасидалар, муножотлар ва салавоти шарифлар маросимга ўзгача файз бахш этди.
Баҳриддин Хушбоқов,
Фаррух Йўлдошев (сурат),
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Кишининг маърифати юксалгани сари ундаги фаросат нури ҳам кучайиб бораверади. Фаросат – кишида тез ва тўғри фаҳмлай олиш қобилияти, заковат, диддир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар. Чунки у Аллоҳнинг нури ила қарайди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Уламоларимиз ушбу ҳадисни шарҳлаб: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг” яъни маъсиятларнинг ошкорасидан ҳам, махфийсидан ҳам сақланинглар. Эҳтимол, мўмин киши қилаётган гуноҳларингизни басират кўзи ила кўриб турар, натижада унинг олдида изза бўласизлар. Чунки комил мўмин сизлар яшираётган нарсага Аллоҳ таоло ато этган қалб кўзи билан назар солади ва ҳақиқатни ҳис этади”, дейишган.
“Туҳфатул олий” китобида фаросат уч хил – иймоний, риёзий ва халқий бўлиши таъкидланган.
Иймоний фаросат – банда қалбига Аллоҳ таоло солган нуридир. Ушбу фаросат иймон қувватига кўра турлича бўлиб, иймон қанчалик кучли бўлса, фаросат ҳам шунча ўткир бўлади. Уламолар бунга мисол қилиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳаётида содир бўлган воқеани келтирадилар.
Бир киши ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келаётиб, йўлда бир номаҳрам аёлга қараб қўйди. Ҳазрат Усмон:
– Бирингиз кўзларидаги гуноҳ асорати билан кириб келмоқда, – деди. Ҳалиги киши ҳайрат-ла:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳам ваҳий борми?! – дея ғалати аҳволга тушиб қолди. Усмон розияллоҳу анҳу:
– Йўқ, лекин содиқ фаросат бор, – дедилар.
Риёзий фаросат – тўйиб таом емаслик, бедорлик ва ақлий машғулотлар билан кўп шуғулланиш орқали ҳосил бўлиб, нарсаларнинг ҳақиқатини англаш тўғрисидаги маълум бир тушунча юзага келади. Ушбу фаросат фақат мўмин кишига хос эмас, балки мазкур риёзатларни чеккан бошқа инсонларда ҳам бўлиши мумкин. Чунки бу фаросат иймонга ҳам, валийликка ҳам далолат қилмайди. Шунингдек, фақат хақиқатни ҳам, тўғри йўлни ҳам кўрсатиб бермайди.
Халқий фаросат – Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо қилган нарсалардан хулоса чиқариш истеъдоди.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари шогирдларига дарс бериб турганида мажлисга бир йигит кириб келади-да, илтифотсизлик билан: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг. Чунки у Аллоҳнинг нури билан қарайди”, деган ҳадиснинг мазмунини сўрайди. Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари унга: “Бу ҳадиснинг маъноси шуки, бўйнингдаги хочни ечгайсан”, дейди. У хочи борлигини инкор қилди. Шунда устознинг ишораси билан шогирдлар унинг тўнини ечишганда, хочи кўриниб қолади ва сири фош бўлади. У мазкур ҳадиснинг исботини кўргани боис иймонга келиб, Исломни қабул қилади.
Имом Шофеъий ва Имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳумаллоҳ Масжиди Ҳарамда ўтиришса, бир нотаниш киши масжидга кириб келди. Шунда Имом Муҳаммад унинг юриши ва ўзини тутишига қараб: “Бу одам дурадгор бўлса керак”, деди. Имом Шофеъий эса: “Менимча, бу одам темирчи-ёв”, деди. Шунда ўша одамни ўзидан сўралган эди: “Мен аввал темирчи эдим, айни пайтда дурадгорлик қилмоқдаман”, деб жавоб беради (“Рисолатул Қушайрия”). Яъни, ҳар икки олим ҳам фаросатларининг ўткирлигидан нотаниш кишининг касбини аниқ топа олишган.
Шунингдек, улуғларнинг мақоми ва эҳтиромини ўз ўрнига қўя олиш ҳам кишининг фаросатидан саналади. Масалан, бир киши Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан: “Сиз каттамисиз ёки Расулуллоҳми?” деб сўради. Шунда у зот: “У зот мендан катталар, лекин мен у зотдан аввалроқ туғилганман”, – деб жавоб берган.
Киши суҳбатдошига малол келмайдиган тарзда таълим бериши ҳам фаросатдир. Масалан, бир киши Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳнинг олдида акса урди ва суннатга мувофиқ ҳамд айтмади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак одоб билан ўша одамдан савол сўровчи талабадек: “Тақсир, киши акса урганда суннатга кўра нима дейди?” деб сўради. Ҳалиги одам: “Алҳамдулиллаҳ”, деди. Шунда у зот: “Ярҳамукаллоҳ” дея жавоб қайтарди.
Фаросатни зиёда қилиш учун ҳар ишда динимизга амал қилиш зарур. Ибн Шужоъ Кирмоний раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Ким зоҳирини суннатга эргашиш билан, ботинини Аллоҳнинг муроқабаси (назоратини ёдда сақлаши) билан обод қилса, кўзини ҳаромдан тўсса, нафсини ортиқча истакларидан тийса, ҳалол луқмага одатланса, фаросати ўткирлашади” (“Ҳилятул авлиё”).
Бугунги кунда фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига, уларнинг юксак фаросат соҳиблари бўлиб камол топишларига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор қаратишимиз даркор. Бунинг учун, аввало, ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам китоб мутолаасига одатланишимиз, илм-маърифат эгаллаш ҳаракатида бўлишимиз лозим. Зеро, Имом Абу Ҳомид Ғаззолий: “Илмнинг кўпайиши, маърифатнинг кенгайиши – тафаккур мевасидир”, деган.
Ғуломиддин ХОЛБОЕВ,
ЎзМИ Фатво маркази директор ўринбосари
"Ҳидоят" журнали 2-сонидан.