Кеча, 7 октябрь куни Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддинов бошчилигида вилоят вакиллиги ходимлари, шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек тажрибали имом-хатиблар ҳамда "Ҳаж-2024" зиёратчиларидан иборат тузилган ишчи гуруҳи аъзолари учун Наманган шаҳридаги “Махдум эшон“ жоме масжидида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда маҳаллаларда маънавият тарғиботчиси бўлган ҳожилар билан Наманган шаҳрида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилиниб, тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
биринчи йўналиш – имом-хатибнинг “Ҳаж-2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш;
иккинчи йўналиш – имом-хатибнинг масжидни бошқариш фаолиятини яқиндан ўрганиш, маслаҳат ва кўмак бериш;
учинчи йўналиш – имом-хатиб учун намуна тарзида пешин намози вақтида масжидга келганларга долзарб мавзуда маъруза қилиб бериш.
Ишчи гуруҳ аъзолари юқоридаги йўналишлар бўйича Наманган шаҳрида фаолият олиб борди. Имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳ фаолияти вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллигининг матбуот хизмати
Cавол: Саждаи саҳв қилиш учун салом беришда бир томонга салом бериладими ёки икки томонгами?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳар иккиси ҳам тўғри. Яъни намозхон саждаи саҳв қилишда бир томонга салом берса ҳам, икки томонга салом берса ҳам тўғри иш қилган бўлади. Чунки фуқаҳоларимиз ҳар икки ҳолатни саҳиҳ — тўғри деб фатво беришган. Айрим фуқаҳолар ёлғиз намоз ўқиётган киши – икки томонга салом бериши, имом эса – бир томонга салом бериши яхшидир, деганлар. Чунки имом икки томонга салом берса, эргашувчиларнинг баъзиси намоз тугалланди деб ўйлаб намозга зид ҳатти-ҳаракат содир этиши мумкин, дейишган (“Дурарул ҳуккам” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.