Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
"Ҳинд уламолари" жамияти раиси ва Деобанд мадрасаси мудири забардаст олим мавлоно Аршад Маданий ҳафизаҳуллоҳ 1941 йилда туғилган. Ҳинд Ислом олими ва Дорул Улум Деобанднинг ҳозирги мудири. У Ҳиндистон уламолар жамиятининг саккизинчи президенти сифатида Асад Маданийдан кейин ўрин эгаллади. Ташкилот 2008 йилда бўлиниб кетди ва Шайх Маданий “Аршад” шўъбаси раҳбари бўлиб ишламоқда.
Шайх Маданий ўқишни Асғар Али Саҳабурий назорати остида бошлаган. 8 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган, шундан сўнг у Дорул Улум Деобандда форс тилидан 5 йиллик курсни тугатди. 1955 йилда Дорул Улум Деобандда араб тилидан таълим олишни бошлади ва 1963 йилда Дорул Улум Деобандда расмий ўқишни тугатди.
Ҳадис ўқитувчилари орасида Сайид Фахриддин Аҳмад, Иброҳим Балиявий, Фахр Ҳасан Маражободий, Носир Аҳмад Хон, Заҳур Аҳмад Деобандий, Меҳди Ҳасан Шоҳжаҳанпурий, Муҳаммад Тайяб Қосимий ва Абд ал-Аҳад Деобандий бор. Унинг Деобанддаги бошқа устозлари: Изоз Али Амроҳи, Жалил Аҳмад Киранавий, Ахтар Ҳусайн Деобандий ва Воҳидуззамон Киронавий ва бошқалар бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.