Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Семиз аёл автобусга чиққан эди, йўловчилардан бири бақириб қолди: “Мен бу автобусни филларни ташиш учун махсус эканлигини билмабман”.
Аёл босиқлик билан жавоб берди: “Адашдингиз жаноб, бу автобус ҳудди Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси каби, унга фил ҳам эшак ҳам минаверади”.
Машҳур ёзувчи Бернард Шоуга бошқа бир ёзувчи гап қотди: “Сиз мол-дунё топиш учун ёзасиз. Мен эса, иззат ва шараф учун ёзаман. Шунинг учун мен сиздан афзалман”.
Бернард Шоу унга ҳозиржавоблик билан деди: “Тўғри айтасиз, кимга нима етишмаса ўшани ахтарадида”.
Жоҳилият даври шоири Башор ибн Бурднинг кўзлари аъмо эди. Бир куни унга бир киши: “Аллоҳ таоло бир одамни кўзини кўр қилган бўлса, унга бошқа нарсани эваз қилиб беради. Сизга нимани эваз қилиб берган?” деб сўради истеҳзо ила. Башор ҳозиржавоблик ила: “Сенга ўхшаганларни кўрмаслигимни эваз қилиб берди”, деди.
Бир аъмо киши уйланди. Унга хотини: “Агар мени кўрганингизда эди, нақадар оқбадан, нақадар гўзаллигимни кўриб таажжубланган бўлардингиз”, деди. Шунда эри: “Агар айтганингдек бўлганингда эди, кўзи очиқлар сени менга қолдирмаган бўлар эди”, дебди.
Қабиҳ бир аёл бир кишига қараб: “Агар сен мени эрим бўлганингда қаҳвангга заҳар солиб берган бўлар эдим”, дебди. Эркак унга жавобан: “Агар мен сенинг эринг бўлганимда ўша қаҳвани ичишга бир лаҳза ҳам тараддудланмаган бўлар эдим”, дебди.
Британия собиқ бош вазири Черчилль ориқ Бернард Шоуга қараб: “Сизни кўрган одам Британияда озиқ-овқат тақчиллиги муаммоси бор экан, деб ўйлайди”, дебди. Бернард Шоу семиз Черчилльга жавобан: “Сизни кўрган одам эса, ўша муаммонинг сабабини тушуниб олади”, дебди.
Бир куни Жуҳо бир қишлоққа борса ўша қишлоқ аҳолисидан бири унга: “Эй Жуҳо, мен сизни мана бу эшагингиздан танибман”, деб гап қотибди. Зукко Жуҳо унга жавобан: “Ҳа, одатда эшак эшакни танийдида”, дебди.
Бир киши бир аёлга қараб: “Эҳ нақадар гўзалсиза!” дебди. Аёл эркакка: “Агар сиз ҳам гўзал бўлганингизда, сизга ҳам ўшандай мақтов айтган бўлар эдим”, дебди. Шунда эркак: “Ҳечқиси йўқ, менга ўхшаб ёлғондан айтаверинг”, дебди.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ