Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Аллоҳ яхши кўрган бандалар

14.10.2024   2092   2 min.
Аллоҳ яхши кўрган бандалар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ чин тавба қилувчи бандаларини яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

Чин тавба қандай бўлади?

Чин тавба дилдан пушаймон бўлиш, тил билан мағфират сўраш, гуноҳдан воз кечиш ва унга бошқа қайтмасликка аҳд қилиш билан бўлади.

 

Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчи бандаларини яхши кўради: Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Набий алайҳиссаломга эргашиш нима дегани?

Набий алайҳиссаломга эргашиш у зот келтирган шариат кўрсатмаларига итоат этиш деганидир.

 

Аллоҳ тақво қилувчи бандаларини яхши кўради: “Аслида эса, ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Тақво нима?

Тақво – тиканзорда яланг оёқ ўзингизни тикандан сақлаб юрганингиздек гуноҳ ва маъсиятлардан ҳам эҳтиёт, узоқ бўлишингиздир.

 

Аллоҳ яхшилик қилувчи бандаларини яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).

Эзгулик нима?

Эзгулик бу яхшиликдир. Ҳар бир савобли иш – яхшилик.
 

Аллоҳ адолатли бандаларини яхши кўради: “Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади” (Моида сураси, 42-оят).

 

Аллоҳ ҳар бир ишни гўзал бажарувчи бандаларини яхши кўради: (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 195-оят).

 

Аллоҳ сабрли бандаларини яхши кўради: “Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар” (Оли Имрон сураси, 146-оят).

Сабр нима?

- Тоат-ибодатларни адо этишда сабр.

- Гуноҳлардан тийилишда сабр.

- Мусибатга сабр.
 

Аллоҳ таваккул қилувчи бандаларини яхши кўради: (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг розилигини топадиган бандаларидан қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ёғ суртилган сочларнинг таҳоратдаги ҳукми

28.11.2024   175   1 min.
Ёғ суртилган сочларнинг таҳоратдаги ҳукми

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Сочимни ювганимдан кейин чигалини кетказиш учун махсус ёғдан фойдаланаман. Шундан кейин таҳорат олганимда сочимга масҳ тортсам бўладими?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Маълумки, мазҳабимизга кўра, бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш таҳоратнинг фарзларидан бўлиб, сочга суртилган ёғ ёки крем остига сувни ўтказишга монеълик қилмаса, таҳорат дуруст бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини зайтун мойи билан мойлар ва бошқаларни ҳам шунга буюрар эдилар.

Агар суртилган мой сувни ўтказмаса, уни кетказиш лозим бўлади.  Акс ҳолда таҳорат ва ғусл дуруст бўлмайди. Бу ҳақида аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ Бундай деганлар:

وَلَوْ أَلْزَقَتْ الْمَرْأَةُ رَأْسَهَا بِالصَّبغ بِحَيْثُ لَا يَصِلُ الْمَاءُ إلَى أُصُولِ الشَّعْرِ وَجَبَ عَلَيْهَا إزَالَتُهُ

“Агар аёл киши бошига сочининг остига сувни ўтказмайдиган қилиб елим суртган бўлса, уни кетказиш вожиб бўлади” (“Ал-Баҳрур-Роиқ” китоби).

Агар бошига крем суртган кимса масҳ тортганида, бошининг тўртдан бир қисмига сув етса, унинг таҳорати дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар