Ислом омонлик динидир. Инсонлар динимиз кўрсатмаларига амал қилмас экан, хавфсизлик, хотиржамликка эришиб бўлмайди. Чунки, Исломда жонни ўлдириш, ўзганинг мулкига тажовуз қилиш ва ботил йўл билан молу мулкка эга бўлиш ҳаром қилинган. Муборак динимиз таълимотларида бирон кишига зулм ва зўравонлик қилиш у ёқда турсин, мусулмонни ҳатто қўрқитишдан ҳам қайтарилган.
Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: “Нимага куляпсизлар?” дедилар. “Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз”, дейишди. У зот: “Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни шундай дедилар: “Аллоҳга қасам, мўмин бўлмайди, мўмин бўлмайди, мўмин бўлмайди”. Саҳобалар “Ким, эй Aллоҳнинг Расули?” деб сўраганларида, у зот соллаллоҳу алайҳи вааллам: “Қўшниси унинг ёмонликларидан омон бўлмаган киши”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Қўшнисига озор бериб, ёмонлик қиладиган кишининг имони мукаммал бўлмаслигини қайта қайта таъкидлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исломнинг моҳияти, уни тинчлик ва хотиржамлик дини эканига яна бир бор эътиборимизни қаратдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бирордарига қурол уқталганни лаънатладилар. Иймон келтирмас ва бир-биримизни яхши кўрмас эканмиз жаннатни умид қилмаслигимизни таъкидладилар. Кишилар орасида бир бирига нисбатан муҳаббатнинг пайдо бўлиши эса саломлашиш орқали бўлишини уқтирдилар. Чунки саломлашишда омонлик, тинчлик тилаш борлиги жамиятда бағрикенглик ҳиссиётини пайдо қилади. Бу эса исломнинг улуғ одатларидандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир муборак ҳадисларида: “Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан омон қолган кишидир”, дедилар. Бухорий ва Муслим ривояти.
Мусулмонларга озор бермаган, уларга тили ва қўли билан зарар етказмаган одам афзал мусулмон бўлади. “Ислом”, “мусулмон” сўзлари “саломатлик”, “тинчлик” маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс, дейилмоқда.
“Тилидан ва қўлидан” дейилганда фақат шу икки аъзо кўзда тутилган эмас. Одатда, одамларга кўпинча тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш яхши эмас. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади.
Ислом дини нафақат мусулмонлар, балки бутун инсониятга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни қоралайди, ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Ислом дини ёвузликка қарши курашда ҳам адолат ва инсонпарварлик меъёрларидан ташқари чиқмасликка буюради. Дин ва миллатидан қатъи назар, тинч, осуда яшаётган халқларга нисбатан тажовузкорлик қилмасликка, уларга нисбатан бағрикенгликка ундайди. Ислом дини ўзга дин вакиллари билан ҳамжиҳатликда ва улар билан гўзал услубда мунозара қилишга буюради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар” (Анкабут сураси, 46-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида: “Кимки (тинчлик бўйича) аҳдлашган (ғайридинни) ўлдирса, жаннат ҳидини ҳидламайди ва унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан мавжуддир”, дедилар. Имом Бухорий ривоят қилган.
У зот: “Кимки аҳд қилганга зулм қилса ёки уни камситса, ёки унга қўлидан келмайдиган нарсаларни юкласа ёки розилигисиз ундан бирор нарса олса, мен қиёмат куни унинг ҳужжатини сўрайман, хусуматлашаман”, дедилар. (Aбу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни унинг аҳлига раҳм-шафқат қилганларида, уларга нима орқали хавфсиз бўлишларини айтдилар: "Ким Абу Суфённинг уйига кирса, у хавфсиз бўлади, ким қуролни ташласа, у хавфсиз, ким масжидга кирса, у хавфсиздир". Муслим ривоят қилган.
Бу ҳолат ҳам ислом тинчликни мўмину кофирларга бирдек раво кўришига далолат қилади.
Тинчлик исломда мана шундай қадрланади. Унинг ҳатто ризқдан ҳам афзал эканлиги қайд этилади. Ояти каримада шундай дейилган:
“Эсла, вақтики, Иброҳим: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, – деди. (Иброҳим сураси, 128-оят)
Иброҳим алайҳиссалом аввал юртини омонлик диёри қилишини ва шундан сўнг имонлиларни ризқлантиришини сўраганлар. Чунки, тинчлик бўлса ризқ, барака бўлади. Нотинчлик пайти кишининг томоғидан таом ўтмайди. Еган-ичганида лаззат бўлмайди.
Ибодат ҳам тинчлик соясида амалга оширилганда мукаммал бўлади. Аллоҳ таоло хавф соя солиб турганда намозни рукнларини тўлиқ қилмасдан ўқишга рухсат бериб, шундай дейди:
“Агар хавфда қолсангиз, пиёда ва уловда ҳолингизда. Омонликда бўлганингизда Аллоҳни У Зот сизга билмаган нарсангизни ўргатганидек зикр қилинг”. (Бақара сураси, 239-оят)
Оятнинг “Агар хавфда қолсангиз” деган жумласида уруш, душман хавфи назарда тутилгандир. Агар шундай ҳол юзага келса, юрган ёки минган ҳолингизда ҳам намозни ўқинг, рукуъ-саждасиз, ҳатто қиблани аниқламай ўқиса бўлади. Ўз оёғингиз билан юриб ҳам, минган уловингиз устида туриб ҳам намоз ўқинг. Хавф кўтарилиб, хотиржам бўлингач, намозлар аввалда Аллоҳ таълим бергани каби барча рукнларига риоя этган ҳолда тўкис адо этилади.
Ҳудайбия сулҳини эслайлик. Ушбу сулҳда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка аҳли билан ўн йил мобайнида урушмасликка келишиб олдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбияга борганларида, у зот билан бирга бир минг беш юз саҳоба ҳамроҳ эди. Тинчликда ҳаёт кечирган мусулмонларнинг сони ошиб, сулҳдан сўнг икки йилдан зиёдроқ вақт ўтгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минглаб мусулмонлар билан Маккага кириб келишди. Тинчликнинг аҳамияти мана шундай эди.
Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон ал-Ансорий оталаридан ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик таоми ҳузурида ҳолда тонг оттирса, худди унга бутун дунё жамлангандек бўлади”, дедилар”.
Бу дунёда инсоннинг энг яхши ҳолати мана шу уч нарсага эга бўлган ҳолати экан. Шунга эришган одам аҳволим ниҳоятда яхши, деб шукр қилиб юрса бўлади. Кишининг уйига, оиласи, бола-чақасига биров хавф солмаса, тинч-хотиржам бўлса, соғ-саломат бўлса, дарди йўқ бўлса, ейдиган таоми бор одам ниҳоятда улуғ бир бахт-саодатга эришган бўлар экан. Биз буни жуда чуқур тушуниб етишимиз керак. Мазкур ҳолатнинг ўзимизда бўлиши Аллоҳнинг улкан неъмати эканини англаб етишимиз ва унга шукрни ўрнига қўйишимиз лозим. Агар бундай қилмасак, ношукр бўламиз.
Қуръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳ бир шаҳарни мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқи кенгу мўл келиб турар эди. Бас, у (аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ унга (аҳолисига) бу “ҳунарлари” сабабли очлик ва хавф либоси (балоси)ни тортиб қўйди” (Наҳл сураси, 112). Уламолар оятдаги: “очлик ва хавф либоси (балоси) ни ношукрликлари сабаб очлик ва хавф бириктирилиб қўйилди, деб тафсир қилишган.
Исломнинг асл манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда тинчлик ва бағрикенглик ҳақида кўплаб ишоралар бор. Ушбу мақоламизда улардан айримларини келтириш билан чекландик.
Тинчлик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда Ислом динининг тинчликни тарғиб қилувчи таълимотларини кенг ёйиш муҳимдир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб тинчликнинг қадри, уни асраш ҳақида гапириб, бу йўналишда диёримиздан етишиб чиққан мутафаккирларнинг илмий меросларни кенг тарғиб этиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган эди. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2023 йил 19 сентябрь куни БМТнинг 78-сессиясида: “Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз”, дея таъкидладилар.
Дарҳақиқат, Ҳазрат Навоий ғазалларидан бирида:
Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш.
дея хитоб қилган. Бу бутун дунё аҳлига улуғ донишманднинг хитобидир. Ҳаёти давомида турли хил ҳолатларга кўп гувоҳ бўлган инсоннинг ҳаётий кузатишлари асосида келган хулосаси, десак хато бўлмайди.
Бугун дунё аҳли бу хитобга риоя қилишга жуда муҳтож.
Юртбошимиз буюк олимларимизнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурдилар.
Ана шу эзгу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 19 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра, 2024 йил октябрь ойида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида юртимизда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади. Айни кунларда мазкур анжуманни юқори савияда ўтказиш бўйича катта тайёргарлик кўриляпти.
Бу каби нуфузли ва бутун дунё халқлари учун манфаатли бўлган анжуманннинг диёримизда ўтказилишида иншааллоҳ кўплаб хайр ва баракалар бор. Имом Бухорийнинг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмагай” деган пурмаъно ҳикматли сўзлари остида нақадар улкан таълимотлар бор. Ер юзида тинчлик ва хотиржамликнинг барқарор топишида ислом дини таълимотлари ва буюк ажодларимизнинг илмий меросларидан унумли фойдаланиш айни муддаодир. Аллоҳ таоло биз бандаларга макон қилиб берган ер куррасида тинчлик ва осойишталикни бардавом қилсин. Бу йўлда жидду жаҳд қилаётган барчани ажру савоблар билан сийласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Зайниддин домла Эшонқулов
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати