Азизлар, хабарингиз бор, 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хивада «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» мавзусида халқаро анжуман (https://t.me/islomuz/34907) бўлиб ўтади. Анжуманда Урдун Халқаро исломий илмлар дорилфунунининг доктори шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари ҳам қатнашадилар. У кишининг «Ҳанафий фиқҳига теран нигоҳ» мавзусида олиб борган давра суҳбатлари таржима қилиниб, китоб шаклига келтирилди ва бу китоб шу ном остида «Hilol Nashr» матбаа-нашриётида чоп қилинмоқда (https://t.me/HilolNashr/23402).
Бу китоб тўрт мазҳабнинг, хусусан, ҳанафий мазҳабининг аҳамиятини, унинг Ислом уммати, мусулмонлар ҳаётида тутган ўрнини кўрсатиб беради. «Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китоби – Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг фиқҳини, манҳажини ўрганиш, динимизни ўрганиш сари қўйилган муҳим қадамдир. Китобда ҳанафий мазҳабининг тарихи, шаклланиши ва моҳияти баён қилинган, айни пайтда асримизнинг вабоси бўлган фитнага – мазҳабсизликка қарши ақлий ва нақлий, илмий асосланган, аниқ ва ишончли далиллар келтирилган. Халқимиз асрлар давомида амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабига билиб-билмай туҳмат тошлари отилаётган, мазҳабга эргашувчилар Қуръону Суннатга эмас, бир шахсга кўр-кўрона эргашишда ноҳақ айбланаётган бугунги кунда «Ҳанафий фиқҳига теран нигоҳ» китобининг чоп қилиниши давр тақозоси ўлароқ, айни муддао бўлди.
14 октябрь куни соат 10:00 да «Hilol Nashr» нашриётининг мажлислар залида ушбу китобнинг тақдимоти ўтказилади. Тақдимотга китоб муаллифи ҳам ташриф буюрадилар.
Илмий суҳбатга марҳамат, азизлар!
Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.