Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Октябр, 2024   |   03 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:07
Қуёш
06:25
Пешин
12:16
Аср
16:12
Шом
17:59
Хуфтон
19:12
Bismillah
06 Октябр, 2024, 03 Рабиъус сони, 1446
Янгиликлар

Фаол ва тажрибали имом-хатибга "Юрт ифтихори" эсдалик нишони топширилди

2.10.2024   2726   1 min.
Фаол ва тажрибали имом-хатибга

"Ўқитувчи ва мураббийлар куни" арафасида Қўқон шаҳридаги "Амирий" кутубхонасида Қўқон шаҳар бош имом-хатиби Абдумажид домла Исақовнинг "Баҳрул-маҳабба", "Замзам сувининг фазилатлати" ва "Аҳлингизни асранг, азизлар" китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги бош муҳтасиби Иқболжон Аҳмадалиев ва бир қатор мутасаддилар иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳаза ва табрикларини изҳор қилдилар.
 

Тақдимотда сўзга чиққанлар томонидан Абдумажид домланинг дин ва ватан ривожи йўлида амалга ошираётган самарали хизматлари тилга олиниб, халқимизга туҳфа қилинган янги нашрлар ёшларни имон-эътиқодли, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, айниқса, ёш оилалар учун "Аҳлингизни асранг, азизлар" китоби айни вақтида нашр этилганини эътироф этдилар.


Тадбирда якунида Абдумажид домла Исақовга Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги миқёсида ташкил этилган "Юрт ифтихори" эсдалик нишони топширилиб, устознинг келгуси фаолиятларига муваффақият тиланди. 

Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Фаол ва тажрибали имом-хатибга Фаол ва тажрибали имом-хатибга Фаол ва тажрибали имом-хатибга
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳақиқий дин қандай бўлади?

27.09.2024   13548   3 min.
Ҳақиқий дин қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниҳоят Макка фатҳ қилинди. Унга ўзлиги қайтарилди. Тавҳид қибласи, мўминлар қалбининг маъшуқаси ширк ботқоғидан қутқарилди. Энди навбат бутун араб жазирасини ширкдан қутқаришга келган эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалом ислом арслони Али ибн Аби Толиб розияллоллоҳу анҳуни чақирдилар. У зотни қўшинга бош қилиб, Той қабиласи бути Фулсни парчалагани юбордилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қўшин билан бориб юклатилган вазифани аъло даражада бажариб асирлар билан Мадинага қайтдилар. Асирларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилиш ҳақида машварат қилиш учун масжид олдида қўйдилар.

Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётганларида у зотни асир аёллардан бири тўхтатиб деди:

– Эй Муҳаммад! Агар мумкин бўлса мени озод қилсанг. Араблар мендан кулишмаса яхши бўлар эди. Отам ўлди. Келиб-кетувчилар тўхтади. Менга илтифот қил, Аллоҳ ҳам сенга илтифот қилсин! Отам қавмининг саййиди эди. У қийналганларга ёрдам қилар, жиноят қилганларни авф қилар, қўшничиликни сақлар, шарафни ҳимоя қилар, фақирларни суяр, уларга таом берар, саломни тарқатар, юки оғирларнинг юкини кўтарар, тақдир зарбаларига учраганларга ёрдам берар эди. Ҳожатини сўраб келган бирор кишини ноумид қилган эмас. Мен Ҳотам Тоийнинг қизи Саффона бўламан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

– Булар ҳақиқий мусулмоннинг сифатларидир. Агар отанг мусулмон бўлганида биз Аллоҳдан унга раҳм қилишини сўраган бўлар эдик.

Сўнгра саҳобаларга қараб:

– Уни қўйиб юборинглар. Унинг отаси гўзал ахлоққа даъват қилар эди, дедилар.

Юқоридаги сифатлар ҳақиқатдан ҳам мусулмонларнинг сифати. Биз эътибор берадиган жой мана шу ер.

Ҳақиқий дин масжидда эмас, жойнамоз устида ҳам эмас.

Ҳақиқий дин тижорат ва мансабдаги омонатдорликда.

Ҳақиқий дин ота-она олдидаги камтарликда.

Ҳақиқий дин ака-укалар ва опа-сингилларга қилинадиган яхшиликда.

Ҳақиқий дин жуфти ҳалолнинг азиятига сабр этиш ва фарзандларга раҳм қилишда.

Ҳақиқий дин қўшниларинг билан қилинадиган муомалада.

Ҳақиқий дин беморга пул йиғилганида бахиллик қилмасликда.

Ҳақиқий дин биров ғийбат қилинганда ғийбатчиларга қўшилиб кетмасликда.

Ҳақиқий дин одамларнинг айбини яширишда.

Ҳақиқий дин ишониб айтилган сирни сақлай олишда.

Тавҳид, намоз, рўза ва бошқа ибодатлар Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққидир. Улар диннинг ярми. Қолган ярми эса, бошқалар билан қандай муомала қилишингдадир.

Ҳаётда кўринмайдиган диндорлик ичи бўш диндорликдир.

Сени юмшоқ, сахий ва бировга зарари тегмайдиган бўлишингни таъминламаган иймон нуқсонли иймондир.

Тўғри, киши агар куфрда вафот этса бу ахлоқлар унга фойда бермайди. Аммо хулқсиз иймон ҳам оқсоқ иймондир.

Ушбу ибрат нақадар ўринли: «Диннинг барчаси хулқдир. Ким сендан хулқда ўзиб кетган бўлса, демак динда ўзиб кетибди!».

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди