Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Октябр, 2024   |   03 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:07
Қуёш
06:25
Пешин
12:16
Аср
16:12
Шом
17:59
Хуфтон
19:12
Bismillah
06 Октябр, 2024, 03 Рабиъус сони, 1446

Нима учун Расулуллоҳ ﷺга эргашамиз?

2.10.2024   2555   1 min.
Нима учун Расулуллоҳ ﷺга эргашамиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш учун. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ва (Унинг) Расулига итоат этингиз!” (Анфол сураси, 20-оят). Бу маънодаги оят Қуръони каримда такрор-такрор келган.


2. Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлиш учун.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бандаларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашишдир”.

3. Фарз амалларда йўл қўйилган камчиликларнинг ўрнини тўлдириш учун.

4. Бидъат, залолатга берилиб кетишдан сақланиш учун. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар – Аллоҳнинг китоби ва Менинг суннатимдир”, деганлар (Имом Молик ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашимизга ва унда бардавом бўлишимизга тавфиқ ато этсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳақиқий дин қандай бўлади?

27.09.2024   13559   3 min.
Ҳақиқий дин қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниҳоят Макка фатҳ қилинди. Унга ўзлиги қайтарилди. Тавҳид қибласи, мўминлар қалбининг маъшуқаси ширк ботқоғидан қутқарилди. Энди навбат бутун араб жазирасини ширкдан қутқаришга келган эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалом ислом арслони Али ибн Аби Толиб розияллоллоҳу анҳуни чақирдилар. У зотни қўшинга бош қилиб, Той қабиласи бути Фулсни парчалагани юбордилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қўшин билан бориб юклатилган вазифани аъло даражада бажариб асирлар билан Мадинага қайтдилар. Асирларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилиш ҳақида машварат қилиш учун масжид олдида қўйдилар.

Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётганларида у зотни асир аёллардан бири тўхтатиб деди:

– Эй Муҳаммад! Агар мумкин бўлса мени озод қилсанг. Араблар мендан кулишмаса яхши бўлар эди. Отам ўлди. Келиб-кетувчилар тўхтади. Менга илтифот қил, Аллоҳ ҳам сенга илтифот қилсин! Отам қавмининг саййиди эди. У қийналганларга ёрдам қилар, жиноят қилганларни авф қилар, қўшничиликни сақлар, шарафни ҳимоя қилар, фақирларни суяр, уларга таом берар, саломни тарқатар, юки оғирларнинг юкини кўтарар, тақдир зарбаларига учраганларга ёрдам берар эди. Ҳожатини сўраб келган бирор кишини ноумид қилган эмас. Мен Ҳотам Тоийнинг қизи Саффона бўламан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

– Булар ҳақиқий мусулмоннинг сифатларидир. Агар отанг мусулмон бўлганида биз Аллоҳдан унга раҳм қилишини сўраган бўлар эдик.

Сўнгра саҳобаларга қараб:

– Уни қўйиб юборинглар. Унинг отаси гўзал ахлоққа даъват қилар эди, дедилар.

Юқоридаги сифатлар ҳақиқатдан ҳам мусулмонларнинг сифати. Биз эътибор берадиган жой мана шу ер.

Ҳақиқий дин масжидда эмас, жойнамоз устида ҳам эмас.

Ҳақиқий дин тижорат ва мансабдаги омонатдорликда.

Ҳақиқий дин ота-она олдидаги камтарликда.

Ҳақиқий дин ака-укалар ва опа-сингилларга қилинадиган яхшиликда.

Ҳақиқий дин жуфти ҳалолнинг азиятига сабр этиш ва фарзандларга раҳм қилишда.

Ҳақиқий дин қўшниларинг билан қилинадиган муомалада.

Ҳақиқий дин беморга пул йиғилганида бахиллик қилмасликда.

Ҳақиқий дин биров ғийбат қилинганда ғийбатчиларга қўшилиб кетмасликда.

Ҳақиқий дин одамларнинг айбини яширишда.

Ҳақиқий дин ишониб айтилган сирни сақлай олишда.

Тавҳид, намоз, рўза ва бошқа ибодатлар Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққидир. Улар диннинг ярми. Қолган ярми эса, бошқалар билан қандай муомала қилишингдадир.

Ҳаётда кўринмайдиган диндорлик ичи бўш диндорликдир.

Сени юмшоқ, сахий ва бировга зарари тегмайдиган бўлишингни таъминламаган иймон нуқсонли иймондир.

Тўғри, киши агар куфрда вафот этса бу ахлоқлар унга фойда бермайди. Аммо хулқсиз иймон ҳам оқсоқ иймондир.

Ушбу ибрат нақадар ўринли: «Диннинг барчаси хулқдир. Ким сендан хулқда ўзиб кетган бўлса, демак динда ўзиб кетибди!».

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди