Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Уч нарсани кечиктирма!

08.10.2024   12867   6 min.
Уч нарсани кечиктирма!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَا عَلِيُّ، ثَلَاثٌ لَا تُؤَخِّرْهَا: الصَّلَاةُ إِذَا أَتَتْ، وَالْجَنَازَةُ إِذَا حَضَرَتْ، وَالْأَيِّمُ إِذَا وَجَدْتَ لَهَا كُفْؤًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, уч нарсани кечиктирма: (вақти) келганда намозни, ҳозир бўлганда жанозани ва тенгини топганинг­да эрсиз аёл-қизни», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда кечиктириб бўлмайдиган уч нарса ҳақида сўз кетмоқда:

1. Намоз.

Намозни ўз вақтида ўқиш фарз. Уни мутлақо кечиктириб бўлмайди. Фақат унутиш ёки ухлаб қолишгина узр бўлиши мумкин, бошқа узр йўқ. Намозни вақтида ўқиш лозим.

2. Жаноза.

Жанозани ҳам узрсиз орқага суриш ҳаром. Узр эса фақат яқин кишиларини, аҳли фазл ва солиҳ кишиларни кутиш бўлиши мумкин, холос.

3. Эрсиз қиз-жувонларни эрга беришни кечиктириб бўлмайди.

Бу иш кечикса ҳам фасодга олиб бориши мумкин. Шунинг учун қиз-жувонларни тезроқ тенгини топиб, узатишга ҳаракат қилиш керак.

Инсон туғилиши билан унга исм қўйишда ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтилади. Ҳа, айнан намозга айтиладиган азон ва намозга айтиладиган иқомат айтилади. Бошқа нарса айтилмайди. Нима учун? Яхши ният учун. Бола катта бўлганида намоз ўқийдиган, илоҳий нидога жавоб берадиган бўлиши учун. Шунинг ўзидан ҳам намознинг аҳамиятини тушуниб олсак бўлади. Ана ўша кундан бошлаб мусулмон инсоннинг ҳаёти намоз билан боғлиқ бўлиб қолади. Ўрганиб ўтган ҳадисларимизга умумий равишда бир назар солайлик:

1. Бола етти ёшга етганида уни намоз ўқишга амр қилиш ота-онанинг вазифасидир. Нима учун бошқа ибодатларга амр қилинмай, айнан намозга амр қилинади? Чунки намоз энг аҳамиятли ибодат. Бу амалсиз мусулмон инсон исломий ҳаёт кечириши қийин.

2. Бола ўн ёшга етганида намоз ўқимаса, уриш керак. Нима учун бошқа ибодатлар учун эмас, айнан намоз ўқимаганлиги учун уриш керак? Чунки намоз энг аҳамиятли ибодат. Бу амалсиз исломий ҳаёт кечириб бўлмайди.

3. Бола балоғатга етиши билан намозни бир маҳал ҳам қолдирмай ўқиши керак. Чунки ҳар бир қолдирилган намоз учун йиллаб дўзахда куйиш керак бўлади. Нима учун айнан намоз хусусида шу гап бор? Чунки бошқа ибодатларга қўшимча шартлар керак. Намозга эса бу нарсалар йўқ. Бунинг устига, бошқа ибодатларнинг мукаммал бўлиши учун ҳам намоз керак.

4. Рўзанинг мукаммал бўлиши учун таровеҳ ва ийд намозлари ўқилиши керак.

5. Ҳаж ёки қурбонлик мукаммал бўлиши учун тавоф намози ва ийд намози каби намозлар керак.

Ҳа, ҳамма нарсага намоз керак.

6. Ҳар куни беш вақт фарз намоз ўқиш лозим.

7. Ўша фарз намозларда камчилик содир бўлиши эҳтимолидан уларни тўлдириш учун суннат намозлар ўқиш керак.

8. Қуёш чиққанидан кейин шуруқ намози ўқиш нур устига нур.

9. Чошгоҳ намози ўқиш эса умранинг савобига тенг.

10. Заволда ўкиладиган намоз ҳам фазилатли.

11. Кечаси ўқиладиган намозлар, хусусан, таҳажжуд намози қанчалар яхши эканлиги кўп таъкидланган.

12. Ҳафтанинг байрам куни бўлмиш Жуманинг энг бош маросими ҳам Жума намозидир. Бу намоз қанчалар аҳамиятли эканлигини ўрганиб ўтдик.

13. Йилнинг икки улуғ байрами – Ийди Фитр ва Ийди Азҳонинг бош маросими ҳам ийд намозларидир.

14. Табиатда хавфли ҳолатлар юзага келиб қолса ҳам мусулмон инсон намоз ўқиши керак. Жумладан, қуёш ва ой тутилганида кусуф намози ўқимоғи лозим.

15. Қаҳатчилик, қурғоқчилик бўлиб қолса ҳам намоз ўқиш керак. Истисқо намози шунинг учун шариатга киритилган.

16. Мусулмон киши икки ишдан қайси бири яхши эканлигини танлаш учун ҳам намоз ўқиши керак. Бунинг учун истихора намози шариатга киритилган.

17. Мусулмон киши яхшироқ тавба қилиши учун ҳам намоз ўқимоғи лозим. Бунинг учун эса тавба намози шариатга киритилган.

18. Мусулмон киши яхшироқ тасбеҳ айтиши учун, гуноҳларини яхшироқ ювиши учун ҳам намоз ўқиши керак. Бунинг учун тасбеҳлар намози жорий қилинган.

19. Мусулмон киши Аллоҳдан ёки бандадан ҳожатини чиқариш учун ҳам намоз ўқиши керак. Бунинг учун ҳожат намози жорий қилинган.

20. Ниҳоят, мусулмон одам ўлганда ҳам унга намоз ўқилиши керак. Бунинг учун жаноза намози жорий қилинган.

Мазкур намозлар бош нуқталардаги намозлар.

Кўпчиликнинг фикрида бир тўғри тасаввур ўрнашган. У ҳам бўлса, жаноза ўқимай, ўликни кўмиб бўлмаслиги. Шундай пайтлар ҳам бўлдики, баъзи иймонсиз кимсалар жаноза намозини ўқитмасликка зўр бериб уриндилар. Лекин бунинг уддасидан чиқа олмадилар. Чунки ҳамманинг фикрида жаноза намози ўқилмаса бўлмайди, мусулмон одам жаноза намозисиз кўмилиши мумкин эмас, деган тушунча бор эди. Бу эса жуда тўғри тушунча эди.

Энди фарз намоз ҳақида ҳам худди шу тушунчада бўлишимиз кераклигини тушунмоғимиз керак. Умуман, мусулмон ҳаётини намозсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тарихни бузиб кўрсатмаслик учун

15.09.2026   22710   2 min.
Тарихни бузиб кўрсатмаслик учун

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.

- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.

Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.

Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.

Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.

Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари