Шу йилнинг 3 октябрь куни Остона шаҳрида “Хoжа Aҳмад Яссавий ва унинг маънавий мероси” номли Туркий давлатлар олимларининг халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Унда туркий давлатлар муфтийлари, дин ва давлат арбоблари таниқли уламолар, мутасаввиф олимлар ва диний соҳа ходимлари қатнашди.
Анжуман аввалида Қозоғистон Республикаси парламенти юқори палатаси - Сенат раиси Маулен Ашимбаев ушбу мамлакат Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев жанобларининг иштирокчиларга табригини етказди.
Нуфузли анжуманда Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзга чиқиб, Хожа Аҳмад Яссавий туркий халқларнинг маънавий камолотига, ахлоқий покланиши ва руҳий олами бойиши йўлида буюк хизматлар қилгани, унинг маънавий мероси бугунги кунда ҳам таълим-тарбия ишида кенг фойдаланилаётгани, Аҳмад Яссавий Бухорои шарифда таълим олгани, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний кабилар билан ҳамсуҳбат бўлиб, Юсуф Ҳамадонийнинг шогирди саналишининг илмий асосларини келтирдилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари соҳибқирон Амир Темур Хoжа Аҳмад Яссавий мақбарасини Туркистон шаҳрида қурдиргани туркий халқлар қадимдан бунёдкорлик ишларида ўзаро иттифоқ бўлганига далолат қилиши, бугунги замонимизда ҳам бир эзгу мақсад йўлида бирлашиш ана шундай асрларга татигулик хайрли ишларга сабаб бўлишини таъкидладилар.
Анжуманда сўзга чиққан олимлар Хожа Аҳмад Яссавий нафақат Турк дунёсида, балки бутун Ислом оламида шуҳрат қозонгани, унинг таълимоти асрлар бўйи давом этиб келаётгани, у зот асос солган Яссавийлик таълимоти ҳамда асарлари узоқ йиллардан буён олимлар, тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келаётганини қайд этишди. Шу билан бирга, Хожа Аҳмад Яссавийга мансуб “Девони ҳикмат” асари мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Абдулҳаким Орипов "Аҳмад Яссавий таълимотининг Қуръон ва суннатга мослиги" мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди.
Халқаро илмий-амалий анжуман якунида иштирокчиларнинг мурожаати эълон қилинди. Унда Хожа Аҳмад Яссавий эзгу таълимотларини кенг ёйиш, комил инсон бўлиш учун зарур сифатларни ёшлар тарбиясида қўллаш, аллома меросини чуқур ўрганиш ва тасаввуф ривожига қўшган ҳиссасини тарғиб этиш каби ишларни янада оммалаштириш лозимлиги баён этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шариатимиз доимо мутаассибликка қарши бўлиб, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бу иш қораланган. Мутаассиблик оқибатида доимий равишда динга зарар етказилди, бу ҳол ҳозирда давом этмоқда. Мутаассибликдан ёшларни ҳимоя қилиш учун унинг мазмун-моҳиятини, олимлар унга қандай таъриф берганини билишимиз лозим.
Мутаассиблик бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишдир. Ҳозирги замон тили билан бу фанатизм ҳам дейилади.
Мутаассиб киши кўр-кўрона, хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзини фикрини ҳақ, бошқаларникини ноҳақ деб эътиқод қилган ҳолда ўз тушунчасини амалда кўрсатишга ҳаракат қилади.
“Кашшофу истилоҳотил фунун” китобида: “Мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир”, деб таърифланган.
Уламолардан Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ: “Мутаассиблик ҳақ зоҳир бўлса ҳам уни тан олмасликдир”, деб айтган.
Шайх Аловуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи: “Далил зоҳир бўлганда, ақидаси ҳақни тан олишдан тўсадиган киши мутаассиб ҳисобланади”, деган.
Содруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубий эса: “Билингки, бидъат икки ишнинг биридан пайдо бўлади. Биринчиси мутаассибликдан, иккинчиси аҳмоқликдан. Бир инсон ақли жойида бўлган ҳолида қалбидаги ақидаси бузуқ бўлгани боис ҳақни тан олмасдан катта кетса, ана шу кимса мутаассиб бўлади”, деб айтган.
Аллоҳ таоло бундай кимсаларга таҳдид қилиб Нисо сурасининг 15-оятида: «Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!», деб айтган.
Шунингдек, мутаассиб киши жамият ичида тарафкашлик ва бўлиниш юзага чиқишига ҳам сабабчи бўлади. Бу ҳам муқаддас динимизда қораланган ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизни бундай кимсалардан бўлиб қолишдан ўзи паноҳ берсин, ўзи ҳидоят йўлга йўлласин!
Манба: “Диний мутаассиблик, моҳият, мақсад ва уни олдини олиш йўллари” китоби
Абдусаломов Ҳожимурод,
Тошкент Ислом институти талабаси.