Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Пешинга яқин масжид тараф йўл олдим. Машинадан тушар эканман, атрофи оқ сурп билан ўралган тобутга кўзим тушди. Демак ёши катта инсон вафот этибди. «Биз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтувчимиз». Тобут жаноза ўқиладиган жойда турарди. Унинг атрофида ҳеч ким йўқ. Гўёки маййитни қабрда ёлғиз қолишига ҳозирдан тайёрлашаётгандек эди. Ҳар галгидек нарироқда фақат жанозани ўзига қатнашадиганлар масжид ташқарисида туришибди. Улар орасида дарахт соясида алоҳида турган уч-тўрт нафар ёши катталарга ҳам кўзим тушди. Кўринишидан олтмиш ёшлардан ошган кишилар эди.
Ичкарига кирдим. Азон айтиб бўлинган, одамлар пешиннинг олдинги тўрт ракъат суннатини ўқишаётган экан. Ташқи айвоннинг орқароқ қаторидан жой топиб, мен ҳам намозни ўқишга киришдим. Ибодатни бошлашга бошладиму, ташқаридан келаётган баланд овозлардан хаёлим чалғий бошлади. Дарахт соясида ўтирган чоллардан бирортасининг қулоғи оғирроқ шекилли, бир-бирига қаттиқ-қаттиқ гапиришарди. Тўрт ракъат намозни зўрға, таъбим хира бўлиб ўқиб тугатдим. Чоллар кимнингдир иккита квартираси борлигидан тортиб, оиласида нечта ака-ука қолганини қизғин муҳокама қилишаётган эди. Энг ёмони, ора-сира сўкиниб ҳам қўйишарди. Диққатни жамлашга ҳар қанча уринмай, эплолмадим. Билдимки, ҳали-ҳануз хушуъ билан намоз ўқишни ўрганмабман.
Фарз намозига иқомат айтилганда салқингина хонақоҳга кириб бордим. Бу ерда ортиқча овозлар эшитилмади. Балки ҳалиги кишилар жим бўлишгандир ёки зич ёпилган деразалар ташқаридаги овозларни ичкарига киритмагандир...
Авваллари бизга катталар жаноза одобларини ўргатишарди. Маълумки, мусулмоннинг бошқа бир мусулмон бандага нисбатан ҳақ-ҳуқуқлари бор. Бир мусулмоннинг таниши вафот этса, унинг жанозасида ҳозир бўлиш мазкур ҳақлардан биридир. Жанозада қатнашаётган киши эса дунёвий гаплардан тийилиши, вафот этганнинг ҳаққига Аллоҳдан раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилиши, унинг бу дунё ҳаётидаги қилиб ўтган яхши амалларини зикр этиши керак. Улуғларимиз жанозада ҳар бир инсон учун катта ибрат бор, деб насиҳат қилишган. Дарҳақиқат, бир яқин кишисининг ўлими бошқа бир мусулмонни ўтган умрини эслаб, ўзини сарҳисоб қилиши учун энг яхши эслатмадир. Бундай вақтда инсон ўз-ўзидан сергак тортиб ўйга толади.
Бир вақтлар масжидга кириб намоз ўқувчилар сони кам бўлса-да, жанозанинг ўзига келган инсонлар шовқин кўтармас, маййитнинг ҳурматини ва жаноза одобини сақлашга ҳаракат қилишар эди. Ўлимни кўз олдиларига келтириб маҳзун бош эгиб туришарди. Энди-чи?..
Хуллас, жаноза намозини ҳамма бирга туриб ўқиди. Йиғилганлардан бир гуруҳи тобутни елкаларига олиб қабристон томон йўл олишди, қолганлар дунё ташвишлари ва гап-сўзлари билан овора бўлиб қолаверди.
Аслида жаноза одоби ҳақида ҳозир ҳам кўп гапирилади, лекин, назаримда бу гаплар шунчаки эътиборсиз қолаётгандек... Ёши бир жойга бориб қолганларнинг муносабати шундай бўлса, улғайиб келаётган ёш авлоддан нимани кутамиз?
Аллоҳ ҳолимизни ислоҳ қилсин!
Санъат Ҳасанов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сизни кимдир хафа қилганида ёки нимадандир маҳзун бўлганингизда ё ёлғизланиб қолганингизда ҳеч йиғлаганмисиз?
Бошингизга оғир синов тушганда, ғамга ботганингизда, оилангиз нотинч ёки фарзандларингиз билан боғлиқ муаммо бўлганда қандай қилиб муаммодан чиқишни билмай қолганмисиз?
Бундай вазиятдан қутулиш учун нима қилгансиз?
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ўзлари якка ҳолда ўтириб, йиғлар эдилар. У зот алайҳиссалом оғир вазиятга гўёки чорасиз бир ҳолатга тушиб қолгандек ўзларини ҳис қилардилар. Шу пайт Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди:
﴿وَلَقَدْ نَعْلَمُ أَنَّكَ يَضِيقُ صَدْرُكَ بِمَا يَقُولُونَ فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَكُنْ مِنَ السَّاجِدِينَ وَاعْبُدْ رَبَّكَ حَتَّى يَأْتِيَكَ الْيَقِينُ﴾
“Албатта, Биз уларнинг айтаётганларидан сенинг дилинг сиқилишини яхши билурмиз. Бас, Роббинг ҳамди ила тасбиҳ айт ва сажда қилгувчилардан бўл. Ва сенга аниқ нарса (ўлим) келгунича Роббингга ибодат қил” (Ҳижр сураси, 97-99-оятлар).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад алайҳиссалом мушрикларнинг масхара қилаётганлари, келтираётган ширклари сизнинг қалбингизни маҳзун этаётганини билиб, кўриб турибман”, деб айтмоқда.
Аллоҳ таоло оятнинг давомида Ўз Расулига озор бераётган нарсалардан қутулиш йўлини ўргатди, бу оят Набий алайҳиссаломнинг қалбларига таскинлик берди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир муддат ваҳий тушмай қолди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳзун бўлдилар. Мушриклар “Муҳаммаднинг Роббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди”, деб гап тарқатдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди:
“Чошгоҳ билан қасам. Сукунатга чўмган тун билан қасам. Роббинг сени тарк қилгани йўқ, сенга ғазаб ҳам қилгани йўқ” (Зуҳо сураси, 1-3-оятлар).
Аллоҳ таоло зуҳо ва тун билан қасам ичиб “Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ғазаб қилмаганини ва у зотни тарк этмаганини ҳам” маълум қилди.
Ҳа, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамиша Ўзи нусрат берган, доимо ҳар қандай қийинчиликлардан чиқиш йўлини кўрсатган, асло ўз ҳолларига ташлаб қўймаган. Бу оятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларида умид учқунларини пайдо қилди.
Умид сабабли эзилган, қайғуга ботган қалб шифо топа бошлайди. Демак, мусибатга учраган банда билиши керак бўлган нарсаларнинг энг биринчиси шуки – Роббимиз бизни ҳеч қачон тарк этмайди, ўз ҳолимизга ҳам ташлаб қўймайди. У доимо биз билан бирга.
Аллоҳ таоло Зуҳо сурасининг давомида бундай марҳамат қилди:
“Ва албатта охират сен учун бу дунёдан яхшидир” (Зуҳо сураси, 4-оят).
Бу оят ҳар бир мўмин банда учун Қодир Аллоҳдан буюк инъомдир.
Бу оят қалбдаги сўнган умидни уйғотади.
Бу оятда Аллоҳ таоло: “Эй бандам, бу дунёда сенга етган ҳар қандай оғир мусибат, синов ҳам, сени ташвишга солаётган бу қийинчиликлар ҳам ўткинчи, ҳар қандай албатта муаммо ҳал бўлади. Лекин охират ва ундаги мукофотлар бу дунёдан яхшидир”, деб марҳамат қилмоқда. Унутманг! Бир қийинчиликнинг ортидан албатта икки енгиллик келади.
Аллоҳ таоло оятнинг давомида яна бундай марҳамат қилади:
“Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўлурсан” (Зуҳо сураси, 5-оят).
Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, охиратда ҳам шу қадар кўп неъматларини берадики банда улардан рози бўлади. Шикоятга ҳам, яна қўшимчага ҳам асло ўрин қолмайди. Чунки Роббингиз сизга тайёрлаб қўйган нарсалар сиз учун фақат яхшилик ва хурсандчилик бўлади.
Шундай экан, бирор мусибатга учрасангиз асло маҳзун бўлманг, ғамга ботманг! Аллоҳ таолодан яхшиликларни умид қилинг. Аллоҳ таолонинг сизга берадиган жуда кўп мукофотлари бор. Уларни кўрганингизда бениҳоя бахтиёр бўласиз...
“У сени етим топиб жойлаб қўймадими?”
“Ва У сени ҳайрон ҳолда топиб, ҳидоятга бошламадими?”
“Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими?”
“Аммо етимга қаҳр қилмагин”.
“Ва аммо «соил»га зажр қилма”.
“Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла” (Зуҳо сураси, 6-11-оятлар).
Даврон НУРМУҲАММАД