Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Улуғ саҳобалар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қалбларини тафтиш этишни, бу дунёда ўзлари ёқтирган, келажакка умид бахш этадиган, амал ва эҳсонга ундайдиган ва шу билан бирга, ғам-ташвишларни аритадиган нарсаларни аниқлаб олишни ўргандилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Яхшиямки (бу дунёда) Аллоҳ йўлида учқур отларни чоптириш, кечалари қоим бўлиш ва инсонлар хурмонинг энг ширинини танлаб еганидек, энг тотли сўзларни танлаб сўзлайдиган инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш бор!» деганлар.
Демак, Умар розияллоҳу анҳу учун уч нарса суюкли бўлган экан: учқур отларни чоптириш, тунни ибодат билан бедор ўтказиш ва яхши сўзларни сўзлайдиган солиҳлар билан ҳаммажлис бўлиш. Улар билан бирга ўтириш яхшиликни зиёда қилади, қалбларга сокинлик олиб киради.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу бемор бўлганларида Аллоҳ таолога шундай нидо қилганлар: «Аллоҳим, Ўзинг биласан, мен оқиб турган анҳорлар учун, соя-салқин боғларда ўтириш учун, аёллар билан бирга бўлиш учун яшашни хоҳлаётганим йўқ! Мен жазирама иссиқда рўза тутиш учун, тунда қийналиб қоим бўлиш учун, зикр давраларида уламолар кўплигидан издиҳомларда ўтириш учунгина яшашни истаяпман!».
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг илмга муҳаббатлари, илм олишдаги ғайратлари қандай мева берганини биласизми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муоз ибн Жабал Қиёмат куни уламоларнинг имоми бўлади», деганлар.
Муоз розияллоҳу анҳунинг мартабалари, шарафлари, ўзларига хос хислатлари ана шундай бўлган. Энди эса у дунёда бу зот уламолар жамоасининг саййиди бўлар эканлар. Ваҳоланки, бундай шарафга эга бўлиш учун у киши кўп вақт сарфламаганлар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Шом юртида тарқалган ўлат сабабли ҳижрий 18 йилда, 33 ёшларида (бошқа қавлга кўра 38 ёшда) вафот этганлар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.
Энди мана шу саволга жавоб беринг: “Қайғуга чўмган пайтингизда сиз яхши кўрадиган, қилишга шошиладиган қандай севимли машғулотларингиз бор?”.
Бир қиз айтади: “Бу дунёда ёқтирадиган ишларимдан бири – рўза тутиш. Кўпинча қайғуларимга қарши рўза билан курашаман. Қачон ғамга ботсам, муаммоларим кўпайса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларига ишониб, Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутаман: «Рўзадор учун икки хурсандчилик бор: бири ифтор қилганида, бири Роббига етишганида» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Мен рўза қайғуларимни енгиллатаётганини, қалбимга ўзгача сурур олиб кираётганини кўрдим. Оғиз очиш пайтида ҳар қандай дунё қайғуларини йўқ қила оладиган улкан саодатни ҳис қиламан, чунки бу саодат – Пайғамбаримиз алайҳиссалом ваъда қилган раббоний хурсандчиликдир! Аллоҳдан кўпинча сўрайдиган ўтинчим шуки, дунёда рўза тутиш хурсандчилиги билан сийлаганидек, охират шодлигидан ҳам маҳрум этмасин”.
Яна бир қиз айтади:
«Қачон тушкунликка тушсам, онамнинг олдига бориб, бирор ишига ёрдамлашаман: уйни йиғиштираман, сингилчамни ўйнатиб, кулдириб ўтираман, отамга ўзи яхши кўрадиган қаҳва тайёрлаб бераман, дугонамга ёқадиган нимадир ўйлаб топаман ва ҳоказо. Бу ишларни қилар эканман, ўзгаларни хурсанд қилганимдек, Роббим ҳам менга ёрдам беришига, дардларимни аритишига ишончим комил эди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, шундай бўларди ҳам. Бошқаларга ёрдам берганим учун Роббимнинг изни ила қайғуларимга қарши тура олдим. Қайғуларим ўз ўрнини шодлик ва бахтга бўшатиб берди. Шу билан бирга, яқинларим ҳам, дугоналарим ҳам мени яхши кўришар эди. Зеро, бу ишларнинг барчасини суюкли Пайғамбаримизнинг мана шу сўзларига ишончим туфайли қилганман:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Ким бир мўминдан дунё ташвишларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким бир қийналган одамга енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунёю охиратда енгиллик қилиб беради. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда яширади. Модомики банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади” (Имом Муслим ривоят қилган).
Бир аёл айтади:
«Энг яхши кўрадиган ишим китоб ўқиш, масжидларда илмий-маърифий дарсларга қатнашиш эди. Шу икки иш ҳаёт довонларидан ошиб ўтишимда катта роль ўйнаган. Буни қарангки, айни мана шу ёқтирган ишларимни қилишда катта қийинчиликларга дуч келардим. Энди китобни очиб, ўқий бошласам, онам: «Бунинг ўрнига дарсларингни қилсангчи, бадиий китобдан нима фойда? Ундан кўра идиш-товоқни ювиб қўйсангчи?» деб, дашном беришни бошлар эдилар. Илм мажлисларига бориш ундан ҳам машаққатли бўларди, чунки бу мажлисларни оиламизда фақат мен ёқтирардим, илм мажлисидан қайтишим билан ота-онамдан қаттиқ дакки эшитардим. Лекин дакки эшитсам ҳам, масжидда ўзгача ҳаловат туярдим. У ерга боришимга рухсат сўраб, онамга роса ёлворардим. Йўлда кетаётиб, имтиҳонлардан эсон-омон ўтиб олишни Аллоҳдан тинмай илтижо қилиб сўрардим.
Минг афсуслар бўлсинки, онам баъзида мени тушунишга ҳаракат қилса-да, отам мутлақо тушунмас, институт толибаси бўлишимга қарамай, мени ҳақоратлар, ҳатто урар эди. Буларнинг барига чидардим, отамга нисбатан мулойим бўлишга, хизматларига шай туришга интилардим. Бундан ташқари, илм мажлисларидан олаётган фойдаларимни кўришсин деб, дарсларимда ҳам илғор бўлишга уринардим. Афсуски, барибир натижа кутилгандек бўлмасди.
Шу зайлда йиллар кетидан йиллар ўтиб бораверди. Магистр даражасига эришдим. Аллоҳ менга олийжаноб умр йўлдошни насиб этди. У мени илм мажлисларига янада кўпроқ боришга чорлар, илм олишдан илм тарқатиш босқичига ўтишимни истар эди. Унинг ёрдами билан ҳатто докторлик диссертациясини ҳам ёқладим. Орадан йиллар ўтиб, ота-онамнинг фахрига айландим, ака-сингилларимдан кўра уларга меҳрибонроқ бўлдим. Шунга қарамай, Аллоҳ уларни кечирсин-у, менга берган озорларини ҳеч унута олмадим…».
Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws