Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан республикамизнинг олис ҳудудларида фаолият юритаётган 50 нафарга яқин имом-хатиб ва имом ноибларининг пойтахтимизга сафари ташкил этилди. Унда иштирокчилар Диний идора фаолияти билан яқиндан танишиб, “Ҳазрати Имом” мажмуаси зиёратида бўлдилар.
Дастлаб имомлар Қаффол Шоший мақбарасини зиёрат қилиб, бу ерда қўним топган уламолар ҳаёти ва фаолияти тўғрисида маълумотга эга бўлишди. Шунингдек, мажмуадаги Мўйи муборак мадрасасида жойлашган Ҳазрати Усмон мусҳафи зиёрат қилинди, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси кўздан кечирилди.
Кун давомида имомлар Диний идора бўлимларининг иш жараёнини кўздан кечирдилар. Уларга масъул вакиллар ҳар бир бўлимнинг асосий мақсад ва вазифалари, қилаётган ишлари, эришган ютуқ ва муваффақиятлари, шунингдек, келгуси режалари тўғрисида атрофлича сўзлаб берди. Хусусан, имомлар muslim.uz порталининг янги замонавий студиясини кўздан кечириб, бу ерда матнли, аудио ва видео материаллар тайёрланиши ҳақида керакли маълумотларни олишди. Шу билан бирга, Фатво маркази ва “Шамсудинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижодий уйи фаолиятлари, Тошкент ислом институти ўқув жараёни билан ҳам яқиндан танишилди.
Зиёрат ва танишувлардан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Диний идора бўлим мудирлари Шайх Алижон қори Ҳайдаров ва Музаффар Камоловлар имомлар билан учрашув ўтказди.
Самимий мулоқотда мутасаддилар имомларни ташриф билан қутлаб, юртимизда диний соҳада бўлаётган ўзгаришлар, Диний идора томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериш баробарида ҳар бир имом масъулиятли ва шарафли вазифасини беками кўст адо этиши, пешволик мақомига муносиб бўлиб, ҳар жиҳатдан халқимизга ўрнак бўлиш лозимгини алоҳида таъкидлашди.
Тадбир сўнгида мазкур имомларга эсдалик совғалари топширилиб, уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати