Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб

10.10.2024   13245   13 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Ассаламу алайка, йаа расулуллоҳ!

Ё Аллоҳнинг Расули, бугун сиз билан яна суҳбатлашиш бахтини насиб айлаган Аллоҳ азза ва жаллага Ўз улуғворлигига лойиқ ҳамду сано айтаман ва сизга энг юксак, энг маҳбуб салавотлар йўллайман!

Аллоҳумма, солли ва саллим ва баарик ъаала саййидина Муҳаммадин ва ъалаа аалиҳи вардо ъан асҳаабиҳи ажмаъин!

Ё Расулуллоҳ, сиз билан қанча кўп суҳбатлашсам, сизни шунча кўп соғинаман. Сизни соғинганим сайин кўргим келади. Сизни кўргим келиб ичиккан дамларимда соғинч изтиробини енгиллатиш учун сизга мактублар ёзаман. Аслида инсон яхши кўрган, соғинган ва тушунган кишисига мактуб ёзади. Сиз ўзимдан ҳам ортиқ муҳаббат қўйганим, ҳар лаҳза соғинганим ва мени тушунгувчим, ҳидоятчим, шафоатчимсиз, Ё Расулуллоҳ!

Ё Расулуллоҳ, бугунгача сизга бир қанча мактублар ёзиб, уларда ҳаққимга дуо ва тушларимга киришингизни, мушкулотларимда васила бўлиб беришингизни сўраган бўлсам, бугун бошқача бир сийғада сизга яна мактуб ёзаяпман.

Ё Расулуллоҳ, бугун Рабиъул аввалнинг сўнги бекатида турар эканман йил бўйи, айниқса шу ой ичи сизни мадҳ этган маърузаларни тинглашга, муборак сийратингизни варақлашга ошиқадиган, бир лаҳза олисласам сизни соғинадиган бўлиб қолганимни ҳис қилаяпман. Мавлидхонлик кечаларининг ойдин оқшом, узун тунларида сиз билан  суҳбатлашиш завқини топганимдан шу қадар бахтиёрман-ки, мана ҳозир ҳам ҳар қараганимда муқовасининг ўзи кўнглимга ҳузур бағишлайдиган, кўзларимни қувонтирадиган, ҳар қўлга олганимда ажиб туйғуларни ҳадя қиладиган, ҳар ўқиганимда янгидан-янги маълумотлар илинадиган сийратингиз битилган китобларни баъзиларини бағримга босиб, баъзиларини саҳифалаб порлоқ чеҳрангизни кўриш, муборак овозингизни эшитиш учун саодат асрига саёҳат қилаяпман. Бирдан кўзларим ўнгида Хадийжа онамизнинг гўзал сиймоси жонланади. Қулоқларимга «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Ахир сиз силлаи раҳм қиласиз, заифга ёрдам берасиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Йўқсилларни қўллайсиз. Ҳақ (йўли)да фалокатга учраганларга ёрдам берасиз», дея айтган қатъиятли сўзлари эшитилади. Бу муборак хитобга Маккадаги тошнинг саломи қўшилиб мени бутунлай асри саодатга олиб ўтади. Титроқ бир вужуд, ҳаяжон билан мен ҳам у бахтиёр тошга қўшилиб кучли соғинч, ичикиш билан «Ассалому алайка, йаа Расулуллоҳ!» дейман.

Ассалому алайка, йаа Расулуллоҳ!

Ё Расулуллоҳ, шунда сиз табассум билан «Ва алайка ассалам, йаа умматий, йаа умматий!» дея барокатли қўлларингизни менга силкитиб муборак масжидингиз томон ошиқасиз...

Мен эса сиз билан бўлишмоқчи бўлган хурсандчиликларимни айтиш учун сизга талпинаман, сиз томон югураман. Шунда йўлингиздан бир аёл боласи билан чиқиб сизни мендан тўсиб, сўзлай бошлайди. Мен, мен, одобсизлик қилмаслик учун тўхтаб қоламан. Сиз аёлни диққат билан тинглар экансиз, ҳузурингизга яна бир аёл келади. Оғир хурсиниқ, лекин қатъиятлилик билан жоҳилиятдаги талоқнинг чорасини сўраб қайта-қайта сизга мурожаат қилади. Шунда сиз нигоҳларингизни ерга қаратганча, муборак бошингизни эгиб, бир фурсат жим бўлиб қоласиз. Бироздан сўнг қаддингизни ростлаб Аллоҳнинг каломидан оят ўқийсиз. Ё Расулуллоҳ, шунда ҳузурингиздагиларнинг юзлари қувончдан ёришиб кетади. Мен эса сиз билан хотиржам суҳбатлашишга фурсат топа олмаётган бўлсамда у саҳобия оналаримизга қўшилиб мен ҳам кучли муҳаббат, ўтли соғинч ва хурсандчилик билан «Сизга жоним фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг Расули!», деганча ортимга қайтаман. Сизга айтмоқчи бўлган хурсандчиликларимни қоғозга тушириб, яна Мактубларим орқали сиз билан суҳбатлашишга киришаман, Йаа Расулуллоҳ!

“Ассалома алайка, йаа Расулуллоҳ!”.

Ё Расулуллоҳ, қабулингизга турли масала ва муаммолар билан келиб, уйларига бахтиёр қайтаётган саодат асри аёлларини айни дақиқаларда хотирлар эканман, беназир уламо шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбанд ҳазратларининг «Эркак камолотида аёлнинг ўрни» рисоласидаги «Ҳар бир буюк шахс ортида аёл бор» ибораси ёдимга тушади. Мен эса жоҳилият даврларини ва ҳозирги дамларимизни эслаб бу ёрқин битикларни бошқача тафсир қиламан «Ҳар буюк ва бахтиёр уммат, ўтли муҳаббат, асри саодат, хотиржам ҳаёт ортида Расулуллоҳ борлар!» дейман, Ё Шафиаллоҳ!

Ё Расулуллоҳ, сиз туфайли бу олам зулматдан нурга, аёллар, наинки аёллар бутун бани башар қулликдан ҳурликка чиқди. Сиз туфайли қалбларимиз покланди, аҳлоқларимиз сайқалланди. Сиз туфайли биз ислом билан шарафландик, Қуръон билан қудратлантирилдик. Сиз туфайли неъмат ва раҳматга чўмилдик, яратилиш бахтини ҳис қилдик. Сиз туфайли айниқса биз қизлар эркалатиб, елкаларга кўтарилдик, сиз туфайли илм ўргандик, сиз туфайли ҳамон қадр ва эъзоздамиз.

Ё Расулуллоҳ, сиз туфайли биз умматларга то қиёмат қадар Аллоҳ таоло раҳм қилди. Бошимиздан бало-офатларни кўтарди. Аллоҳ таоло сизни Ўзига дўст тутиб, сизни ҳурматингиздан бизни ҳам Ўзига дўст тутишини маълум қилди, Ё Хойри Ҳолқуллоҳ!

Ё Расулуллоҳ, сиз туфайли ўтган йили тенгсиз хурсандчиликка эришгандим. Ўшанда айни мана шу фасл, муборак Робиъул аввал ойи эди. Республикамиздаги мактабларнинг бирида фаолият олиб бораётган вақтим юқори синф раҳбарларидан бир ўқитувчи кундан-кунга аҳлоқсиз, гап ўқмас ва қайсар бўлиб кетаётган ўқувчиларига бир-икки оғиз насиҳат қилишимни илтимос қилиб синфига таклиф қилди.

Ё Расулуллоҳ, ўшанда бўйлари бўйимдан баланд, нигоҳлари жуда ўткир, тиллари бурро бир синф ўқувчиларга юзланар эканман, уларга нимани насиҳат қилишни ўйлаб қолгандим. Бироз танишув, савол сўроқлардан сўнг барчасини энг асосий ва катта мақсади ота-оналарини муборак ҳаж сафарига олиб боришлигини билганимда, орзу-мақсадлари армон ва мақсадлигича қолиб кетмаслиги учун яхши ўқиши, мақсадлари сари тинимсиз ҳаракатланишини таъкидлаб, асримизнинг етук олимларидан Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг «Ният ва ҳаракат» дея ҳикоя қилинган ҳаётий ҳикоялариларидан айтиб, сўнг сиз ҳақингизда ҳам сўзлаб беришга тараддудландим. Муборак сийратингизни мадҳ этишдан олдин «Саҳобалар ва тобеинлар даврида бирон киши «Қола Расулуллоҳ – яъни Расулуллоҳ айтгандилар» десалар улар юриб кетаётган бўлсалар ўтириб олар, ўтирган бўлсалар йиғлаб юборар экан жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ҳурмат, муҳаббатларидан. Ҳатто ўтган асрларимизда шундай олимлар ўтишган эканки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ривоят қилаётганларида чаён чақиб олса ҳам, у зоти барокотни муборак гапларини бўлишликни одобсизлик ҳисоблаб ҳадис айтишда давом этган эканлар» дея сўзларимда давом этар эканман, Ё Расулуллоҳ, биласизми, илк бор гап бошлаганимда хаёллари тарқоқ, бир оғиз насиҳатни эшитишга тоқатлари йўқ, бирови партага ётиб олган, бировлари орқага ўгирилиб олган, баъзилари давра қуриб гурунглашиб ўтирган ўқувчилар бирдан ўзларини тузатиб, ўзгача муҳаббат, ўзгача ҳурмат билан мени тинглашганди.

Ё Расулуллоҳ, ўша дарсда бир кеча қўлларингизни самога кўтариб «Аллоҳим! Умматим! Умматим!» дея тўккан кўз ёшларингиз ҳақидаги ҳадисни, ходимингиз Савбон розияллоҳу анҳунинг сизни соғиниб йиғлаганларини, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг сиз сут ичганингизда чанқоғи босилгани ҳақидаги воқеани ривоят қилганимда ўқувчилар қалбида сизга бўлган муҳаббатлар куртак ёзганини кўргандим.

Ё Расулуллоҳ, ўшанда сўзларимни тугаллашим билан, ўқувчилар сизга нисбатан қалбларида пайдо бўлган муҳаббатини, шу билан бирга кечирган умри давомида қилган ишлари юзасидан кўксларини куйдираётган ички  кечинмаларини қоғозга тушириб, менга тақдим қилган эди. 

Ё Расулуллоҳ, ўша менга берилган мактубларда:

«Устоз, мен Пайғамбаримиз ҳақларида бу каби маълумотларни илгари ҳеч эшитмагандим. Айни дамда қандай буюк зотга уммат эканимдан фахрланиб кетдим. Нима қилсам у кишига муносиб уммат бўламан? У кишини бирам соғиняпман, бирам кўргим келяпти...».

«Устоз, айни соатларда сиздан Расулуллоҳ ҳақларида эшитиб, у зотни биз умматлари учун тўккан кўзёшларидан мени кўзимга ёш келди. У зотни кўзёшлари ҳаққи мен энди уйимиздан Кореяга кетиб қолишни, корес йигитига турмушга чиқиб у юртда қолиб кетишни сира орзу қилмайман. Ҳозир бирам уялиб кетяпманки, бугунгача тузиб юрган аҳмоқона режаларимдан...».

«Устоз, айни дамда сиз Аллоҳдан, Расулуллоҳдан гапираяпсиз-у, менинг ичимни ўт куйдирмоқда. Кўз ўнгимдан ўтган йили баъзи болаларга қўшилиб қилган барча жиноятларим, дори истеъмол қилганим, маст-аласт юрганим.., бир-бир ўтиб танамни совуқ тер босяпти. Жуда афсусдаман, жудаям...» дея ёзилган кўнгил битиклари, қалб изтироблари баён қилинган эди.

Ё Расулуллоҳ, ўшанда сиз сабаб бир дарснинг ўзидаёқ ўқувчилар билан тезда дўстлашиб, уларни тартиб-интизомга ўргатиш, илм-маърифатга қизиқтириш борасида яхши натижага эришгандим. Ўша кунгача бирон дарсимдан бу қадар мамнунятлик ва руҳий қувват олганимни эслолмаганман.

Ё Расулуллоҳ, қирқ, қирқ беш дақиқа ичида бу қадар мувафаққиятга эришганимни асосий сабаби сиз бўлганингизни айни лаҳзаларда хотирлар эканман «Ҳар буюк ва бахтиёр уммат, ўтли муҳаббат, барча мувафаққиятлар ортида Расулуллоҳ борлар!» дейман, Ё Хойру Ҳолқуллоҳ!

Ё Расулуллоҳ, мен ўша дарс сабаб, ҳар бир соҳа, айниқса таълим тизимида замон билан қанчалик ҳамнафас бўлмайлик, тараққиётлар сари жадал ҳаракат қилмайлик, дунёнинг энг самарали методларини қўлламайлик, қалблар доим фитратига талпиниб, Қуръон ва суннатга йўғрилган суҳбатлардангина ҳаловат топиб, аҳлоқлар шу суҳбатлар билангина сайқалланишини англаб, ўша кунда қалбимда «Иншааллоҳ, бу йилги Робиъул-аввалгача Қуръон ва суннатга йўғрилган набавий таълим ва тарбияни ўрганиб чиқиб,  миллатимизга муносиб шу билан бирга жаҳон билан беллаша оладиган, хос дарс услубларини шакллантириб, таълимимизга тақдим қиламан», дея улуғ бир ният қасд қилгандим.

Ё Расулуллоҳ, алҳамдуллиллаҳ, мен бугун шу қатъий ниятларимга биноан «Набавий таълим завқи методлари», деб номланган хайрли бир дарс ўтиш методикасига асос солдим. Айни соатларда сизга шу хурсандчиликларимни изҳор қилиб мактуб битаяпман, Ё Муҳиббуллоҳ!

Ё Расулуллоҳ, хатимни дуо билан хотималаш мақсадида сизни васила қилиб, Аллоҳ азза ва жаллага юзланиб «Набавий таълим завқи методлари» таълимимиздаги барча муаммоларга ечим бўлишини, қалбларга ҳаловат, миллатга саодат бағш этишини сўраб илтижо қилар эканман, бирдан титраб кетаман, қулоқларимга «Аллоҳим! Умматим! Умматим!» деган муборак овозингиз эшитилади, Ё Расулуллоҳ!

Ё Расулуллоҳ, ҳаяжон ичра хонам деразасини очаман. Шошнинг осмонларига қарайман. Димоғимга бир ифор урилади. Жудаям соғинганим бу ифор мени яна асри саодатга олиб ўтади.

Тун бағрида, муҳаббат чироқлари остида Мадина кўчаларини кезаман. Қулоқларимга «Аллоҳим! Умматим! Умматим!» дея қилаётган муножотингиз эшитилади, эшитилаверади. Мен овозингиз келган томон талпинаман, бекатма-бекат узоқ югураман. Бирдан Оиша онамизнинг ҳужраи саодатлари олдида тўхтайман. Сиз билан суҳбатлашишга қанчалик интиқ бўлмай хуш-у ва ҳузуга тўла муножаатингизни бўлиб ичкарига киришдан ўзимни зўрға тўхтатаман. Ҳужраи саодат остонасида соғинч ёшларига чўмилиб сизни диққат билан тинглайман. Сиз «Аллоҳим! Умматим! Умматим!» дейсиз, бироз сукутдан сўнг ниҳоятда синиқлик билан «Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, албатта, Сен Ўзинг азизсан, ҳакимсан» оятини такрор, такрор ўқийсиз. Сизни таъсирли нутқингиз ва сеҳрли қироатингиздан тамоми меърож лаҳзаларига етганимда сайримга Билолингизнинг азони тўсиқ тортади. Ошиқ кўнглимга атрофдан нажот қидирар эканман, оқариб келаётган осмон остида кўзларим сизнинг муборак оёқ кийимингизга тушади. Севиниб кетганимдан шиппакингиз томон эгиламан. Шунда, Ё Расулуллоҳ, сизни муборак овозингизни янаям яқиндан эшитаман. Сиз яна «Аллоҳим! Умматим! Умматим!» дея бир фурсат жим бўлиб қоласиз, сўнгра «Аллоҳим Сенинг розилигинг ила ғазабингдан, офиятинг ила уқубатингдан паноҳ тилайман. Сенинг саноингни ҳисоблай олмайман. Сен Ўзингга сано айтганингдексан» деб Роббимизни улуғлайсиз.

Бу дуо-санойингиздан қувониб муборак оёқ кийимингизни бағримга босганча, кучли соғинч, ўтли муҳаббат билан «Ассалому алайка, йаа Расулуллоҳ!» дея сизга салом ва салавот айтаман, Ё Расулуллоҳ!

Ассалома алайка, йаа Расулуллоҳ!

Сизга то қиёмат қадар бутун умматларингиз номидан энг юксак салом ва салавотлар бўлсин, ё Расулуллоҳ!

“Маърифат” газетаси муҳбир журналисти
Шарофат Ҳазрат қизидан

Ҳижрий 1445 йил, 1 Робиъус соний
Душанба. Соат 04:50.

 

Бошқа мақолалар

Мастнинг гапи ҳақида

28.11.2024   730   9 min.
Мастнинг гапи ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

48 - وَلاَ تَحْكُمْ بِكُفْرٍ حَالَ سُكْرٍ بِمَا يَهْذِي وَيَلْغُوا بِارْتِجَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Мастлик ҳолатида алжираши ва бемаъни гапларни гапириши сабабли куфрга ҳукм қилиб юбормагин.

 

Назмий баёни:

Маст кимса куфрга ҳукм этилмас,
Ўйламасдан беҳуда алжираган, бас.


Луғатлар изоҳи:

لاَ – наҳий ҳарфи.

تَحْكُمْ – кўплаб нусхаларда  يُحْكَمْ لَا бўлиб ғоиб сийғасида келган. Аммо ушбу мухотоб нусхаси мўътабар ҳисобланади.

بِ – зоида жор ҳарфи.

كُفْرٍ– жор ва мажрур мафъулликка кўра насб ўрнида турибди.

حَالَ – зарф, музоф. 

سُكْرٍ – музофун илайҳ. Мастлик деганда кишини ақлидан тўсиб турадиган ҳолат тушунилади.

بِمَا – “сабабия” ва “масдария” маъносида келган ҳарфлар.

يَهْذِي – бу феъл “алжираш” маъносидаги هَذَيَانٌ масдаридан олинган.

يَلْغُوا – бу феъл “бемаъни гапларни гапириш” маъносидаги لَغْوٌ масдаридан олинган.

ارْتِجَالِ – “таёрланмасдан гапириш”, “ўйламасдан гапириш” маъноларини билдиради. 


Матн шарҳи:

Ҳаром қилинган ичимликларни истеъмол қилиш гуноҳи кабира бўлиб, унинг дунёдаги зарарларидан бири инсонни айтаётган сўзига парво қилмайдиган, қилаётган ишларига жавобгарликни ҳис этмайдиган даражага тушириб қўйишидир. Агар бирор кимса ана шундай аянчли ҳолатга тушса, унинг айтаётган сўзлари ҳам бошқалар тарафидан инобатга олиниш даражасидан пастга тушади. Ҳамма унинг айтаётган сўзлари эътиборга олинишга арзимаслигини яхши билади. Аммо ана шундай маст киши шариатда куфр ҳисобланган калимани алжираса-чи, у куфрга ҳукм қилинадими, ё бунда ҳам унинг сўзлари эътиборга олинмайдими? Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ана шу масалага жавоб қилиб,

Маст кимса куфрга ҳукм этилмас,
Ўйламасдан беҳуда алжираган бас
,

деган. Абдулҳамид Маҳмуд Тоҳмоз “Фиқҳул ҳанафий фи савбиҳил жадид” китобида қуйидагиларни ёзган: “Маст киши диндан қайтса, муртадликка ҳукм қилинмайди. Чунки муртадлик куфрга эътиқод қилиш жиҳатидан ёки дин ҳукмларини арзимас ҳисоблаш жиҳатидан юзага келади. Маст кишида эса, тўлиқ идрок этиш бўлмагани учун, куфрга эътиқод қилиш ҳам, арзимас ҳисоблаш ҳам бўлмайди. Чунки булар идрок этиш билан бўладиган нарсалардир. Ушбу сўз зоҳирий жиҳатдан чиқарилган ҳукмдир. Аммо унинг қалбидан нима ўтаётгани Аллоҳ таолога маълум, агар куфр калимасининг маъносини билиб туриб, қасддан айтган бўлса, кофир бўлади. Агар билмасдан айтиб қўйган бўлса, кофир бўлмайди”[1].

 

Номавжуднинг “шай” эмаслиги баёни

49 - وَمَا الْمَعْدُومُ مَرْئِيًّا وَشَيْئًا لِفِقْهٍ لاَحَ فِي يُمْنِ الْهِلاَلِ

 

Маънолар таржимаси:

Номавжуд кўрилган ҳам, “шай” ҳам эмас, (бу маъно) фаҳм учун ҳилолнинг баракасида зоҳир бўлгандир.


Назмий баёни:

Номавжуд кўрилмас, “шай” ҳам эмас бил,

Ҳилол нурларида зоҳирдир далил.


Луғатлар изоҳи:

مَا – нафий ҳарфи.

الْمَعْدُومُ – нафий ҳарфининг исми. Луғатда “номавжуд” маъносини англатади.  

مَرْئِيًّا – нафий ҳарфининг хабари. 

شَيْئًا – Сибавайҳ “шай”ни шундай таърифлаган: “Шай – уни билиш ва у ҳақида хабар бериш мумкин бўлган барча нарсадир”.

لِ – “таълилия” (изоҳламоқ) маъносида келган жор ҳарфи.   

فِقْهٍ – “фаҳм” ва “далил” маъноларини англатади.

لاَحَ – “кўринди”, “зоҳир бўлди” маъноларидаги мозий феъли.

فِي – “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.

يُمْنِ – “барака” маъносида келган. Жор мажрур لاَحَ феълига мутааллиқ.  

الْهِلاَلِ – янги ойнинг аввалида ингичка бўлиб кўрингани уч кунгача “ҳилол” дейилади, ундан кейин то ойнинг охиригача “қомар” дейилади. Чунки هَلَّ феъли “зоҳир бўлди”, “кучайди” маъноларида ишлатилади. Ой янги чиққан пайтда  одамларнинг “ой чиқибди” деган овозлари кучайгани учун уч кунгача ҳилол дейилади. 

 

Матн шарҳи:

Ушбу байтда Аллоҳ таолога ҳали вужудга келтирмаган нарсалари кўриниш-кўринмаслиги, ва уларга “шай” дейиш мумкин ё мумкин эмаслиги тўғрисида сўз юритилган.  

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ мазкур нарсалар тўғрисида Аҳли сунна вал- жамоанинг эътиқоди қандай эканини баён қилган. “Ҳилол нурларида зоҳирдир далил”, маъносидаги деган сўзлари билан мутакаллимлар аниқ баён келмаган ва бирор қоидага ҳам хилоф  бўлмайдиган пайтда қўллашадиган қиёсий далилга ишора қилган. “Туҳфатул аолий” китобида бу ҳақида қуйидагилар айтилган: “Ўший ушбу сўзлари билан мутакаллимлар ҳузурида “яширинни кўриниб турганга қўшиш” деб номланадиган далилга ишора қилган. Мутакаллимлар бирор аниқ баён келмаган  ва уни қўшишда бирор қоидага хилоф чиқиш ҳам бўлмаган пайтда ушбу далилни ишлатганлар. Далил шуки, ой  мавжуд бўлиб турган вақтида кунма-кун нури зиёда бўлиб боради. Ойни номавжуд вақтда кўриб бўлмайди, фақат вужудга келган пайтдагина кўриб бўлади. Шундай экан, ойдан бошқа нарсалар ҳам кўрилишда у каби, балки ундан ҳам авлороқ бўлади. Чунки нур кўриладиган нарсаларнинг энг ёрқинроғидир. Модомики, шундай нурли ой номавжуд ҳолида кўрилмай мавжуд ҳолида кўрилдими, бундан кўришнинг иллати мавжуд бўлиш экани билинади. Худди гувоҳликнинг иллати ўша ерда ҳозир бўлиши шартлиги каби. Мазкур иллат бандаларга зоҳир бўлиб турган нарсаларда шундай бўлганидан кейин, уларга зоҳир бўлмаган нарсаларда ҳам  шундай бўлади. Чунки иллатлар зоҳир бўлган ва зоҳир бўлмаган  нарсаларда фарқли бўлмайди”[2].

Номавжуднинг нарса деб аталиш ё аталмаслиги ҳам Аҳли сунна вал-жамоа ва мўътазилий фирқаси орасидаги фарқлардан биридир.  Мўътазилийлар номавжуд “шай” дейилади, чунки нарсаларнинг “шай”лиги яъни мутлақо борлиги  Аллоҳнинг ёрдами билан бўлмайди, балки уларнинг йўқликдан борлиққа чиқарилиши Аллоҳнинг ёрдами билан бўлади, дейишган. Ушбу сўзларига оятдан далил келтиришган: “Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан “шай” (нарса)дир”[3].

Ушбу оятда ҳали вужудга келмаган қиёмат зилзиласи улкан “шай”[4] дейилмоқда, бу эса номавжуднинг “шай” деб аталишига очиқ далилдир, дейишган.     

 Уларнинг бу қарашларига, қиёмат зилзиласи вужудга келган вақтда улкан “шай” бўлади, Аллоҳ таолонинг илмида унинг вужудга келиши аниқ бўлганидан шу тарзда хабар берилган дея жавоб берилган. 

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ мўътазилийларга раддия қилиб қуйидагиларни ёзган: “Мўътазилийлар: “Номавжуд ҳам “шай” дейилади. Чунки нарсаларнинг “шай” бўлиши Аллоҳнинг ёрдами билан бўлмайди. Балки уларнинг йўқликдан борлиққа чиқарилиши Аллоҳнинг ёрдами билан  бўлади”, дейишган.  Уларнинг бундай дейишлари махлуқотлар азалда бўлган-у, лекин йўқликдан борлиққа чиқарилмаган, сўнгра борлиққа чиқарилган, деб тасдиқлашга ўхшаб қолади. Бундай тасдиқлаш эса тавҳидни инкор қилиш бўлади”[5].

Мўътазилий фирқасининг мазкур қараши юнон фалсафасидан таъсирланишлари натижасида пайдо бўлган.


Кейинги мавзулар:

Таквийн сифати ҳақида эътиқодимиз;
Ризқ тушунчаси ҳақида эътиқодимиз.

 


[1] Абдулҳамид Маҳмуд Тоҳмоз. Фиқҳул Ҳанафий фи савбиҳил жадид. – Дамашқ: “Дорул Қалам”, 2009. – Б. 283.
[2] Муҳаққиқлар гуруҳи. Туҳфатул аолий. – Миср: “Ахтар босмахонаси”, 1887. – Б. 80.
[3] Ҳаж сураси, 1-оят.
[4] “Шай” калимаси араб тилида икки хил маънода ишлатилади:

1. Масдар исм;
2. Жомид исм.

Масдар исм ҳам икки хил маънода қўлланади:

1. Исми фоил;
2. Исми мафъул.

“Шай”ни исми фоил маъносида Аллоҳ таолога нисбатан қўллаш жоиз ҳисобланади. Исми мафъул маъносида эса жоиз бўлмайди.

“Шай”ни жомид исм деб эътиборга олинганда “мутлақо бор” маъносини ифодалайди. Бу маънода уни бошқа “бор нарсаларга” қараганда Аллоҳ таолога нисбатан қўллаш ҳақли бўлади.

[5] Имом Абу Мансур Мотуридий. Китаб Тавҳид. – Байрут: “Дорул кутубил илмия”, 2006. – Б. 64.