Ислом илмлари халқаро университети, ҳанафий фиқҳи факультети мудири, устоз доктор Салоҳ Муҳаммад Солим Абул Ҳаж Иордания давлатининг Уммон шаҳридаги Сувайлиҳ минтақасида 1974 йилда туғилган.
2002 йили Бағдод университетининг шариат факультетида ҳанафий фиқҳи бўйича олий баҳо билан докторлик даражасини олган.
2006 йили Иорданиядаги Балқо амалий университетининг усулуд дин факультетида ёрдамчи устоз вазифасини эгаллаган.
2011 йили Иорданиядаги Ислом илмлари университетидаги Шариат ва қонун факультетида доцент лавозимига эга бўлган.
2016 йили Иорданиядаги Ислом илмлари университетидаги Шариат ва қонун факультетида профессор лавозимини эгаллаган.
Ислом илмлари университетида чоп этилган бир қанча магистрлик ва докторлик илмий ишларида раҳбар сифатида ҳамкорлик қилган. Ироқ, Ҳинд, Шом ва бошқа юртларнинг йирик уламоларидан Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва бошқа шариат илмлари бўйича ижозалар олган.
Туркия, Фаластин, Ҳинд ва бошқа юртларда ташкил этилган бир қанча конференцияларда иштирок этган.
Иорданиядаги шариат матнларини қадимий услубда ўргатишга ихтисослашган, биринчи бўлиб ташкил этилган “Анворул уламо” деб номланган ўқув марказининг муассиси.
Ҳанафий мазҳабига мувофиқ араб тилида фатво чиқарадиган “Анворул уламо” деб номланган биринчи бўлиб ташкил этилган фатво маркази муассиси ва муфтийси.
Ики йил давомида Таълим ва тарбия вазирлигида мударрис бўлиб ишлаган.
Вақф вазирлиги, Халқаро ислом илмлари университети ва “Анворул уламо” марказларида ташкил этилган бир қанча ихтисослашган фиқҳий курсларнинг раҳбари.
Бир қанча китоблар, илмий изланишлар ва илмий мақолаларга муаллифлик қилган ва уларни таҳқиқ этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.