Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси буйруғига асосан Тошкент ислом институтига Ўқув ишлари бўйича проректор тайинланди.
ТИИ «Қуръони Карим ва тажвид» ўқув курси бўлим бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Жаҳонгир Рўзиев Ўктамович проректор сифатида жамоага эълон қилинди.
Йиғилишда ЎМИ раиси ўринбосари, ТИИ ректори Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов сўзга чиқиб, Жаҳонгир Убайдуллоҳга масъулиятли вазифадаги фаолиятига муваффақият тилади.
Жаҳонгир Убайдуллоҳ 2005-2009 йиллари «Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юртида, 2009-2013 йиллари ТИИда, 2018-2020 йиллари Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистратурасида таълим олган.
Меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳар «Аҳмаджон қори» жомеъ масжиди имом ноиби вазифасида бошлаган. Узоқ йиллардан буён ТИИ «Қуръон илмлари» кафедрасида талабаларга дарс бериб келмоқда. Шу билан бирга қироат илмлари бўйича эркин изланувчи сифатида илмий-тадқиқот олиб бормоқда.
Аллоҳ таоло вазифасига янги тайинланган проректорнинг ишларига хайру барака ато қилсин!
https://t.me/oliymahad
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Ботирхон домла Рўзиевнинг падари бузрукворлари Жониқул отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Ботирхон домла Рўзиевга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz