Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июл, 2025   |   29 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:34
Қуёш
05:11
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:52
Хуфтон
21:21
Bismillah
24 Июл, 2025, 29 Муҳаррам, 1447

Шайх Салоҳ Абулҳож

09.10.2024   14066   1 min.
Шайх Салоҳ Абулҳож

Ислом илмлари халқаро университети, ҳанафий фиқҳи факультети мудири, устоз доктор Салоҳ Муҳаммад Солим Абул Ҳаж Иордания давлатининг Уммон шаҳридаги Сувайлиҳ минтақасида 1974 йилда туғилган.

2002 йили Бағдод университетининг шариат факультетида ҳанафий фиқҳи бўйича олий баҳо билан докторлик даражасини олган.

2006 йили Иорданиядаги Балқо амалий университетининг усулуд дин факультетида ёрдамчи устоз вазифасини эгаллаган.

2011 йили Иорданиядаги Ислом илмлари университетидаги Шариат ва қонун факультетида доцент лавозимига эга бўлган.

2016 йили Иорданиядаги Ислом илмлари университетидаги Шариат ва қонун факультетида профессор лавозимини эгаллаган.

Ислом илмлари университетида чоп этилган бир қанча магистрлик ва докторлик илмий ишларида раҳбар сифатида ҳамкорлик қилган. Ироқ, Ҳинд, Шом ва бошқа юртларнинг йирик уламоларидан Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва бошқа шариат илмлари бўйича ижозалар олган.

Туркия, Фаластин, Ҳинд ва бошқа юртларда ташкил этилган бир қанча конференцияларда иштирок этган.

Иорданиядаги шариат матнларини қадимий услубда ўргатишга ихтисослашган, биринчи бўлиб ташкил этилган “Анворул уламо” деб номланган ўқув марказининг муассиси.

Ҳанафий мазҳабига мувофиқ араб тилида фатво чиқарадиган “Анворул уламо” деб номланган биринчи бўлиб ташкил этилган фатво маркази муассиси ва муфтийси.

Ики йил давомида Таълим ва тарбия вазирлигида мударрис бўлиб ишлаган.

Вақф вазирлиги, Халқаро ислом илмлари университети ва “Анворул уламо” марказларида ташкил этилган бир қанча ихтисослашган фиқҳий курсларнинг раҳбари.

Бир қанча китоблар, илмий изланишлар ва илмий мақолаларга муаллифлик қилган ва уларни таҳқиқ этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар

Шайх Алижон қорининг синглиси вафоти муносабати билан таъзия

21.07.2025   8006   2 min.
Шайх Алижон қорининг синглиси вафоти муносабати билан таъзия

"AlQuran.uz" портали раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими бошлиғи Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдумнинг синглиси, "AlQuran.uz" портали ходими Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумнинг опаси, шунингдек, "AlQuran.uz" илмий ходими Абдусамад қорининг завжалари вафоти муносабати билан марҳуманинг яқинларига таъзия билдирамиз.

Марҳума ал-Азҳар университети талабаси бўлиб, Осим қироатининг  Ҳафс ва Шуъба ривоятлари ҳамда "ал-Муқаддима ал-жазарийя", "Туҳфатул-атфол" ва "ал-Арбаъийн ан-набавийя" каби кўплаб асарлар бўйича ижоза соҳибаси сифатида 20 йилдан бери Қуръонга хизмат қилиб келаётган эди. Хусусан, Қуръон таълими йўлида самарали меҳнат қилиб, кўплаб шогирдларни етиштирди.

Шунингдек, "AlQuran" мобил иловасидаги "Al-Fatiha online" дастурининг узтозаларидан бўлиб, кўплаб аёлларнинг қироатини тўғрилашга ўз ҳиссасини қўшганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Турмуш ўртоғи Абдусамад қори билан бирга уч нафар қиз фарзандни тарбиялаб, барчаларини ҳофизи Қуръон қилиб етиштирди.

Узоқ вақт оғир дард билан курашганига қарамай, Қуръон хизматида бардавом бўлди. Беморлик машаққатларига сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умидида илм тарқатишдан тўхтамади. Шубҳасиз, бу гўзал хотима, яъни шаҳидликнинг бир белгиси. Зеро, ҳадиси шарифда бундай дейилган: "Ким бемор ҳолатда вафот этса, шаҳид ҳолда вафот этади, қабр фитнасидан сақланади ва эртаю кеч жаннатдан ризқи келиб туради" (Ибн Можа раҳимҳуллоҳ ривояти).

"Muslim.uz" портали марҳуманинг акаси Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ва укаси Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумга, шунингдек, турмуш ўртоғи Абдусамад қори ва барча оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Аллоҳ таоло марҳуманинг Қуръон йўлида қилган хизматларини қабул айлаб, Барзах ҳаётида ва охиратда Қуръони карим шафоати билан мукофотласин! Қуръон билан жаннатдаги даражаларини юксак қилсин! Беморликда чеккан машаққатлари жаннатдаги мартабасининг баланд бўлишига сабабчи бўлсин!

Жаноза маросими эртага сешанба 22 июль куни аср намозида, соат 17:45 да Устоз Шайх Алижон қорининг Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Бойларовул қишлоғидаги хонадонида бўлиб ўтади.

Аллоҳ таоло мусибат аҳлига сабри жамил ато қилсин! Қазо ва қадарга рози бўлишларида Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!

Марҳумага қуйидаги ҳадисда зикр қилинган улуғ даражаларни тилаймиз: "Қуръон соҳибига ўқи ва кўтарил ва  дунёда тартил қилганинг каби тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир", дейилади" (Абу Довуд, Термизий ва Насоий раҳимаҳуллоҳ ривояти).