Доктор Аввод Маҳмуд Аввод Солим 1977 йилда Мисрнинг Қалюбийя муҳофазасида туғилган.
2000 йилда Мисрдаги “Ал-Азҳар” дорулфунуни “Дин асослари” факультетининг “Ақида ва фалсафа” кафедрасини тамомлаган.
2010 йилда “Ал-Азҳар” университетида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Шу йилдан “Дин асослари” факультети декани этиб тайинланган ва мазкур бўлимда устозлик қилиб, талабаларга дарс бериб келади. Ҳозирда ушбу факультетнинг “Ақида ва фалсафа” кафедраси мудири лавозимида фаолият юритмоқда.
Доктор Аввод Маҳмуд Аввод кўплаб асар ва тадқиқотлар муаллифи саналади. Унинг “Мотуридийлик калом мактаби” асарига соҳа мутахассислари томонидан катта қизиқиш билдирилган.
Маълумот ўрнида: 2023 йил доктор Аввод Маҳмуд Солим Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Абу Бакр Қаффоли Шоший ва Бароқхон мадрасаларига ташриф буюриб, Мусҳафи Усмонни зиёрат қилганди, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази қурилиши ва ундаги барпо қилинадиган бўлимлар билан танишганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мисрдаги Ал-Азҳар халқаро академиясида 20 нафар ўзбекистонлик имом-хатиб учун ташкил этилган малака ошириш дастури якунланиб, иштирокчиларга махсус шаҳодатнома топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.
Икки ҳафта давом этган ўқув курсида диний соҳа вакиллари ўзларининг илмий-диний билимларини ошириш, Ал-Азҳарнинг бой илмий тажрибаси ва ўқитиш услубларини ўзлаштириш бўйича машғулотларда қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан академия раҳбари Ҳасан Сағир ушбу ўқув курслари Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Таййибнинг доимий эътиборида бўлганини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, шайх Аҳмад Таййиб ўқув жараёнини жиддий кузатиб борган.
Сафар давомида ўзбекистонлик имомлар ушбу давлатдаги Катта уламолар кенгаши аъзоси доктор Ҳасан Шофеий билан ҳам кўришди. Учрашув чоғида илм-фан, диний маърифат ва уламолар масъулияти хусусида суҳбат бўлиб ўтди.
Имом-хатиблар Ал-Азҳар ҳамда Имом Ҳусайн масжидларига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган табаррук ашёлар, жумладан, муборак қилич ва бошқа тарихий ёдгорликларни кўриш имконига эга бўлди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Ал-Азҳар ўртасидаги диний-маърифий ҳамкорлик, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, имом-хатибларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш ҳамда ўзбекистонлик ёшларнинг ушбу нуфузли даргоҳда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича келгуси чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати