Устоз – жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдузлардир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган чиройли иборалар бор. Шундай экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кўрсатмалар берганлар.
Имом Аҳмад, Имом Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.
1-октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан қорақалпоғистонлик диний соҳа ходимларимиз Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги масжидларда кўп йиллар давомида хизмат қилган, бугунги кунда нафақада бўлган нуроний имом домлалар ҳолидан хабар олиб, байрам билан қутлади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Ўзбекистон элчихонасида икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, цивилизациялар мулоқоти ва умумий меросга бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда ШҲТ Котибияти раҳбарияти, Пекинда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, вазирлик ва идоралар ходимлари, етакчи таҳлил марказлари, илмий-академик ҳамда маданий доиралар вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам қатнашди.
Иштирокчиларга Ислом цивилизацияси маркази фаолияти кенг намойиш қилинди. Марказнинг ноёб концепцияси, асосий экспозициялари, илмий-маърифий йўналишлари ҳамда халқимизнинг бой меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича халқаро миссияси ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақидаги фильм иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир давомида қатнашчилар эътиборига Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти, замонавий тараққиётини акс эттирувчи 100 дан ортиқ видео ва фотосуратлардан иборат кўргазма ҳавола қилинди.
Мутахассислар Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази жаҳон аҳамиятига молик йирик лойиҳа эканини эътироф этди. Дунёда ўхшаши бўлмаган бундай ноёб марказнинг ташкил этилиши давлат раҳбарининг ўз халқи тарихи ва маданий меросига бўлган чексиз ҳурматини акс эттириши, Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳасидаги юксак ўрнини яққол намоён этиши таъкидланди.
“Бугун биз тарихий воқеага – Тошкентда барпо этилган ва аллақачон глобал аҳамият касб этган Ислом цивилизацияси марказининг муҳташам биноси тақдимотига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ушбу йирик лойиҳанинг амалга оширилиши бутун дунёга буюк цивилизациялар руҳини мужассам этган Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асл моҳияти ва ғоясини намоён этди”, – деди ШҲТ Бош котиби ўринбосари Суҳайл Хон.
Учрашувда қатнашган Пекин халқаро мулоқот клуби бош котиби Хань Хуа ҳам ушбу марказ ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази жаҳон маданияти ва санъатининг муҳим масканларидан биридир. Янги Ўзбекистонда бу жиҳат Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли яққол намоён бўлмоқда. У алоҳида таъкидлаганидек, мазкур муҳташам муассаса нафақат Ўзбекистон, балки бутун Шарқ цивилизациясининг бой маданий ва маънавий меросини дунёга тарғиб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати