Cавол: Бир киши хуфтон намозини махфий ўқиётганда бошқа одам келиб иқтидо қилса, шу ҳолда давом этадими ёки жаҳрий қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз айтган ҳолатда, яъни жаҳрий (овоз чиқариб ўқиладиган) намозларда шу иш содир бўлиб қолса, ёлғиз намоз ўқиётган инсон имомга айланиб, қироатни жаҳрий қилиши вожиб бўлади. Жаҳрий қилишда ўқиётган ракатидаги Фотиҳани қайтадан бошлаб жаҳрий ўқийди. Бу масала фиқҳий манбаларимизда қуйидагича ёритилган:
رجل يصلي وحده فجاء رجل واقتدى به بعدما قرأ الفاتحة أو بعضها يقرأ الفاتحة ثانيا ويجهر
“Бир одам ёлғиз ўзи намоз ўқимоқда. Фотиҳани тўлиқ ёки баъзисини ўқиётганда бошқа бир одам келиб унга иқтидо қилса, Фотиҳани жаҳрий қилиб, қайта ўқийди” (“Баҳрур роиқ” китоби).
Шунингдек, имом барча такбир, салом ва шу кабиларни жаҳрий айтади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Фарғона вакиллиги фаолиятидан
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида 14 та масжид фаолият олиб бормоқда. Уларда 25 нафар малакали имом-хатиб ва имом-ноиблар хизмат олиб бормоқдалар. Масжидларда ободончилик ишлари олиб борилиб, мўмин-мусулмонлар учун қулай шарт-шароитлар ҳозирланмоқда.
Имом-хатиблар ва масжидлар фаолиятини ўрганиш мақсадида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев Бувайдага ташриф буюрди. Туман бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Низомов бошчилигида туманда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблари ҳамда "Ҳаж — 2024" мавсумида зиёратга борган ҳожилар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди. Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолига соф ислом таълимотларини етказиш, ёшларни соф ақида асосида, ватанга садоқатли қилиб тарбиялашда масъуллар олдида турган вазифаларга тўхталинди.
"Салмони Форсий" масжидида фуқаролар қабули ўтказилди. Туманнинг Гузар, Бувайда ва Ипак йўли маҳалла фуқаролари йиғинидан ташриф буюрган фуқаролар мурожаати тингланиб, уларнинг саволларига жавоб бериш баробарида амалий кўмак бериш чоралари кўрилди.
Масжид ҳудудига манзарали ва гул кўчатлари ўтказилиб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти, кўчат экишнинг фойдалари, лойиҳада фаол бўлишнинг манфаати хусусида гапирилди.
Шунингдек, "Мансурхонтўра" масжиди бир ярим минг намозхон учун мўжалланган, замонавий архитектура талабларига ҳамоҳанг равишда ишланган лойиҳа асосида қайта қурилмоқда. Намозгоҳнинг янги биносига ғишт қўйилиб, бошланган ишлар хайрли бўлишини тилаб дуо қилинди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати