Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг саботлари

2.10.2024   2495   6 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг саботлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча гўзал хулқ ва сифатларини бир сўз билан васф этишни сўрасалар мен “сабот” деган сўзни таклиф қилган бўлардим.

Сабот – яъни қатъийлик, енгилмаслик, собитқадамлик деганидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида сиёсий, жисмоний, молиявий, оилавий, маънавий ва диний каби синовнинг барча турлари билан мусибатга учраганлар. Лекин бу синовларнинг қаршисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асло енгилмадилар, ортга чекинмадилар. У зот алайҳиссалом ҳамиша қатъий эдилар.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳарами шарифда намоз ўқиётган эдилар. У зотнинг елкаларига Уқба ибн Абу Муайт туя қорнини ташлади. Юк оғирлигидан Пайғамбаримиз алайҳиссалом саждага борганча туравердилар. Мушриклар қаҳ-қаҳ отиб кулишди. Буни кўрган қизлари Фотима розияллоҳу анҳо югуриб келди. Отасининг муборак елкаларини кўзларида ёш ила тозалади. Шунда “йиғлама, қизим. Аллоҳ динини камолга етказади”, дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

Мушриклар тинмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларидан мазах қилишар, қўлларидаги суякни у зот алайҳиссаломга отиб, “Аллоҳ шуни қайта тириладими?!” дейишарди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг камситиш ва мазахлари қаршисида ҳамиша собит эдилар.

Душманлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жисмоний зўравонлик орқали сабрларини синдира олишмади. Натижада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оилалари орқали зарба беришмоқчи бўлишди. Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ ҳимоя этарди ва у зотга ғамхўрлик қиларди. Шунинг учун Абу Толибга ўз жиянига босим қилишга, даъватни тўхтатишга кўндиришини сўрашди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, агар ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни тутқазишса ҳам Аллоҳнинг ўзи бошлаган ишимга равнақ бермагунча ёки шу йўлда ҳалок бўлмагунимча танлаган йўлимдан воз кечмайман”, деб жавоб бердилар.

Шундан сўнг, қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Мол-дунёга эришмоқчи бўлсанг, биз сенга ўз мол мулкларимизни тўплаб берамиз. Шунда ичимиздаги энг бадавлат киши бўласан. Агар обрў ва мартаба керак бўлса, сени ўзимизга бошлиқ қилиб оламиз. Сенинг амрингсиз бирор ишга қўл урмаймиз. Агар подшоҳликни хоҳласанг, сени ўзимизга подшоҳ қилиб олайлик” деб Исломни ёйишдан воз кечишни сўрашганида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча таклифларини рад этдилар.

Қурайш зодогонлари Утба ибн Рабиъани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлаган даъватларини тўхтатишлари борасида музокара олиб бориши учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига юборишди. Утба сўзини тугатгунига қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни жим туриб тингладилар. Сўзини тугатганидан сўнг: “Эй Абул Валид, сўзингни тугатдингми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа!” деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фуссилат сурасининг дастлабки оятидан бошлаб, то қуйидаги оятигача ўқиб бердилар: «Бас, агар юз ўгирсалар, сен: “Мен сизларни Од ва Самудга келган чақмоққа ўхшаш чақмоқ-ла огоҳлантирдим”, деб айт» (Фуссилат сураси, 13-оят).

Бу оятни эшитган Утбанинг юзи гўё чақмоқ ургандек ўзгарди. Қавми олдига қайтиб, улар Муҳаммад алайҳиссаломни тўхтата олмасликларини айтади.

Шундан сўнг, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломни қабул қилишлари учун қуйидагича шартни таклиф қилдилар: “Бир йил сиз бизнинг бутга, келаси йили эса, биз Аллоҳга ибодат қиламиз”. Уларнинг бу шартларига Аллоҳ таоло “кафирун” сурасини нозил қилди.

Ушбу оятлар мушрикларнинг шартларига қатъий жавоб бўлди. Дин душманлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни даъват қилишдан қайтаришга яна турли йўлларни изладилар. Кунларнинг бирида қуйидаги шартларини айтишди:

“Эй Муҳаммад, биз сенга иймон келтирамиз. Фақат сенга эргашган фақир, заиф ва камбағал мусулмонларни атрофингдан ҳайдаб юборасан”. Бу сафар ҳам улар қатъий рад жавобни олдилар.

Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган адоватлари қаттиқлигидан у зот алайҳиссаломни ёлғончи, сеҳргар, шоир, мажнун деб масхара қилишар, муборак исмларини “Музаммам” яъни “ёмонланган”, “мазаммат қилинган” деб ҳақорат қилишарди. “Ассому алайкум” яъни “Сенга ўлим бўлсин” деб айтишарди.

Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қанчалик ҳақорат қилишмасин, у зот алайҳиссалом асло тушкунликка тушмадилар, ортга чекинмадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб жанглар билан ҳам синовга учрадилар. Лекин ҳеч нарса у зотнинг иродалари, саботларини бука олмади. Ҳазрати Али розияллоҳу айтадилар: “Бадр жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот алайҳиссалом энг жасур жангчи эдилар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яқин кишиларидан айрилдилар. Биринчи ва суюкли жуфти ҳалоллари, садоқатли, ҳамдард ва ёрдамчи завжаи мутоҳҳара Хадичаи онамиз вафот этганларида, севикли амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳунинг жасадини кўрганларида, бир эмас, 6 нафар фарзандларидан айрилганларида, жанг майдонларида бир қанча яхши кўрган саҳобаларининг вафот этганини кўрганларида қанчалик ғамга ботган бўлмасинлар, асло ортга қадам ташламадилар, сабр қилиш ва қатъийликда гўзал намуна бўлдилар.

Ҳар бир ишда умматларига намуна бўлган севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Жоним сизга фидо бўлсин Расулуллоҳ, Сиз соғинган умматлардан бўлсам эди.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

30.09.2024   3573   1 min.
Ўтганлар ҳақида “раҳматли” дейиш жоизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Марҳумлар ҳақида гапирганда ҳозир кӯп кишилар "раҳматли бӯлиб кетган", деб айтишмоқда. Шунда мен бундай дейиш хато десам, ким айтди буни, деб сӯрашяпти. Шунга бир изоҳли жавоб берсангиз?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Вафот этган мўмин-мусулмонларнинг ҳаққига мазкур сўзлар билан дуо қилиш ва ўтганларга Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини умид қилиш мустаҳаб-савобли ишлардан биридир.

Мусулмон инсоннинг мусулмон устидаги ҳақларидан бири вафотидан кейин уни яхшилик билан эслаш, хотирлаш ва ҳаққига хайрли дуо қилишдир.

Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларга ўзларидан аввал иймон билан ўтган зотларнинг ҳаққига дуо ва мағфират сўраб дуо қилишларини таълим бермоқда. Мусулмонлар асрлар оша ушбу таълимотга содиқ қолиб келмоқдалар.

Ўтганларни хотирлаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш турли халқларда турлича ибора ва сўзлар билан ифода қилинади. Бизнинг халқимизда ўтганларни “марҳум”, “мағфур” “раҳматли”, “раҳматли бўлиб кетган” ва шу каби дуо маъносидаги сўзлар билан ёдга олиш урф бўлган ва бу савобли амалдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар