Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2025   |   21 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
17 Июн, 2025, 21 Зулҳижжа, 1446
Янгиликлар

Тошкент ислом институтига ўқув ишлари бўйича проректор тайинланди

03.10.2024   8441   1 min.
Тошкент ислом институтига ўқув ишлари бўйича проректор тайинланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси буйруғига асосан Тошкент ислом институтига Ўқув ишлари бўйича проректор тайинланди.

ТИИ «Қуръони Карим ва тажвид» ўқув курси бўлим бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Жаҳонгир Рўзиев Ўктамович проректор сифатида жамоага эълон қилинди.

Йиғилишда ЎМИ раиси ўринбосари, ТИИ ректори Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов сўзга чиқиб, Жаҳонгир Убайдуллоҳга масъулиятли вазифадаги фаолиятига муваффақият тилади.

Жаҳонгир Убайдуллоҳ 2005-2009 йиллари «Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юртида, 2009-2013 йиллари ТИИда, 2018-2020 йиллари Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистратурасида таълим олган.

Меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳар «Аҳмаджон қори» жомеъ масжиди имом ноиби вазифасида бошлаган. Узоқ йиллардан буён ТИИ «Қуръон илмлари» кафедрасида талабаларга дарс бериб келмоқда. Шу билан бирга қироат илмлари бўйича эркин изланувчи сифатида илмий-тадқиқот олиб бормоқда.

Аллоҳ таоло вазифасига янги тайинланган проректорнинг ишларига хайру барака ато қилсин!

https://t.me/oliymahad 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Жамоат намозини ўтказиб юборганнинг таъзияси

13.06.2025   7154   2 min.
Жамоат намозини ўтказиб юборганнинг таъзияси

Ўтган солиҳ зотлар жамоат билан намоз ўқиёлмай қолсалар, бир-бирларига таъзия изҳор қилишар экан. Шундай зотлардан бири Ҳотамул Асом айтади: “Мен жамоатга улгурмай қолдим, шунда менга Абу Исҳоқ Бухорийнинг бир ўзи таъзия билдирди. Агарда ўғлим ўлиб қолса минглаб одамлар таъзия изҳор қилишади. Бунинг сабаби одамлар наздида дин мусибати дунё мусибатларидан кўра арзимас саналганидандир”.

Бугунги кунда орамизда қанчалаб одамлар жамоат намозларини ўтказиб юборадилар, жиддий эътибор қаратмайдилар. Баъзида иш, ғам-ташвишларнинг кўплигини баҳона қиламиз, тўғрими?! Яна кўплар туни билан ухламасдан, бомдод намозига яқин ухлаб қолишлари ҳам бор гап.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Зимис­тонда масжидлар сари одим ташловчиларга қиёмат кунидаги тамомий нурнинг хушхабарини беринглар”[1] деганларини наҳот эшитмагансиз?!

Шайтон сизнинг устингиздан ғалабага эришиб, намозда хотиржамлигингизни кетказишига имкон берманг!

Омир ибн Абдуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида азон овозини эшитиб: “Мени қўлимдан тутинглар”, дедилар. Омир ибн Абдуллоҳга “Ахир сиз бетобсиз-ку”, дейишганида: “Аллоҳнинг чақириғини эшитиб туриб, унга риоя қилмайманми”, дедилар. Кейин  у кишини қўлидан ушлаб турғизишди. Масжидда имом билан шом намозининг бир ракатини ўқидилар ва жон таслим қилдилар.

Яна бир мисол: Суфён ибн Уяйна азон айтилишидан илгари намозга боришга иштиёқманд бўлганлар ва доим: “Намозга азон айтилмагунича масжидга келиб турмайдиган ёмон қул бўлма. Чунки ёмон қул чақирмагунингча келмайди”, дер эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирардик, у зот ҳам биз билан гаплашиб ўтирардилар. Борди-ю, намоз вақти кириб қолса, бир-биримизни танимагандай бўлиб олардик”[2].

Шукрки, орамизда масжидда биринчи сафга жойлашиш учун ғайрат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Набий алайҳиссалом: “Агарда одамлар азонда ва биринчи сафда нималар борлигини билишса эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа чора бўлмаса, албатта, қуръа ташлаган бўлардилар”, деганлар.

 Саид ибн Мусайяб айтади: “Мен эллик йилдан бери бирор марта биринчи такбирни ўтказиб юбормаганман. Эллик йилдан буён намозда бирорта кишининг бошининг орқасига қараган эмасман”.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Термизий ва Имом  Абу Довуд ривояти.
[2]  Мурсал ҳадис. Ироқийнинг “Иҳё”га ёзган тахрижига қаранг (1, 205).