Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий 11-йили муҳаррам ойида Рум юртларига юришга мусулмонлар тайёргарлик кўришини буюрдилар. Қўшин қўмондонлигини эндигина ўн саккиз ёшга кирган Усома ибн Зайдга топширди. Унга Ғазза яқинида жойлашган Балқа ва Дорум қалъаларини олиб, сўнгра Мадинага қайтиш тайинланди.
Аммо ёш йигитнинг қўмондон этиб тайинланиши мунофиқлар ва баъзи мусулмонлар томонидан маъқулланмади. Бу каби гап-сўзлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарорини ўзгартира олмади.
Биринчидан, Мута жангида отаси Зайддан айрилган ёш Усомага далда бериш учун Расулуллоҳ алайҳиссалом уни қўмондон қилиб тайинладилар ва юборилаётган манзил отаси ўлган жойларга яқин эди.
Иккинчидан, боқий дунёга кетишлари олдидан саҳобаларини ҳар қандай қийинчиликка тайёр туришларини, тайинланган раҳбар буйруғига итоат этиш билангина муваффақиятга эришишлари борасида таълим бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтилофларга чек қўйиш учун хутба қилиб, мусулмонларни ўз ҳукмдорлари томонидан тайинланган амирларга итоат қилишни буюрдилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сиз унинг тайинланишидан норози бўлсангиз, аввалроқ унинг отасининг тайинланишидан ҳам норози бўлгансиз. Аллоҳга қасамки, Зайд амирликка лойиқ эди ва мен учун энг азиз кишилардан эди ва ҳақиқатан, Усома ҳам мен учун энг азиз кишилардан биридир”.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Усоманинг бурнини артиб қўймоқчи бўлдилар. Мен у зотга:
«Менга қўйиб беринг, ўша ишни мен қилай», дедим.
«Эй Оиша, унга муҳаббат қилгин! Бас, таъкидлаб айтаманки, мен унга муҳаббат қилурман», дедилар».
Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Бирдан Али билан Аббос келиб, изн сўраб қолишди.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Али билан Аббос изн сўрашмоқда», дедим.
«Уларни нима олиб келганини билдингми?» дедилар.
«Билмадим», дедим.
«Аммо мен биламан», дедилар.
Бас, у зот изн бердилар. Улар кирдилар ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ҳузурингизга аҳлингиздан қай бири сизга энг маҳбуби эканлигини сўрагани келдик», дейишди.
«Фотима бинти Муҳаммад», дедилар.
«У аҳлингиз ҳақида сўрагани келганимиз йўқ», дейишди.
«Аҳлимнинг менга энг маҳбуби, батаҳқиқ, Аллоҳ унга инъом берган ва мен ҳам унга инъом берган шахс, Усома ибн Зайддир», дедилар.
«Сўнгра ким?» дейишди.
«Сўнгра Али ибн Абу Толиб», дедилар.
Шунда Аббос:
«Эй Аллоҳнинг Расули, амакингизни охирига қўйдингизми?» деди.
«Чунки Али ҳижрати ила сендан ўзиб кетган», дедилар».
Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолганларида тушдим. Одамлар ҳам Мадинага тушдилар. Мен у зотнинг олдиларига кирдим. Бас, жим бўлиб қолган эканлар. Гапирмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини устимга қўйиб, кўтара бошладилар. У зот мени дуо қилаётганларини билдим» (Имом Термизий ривояти).
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
1. Дуо қилиш. Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир.
Солиҳлардан бири айтади: "Аллоҳга қасам! Арафа куни бирор дуо қилсам, бир йил ўтмасидан туриб уни худди ёришган тонг каби амалга ошганини кўрдим".
Ўтган солиҳлар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди. Қанчадан қанча орзу-умидлар ва дуолар арафа кунида ижобат қилинган.
2. Ушбу дуони кўп қилиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб айтган дуосидир”, дедилар.
3. Аллоҳдан дўзахдан паноҳ сўраш. Бу кундан кўра дўзахдан кўп озод бўладиган кун йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!”.
4. Такбири ташриқ айтиш. Бу куннинг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.
5. Рўза тутиш. Бу кун тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорот бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Арафа кунингиз муборак бўлсин. Аллоҳ таоло сизни бу куннинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД