Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Анқарадаги Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўрмез 1959 йилда Туркиянинг Газиантеп вилояти Низип туманида туғилган. Бошланғич таълимни Низипда, ўрта таълимни Газиантеп Имом Хатиб ўрта мактабида тамомлаган.
1983-1987 йилларда Aнқара университетининг илоҳиёт факультетида таълим олган. Ўша йили “Aсосий Ислом фанлари” факультети “Ҳадис” кафедрасида магистратурада ўқишни бошлади.
1988 йили Туркия Республикаси Миллий таълим вазирлиги томонидан ажратилган стипендия билан Қоҳира университетида бир йил давомида таълим ва илмий изланишлар олиб борди.
1995 йилда докторлик диссертациясини “Суннат ва ҳадисларни тушуниш ва талқин қилишда методология муаммоси” мавзусида ҳимоя қилган.
1995-1997 йилларда Қозоғистондаги Аҳмад Яссавий университетининг илоҳиёт факультетида фаолият юритган.
1999 йилда доцент илмий унвонига эга бўлди.
2001-2003 йиллар давомида Ҳаcеттепе университетида дарс берди.
2003 йил Дин ишлари бўйича вице-президент этиб тайинланди.
2006 йилда профессор унвонини қўлга киритди.
2010-2017 йилларда Дин ишлари бўйича раиси лавозимида фаолият юритди.
Меҳмет Гўрмезнинг “Ҳадис илмининг асосий масалалари”, “Қалб давоси”, “Ғаззолий асарларида Суннат ва Ҳадис ҳамда уларнинг шарҳлари”, “Суннат ва ҳадиснинг ҳақиқий қиймати”, “Суннат ва ҳадисларни тушуниш ва шарҳлашда методология муаммоси” ва бошқа кўплаб асарлари нашр этилган.
Ҳозирда ўзи асос солган Ислом тафаккур институти ва Халқаро Ислом тафаккур жамғармаси президенти сифатида фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мисрдаги Ал-Азҳар халқаро академиясида 20 нафар ўзбекистонлик имом-хатиб учун ташкил этилган малака ошириш дастури якунланиб, иштирокчиларга махсус шаҳодатнома топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.
Икки ҳафта давом этган ўқув курсида диний соҳа вакиллари ўзларининг илмий-диний билимларини ошириш, Ал-Азҳарнинг бой илмий тажрибаси ва ўқитиш услубларини ўзлаштириш бўйича машғулотларда қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан академия раҳбари Ҳасан Сағир ушбу ўқув курслари Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Таййибнинг доимий эътиборида бўлганини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, шайх Аҳмад Таййиб ўқув жараёнини жиддий кузатиб борган.
Сафар давомида ўзбекистонлик имомлар ушбу давлатдаги Катта уламолар кенгаши аъзоси доктор Ҳасан Шофеий билан ҳам кўришди. Учрашув чоғида илм-фан, диний маърифат ва уламолар масъулияти хусусида суҳбат бўлиб ўтди.
Имом-хатиблар Ал-Азҳар ҳамда Имом Ҳусайн масжидларига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган табаррук ашёлар, жумладан, муборак қилич ва бошқа тарихий ёдгорликларни кўриш имконига эга бўлди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Ал-Азҳар ўртасидаги диний-маърифий ҳамкорлик, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, имом-хатибларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш ҳамда ўзбекистонлик ёшларнинг ушбу нуфузли даргоҳда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича келгуси чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати