Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَفَ عَلَى أُنَاسٍ جُلُوسٍ فَقَالَ: «أَلَا أُخْبِرُكُمْ بِخَيْرِكُمْ مِنْ شَرِّكُمْ»؟ قَالَ: فَسَكَتُوا فَقَالَ ذَلِكَ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، فَقَالَ رَجُلٌ: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ أَخْبِرْنَا بِخَيْرِنَا مِنْ شَرِّنَا، قَالَ: «خَيْرُكُمْ مَنْ يُرْجَى خَيْرُهُ وَيُؤْمَنُ شَرُّهُ، وَشَرُّكُمْ مَنْ لَا يُرْجَى خَيْرُهُ وَلَا يُؤْمَنُ شَرُّهُ».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган одамларнинг устига келиб, «Сизларга яхшиларингиз ва ёмонларингиз кимлигини айтайми?» дедилар. Одамлар сукут сақладилар. У зот бу гапни уч марта айтдилар. Кейин бир киши: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули, яхшиларимиз ва ёмонларимиз кимлигини айтинг», деди. «Яхшиларингиз – яхшилигидан умид қилинадиган, ёмонлигидан омон бўлинадиган кишидир. Ёмонингиз – яхшилигидан умид қилинмайдиган, ёмонлигидан эмин бўлинмайдиган кимсадир», дедилар».
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَأْتِي عَلَى النَّاسِ زَمَانٌ، الصَّابِرُ فِيهِمْ عَلَى دِينِهِ كَالْقَابِضِ عَلَى الْجَمْرِ». رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шундай замон келадики, динида сабр қилган одам худди чўғни ушлаб тургандек бўлади», дедилар» (Иккисини Термизий ривоят қилган).
عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْعِبَادَةُ فِي الْهَرْجِ كَالْهِجْرَةِ إِلَيَّ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фитна ва қотиллик кўпайган пайтдаги ибодат худди менинг ёнимга ҳижрат қилиш кабидир», дедилар» (Муслим ва Термизий ривоят қилганлар).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّكُمْ فِي زَمَانٍ مَنْ تَرَكَ مِنْكُمْ عُشْرَ مَا أُمِرَ بِهِ هَلَكَ، ثُمَّ يَأْتِي زَمَانٌ مَنْ عَمِلَ مِنْكُمْ بِعُشْرِ مَا أُمِرَ بِهِ نَجَا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ўзига буюрилган ишларнинг ўндан бирини қилмаса ҳалок бўладиган замондасиз. Аммо шундай замон келадики, унда ўзига буюрилган ишларнинг ўндан бирига амал қилган одам ҳам нажот топади», дедилар» (Термизий ривоят қилган).
Фарғона вакиллиги фаолиятидан
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида 14 та масжид фаолият олиб бормоқда. Уларда 25 нафар малакали имом-хатиб ва имом-ноиблар хизмат олиб бормоқдалар. Масжидларда ободончилик ишлари олиб борилиб, мўмин-мусулмонлар учун қулай шарт-шароитлар ҳозирланмоқда.
Имом-хатиблар ва масжидлар фаолиятини ўрганиш мақсадида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев Бувайдага ташриф буюрди. Туман бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Низомов бошчилигида туманда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблари ҳамда "Ҳаж — 2024" мавсумида зиёратга борган ҳожилар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди. Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолига соф ислом таълимотларини етказиш, ёшларни соф ақида асосида, ватанга садоқатли қилиб тарбиялашда масъуллар олдида турган вазифаларга тўхталинди.
"Салмони Форсий" масжидида фуқаролар қабули ўтказилди. Туманнинг Гузар, Бувайда ва Ипак йўли маҳалла фуқаролари йиғинидан ташриф буюрган фуқаролар мурожаати тингланиб, уларнинг саволларига жавоб бериш баробарида амалий кўмак бериш чоралари кўрилди.
Масжид ҳудудига манзарали ва гул кўчатлари ўтказилиб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти, кўчат экишнинг фойдалари, лойиҳада фаол бўлишнинг манфаати хусусида гапирилди.
Шунингдек, "Мансурхонтўра" масжиди бир ярим минг намозхон учун мўжалланган, замонавий архитектура талабларига ҳамоҳанг равишда ишланган лойиҳа асосида қайта қурилмоқда. Намозгоҳнинг янги биносига ғишт қўйилиб, бошланган ишлар хайрли бўлишини тилаб дуо қилинди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати