Кейинги асрларда бутун курраи заминга кенг тарқалган бир иллат бугунги кунда ҳаммамизга ташвиш бўлмоқда. Бу иллат — гиёҳвандлик.
Инсон учун энг бебаҳо бойлик — бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Ислом динида ҳам инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.
Гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади. Фарғона вилоятида "Долзарб ойлик" доирасида "Биз гиёҳвандликка қаршимиз" шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Ҳудудлар бўйлаб ўтказилаётган шу каби тадбирларда имом-хатиблар фаол қатнашиб, динимиз таълимотларида инсон саломатлигига эътибор, гиёҳвандлик иллатининг зарари ва келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлари хусусида аҳолига, хусусан, ёш авлод вакилларига кенг тарзда тушунча беришмоқда.
Миллий гвардиянинг вилоят бошқармасида бўлиб ўтган тарғибот тадбирида "Хўжамбердибой" масжиди имом-хатиби Ҳусниддин Турсунзода, Бувайда туманидаги тадбирда туман бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Низомов, Қўштепа тумани Кадастр агентлиги ҳамда "Ҳудудгаз"нинг туман бўлимида ўтказилган тадбирда туман бош имом-хатиби Абдухошим Аҳмадалиевлар иштирок этди.
Ўтказилаётган тарғибот тадбирларидан асосий мақсад, аср муаммоси ва унга қарши кўрилаётган чораларни жадаллаштириш, аҳоли, айниқса, ёшларни бундай иллатларга берилиб қолишининг олдини олишдан иборатдир.
Жойларда бу каби тадбирлар давом этмоқда.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Бугун, чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларнинг навбатдаги қабули бўлиб ўтди. Унда раис ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов юртимизнинг турли ҳудудларидан келган юртдошларимизнинг масалалари, таклиф-мулоҳазаларини тинглади.
Шаръий ҳукмлар, оилавий масалалар, моддий кўмак сўровлари тегишли тартибда кўриб чиқилиши белгиланди. Шунингдек, фуқаролар томонидан масжидларни обод қилиш, ёшлар ўртасида илмий-маърифий тарғиботларни кучайтириш юзасидан билдирилган таклифлар ёзиб олинди.
Тегишли масалалар бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, фуқаролар мурожаатларини тезкор ва адолатли ҳал этишга йўналтирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати