Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Маҳмуд МИСРИЙ: Исломнинг моҳиятини тўғри етказиш олимлар зиммасидаги муҳим вазифа

14.10.2024   3386   4 min.
Маҳмуд МИСРИЙ: Исломнинг моҳиятини тўғри етказиш олимлар зиммасидаги муҳим вазифа

Жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент шаҳри ва Хивада бўлиб ўтадиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги нуфузли халқаро конференция иштирокчилари мамлакатимизга етиб келди.

Улардан бири Туркиянинг Истанбул шаҳридаги қўлёзмаларни ўрганишга ихтисослашган «Dorul maxtutot» маркази бош директори, доктор Маҳмуд Мисрий.  

У Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлиб, қадимий қўлёзмаларни ўрганиш, бундай заргарона ишга нечоғли юксак билим ва масъулият билан ёндошиш кераклиги юзасидан ўз билим ва тажрибаларини талабалар билан ўртоқлашди. Академиядаги “Манбалар хазинаси”да сақланаётган нодир манбалар билан танишар экан, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган халқаро конференция, юртимизда кечаётган маърифий ислоҳотлар жараёнига оид ўзининг фикрларини билдирди.

–   Юртингизда 15-16 октябрь кунлари “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ташкил этилаётган халқаро конференцияга таклиф этилганимдан бағоят хурсандман, – деди Маҳмуд Мисрий. – Шунингдек, мазкур конференция сабабли дунёдаги бир қанча нуфузли халқаро ташкилот раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар билан учрашиш бахтига муяссар бўлиш мени қувонтиради. Аллоҳ таолодан “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги ташкил этилаётган халқаро конференцияни манфаатли ва барча учун хайрли бўлишини сўраб қоламан.

Афсуски, сўнгги пайтларда дунёда Ислом дини ҳақида нотўғри тушунчалар авж олди. Улар орасида энг ҳайратланарлиси, Ислом динига “ислом – терроризм дини” дея таъриф берилишидир. Ваҳоланки, терроризм аслида бошқа жамиятлар томонидан ўйлаб топилган ҳаракатдир. Ислом динининг заррача бўлсада, терроризмга алоқаси йўқ.

Ислом дини ҳақида сўзлаганда уни “тинчлик дини”, “саломатлик дини” дея таърифлашга асло ҳожат йўқ. Зеро, тарихдан Ислом динига оид илмий меросларни, хусусан ақида, тафсир, ҳадис, фиқҳ каби илмларда ёзилган асарларни ўрганган киши Ислом дини тўлақонли гўзал ва беқиёс таълимот эканига гувоҳи бўлади. Қолаверса, олдимизда турган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференция ҳам сўзимизни тасдиқлайди.

Бунга қўшимча тарзда ҳанафийлик фиқҳи ҳамда мотуридийлик таълимотига оид асарлар ва олимларнинг қарашларини ўрганиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ислом дини нуқтаи назаридан инсоний ҳуқуқ ва мажбуриятлар, ҳуррият, бағрикенгликка оид масалаларни ўрганган шахс, Ислом дини мазкур воситаларни эҳтиром этиш ҳамда уларни тўғри қўллаш орқали адолат ва бағрикенгликни мужассам этганига гувоҳи бўлади. Аслини олганда, бағрикенглик бу ожизлик эмас, балки кучли томоннинг кучсиз томонни қўллаб-қувватлашидир. Бизда “диний бағрикенглик” деганда, киши ўз динига амал қилишда ҳақ-ҳуқуқларидан эркин фойдалана олишига нисбатан айтилади.

Ўйлайманки, “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказилаётган халқаро конференция юқоридаги сўзларимизнинг янада кенг жабҳада ёритилиши ҳамда инсонларга Ислом динининг асл моҳиятини тушунтиришга хизмат қилади.

Бугунги суҳбатни ташкил қилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда унинг ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман. Бу даргоҳда олиб борилаётган кенг кўламли илмий изланишлар, замонавий ўқув бинолари, кўп сонли профессор-ўқитувчи,  устозларнинг фаолияти ҳамда таҳсил олаётган талабалар келажакда юртингиз равнақи ва келажаги учун катта ҳисса қўшади, деган умиддаман. Мазкур ҳаракатлар ортидан келажакда юртингиздан яна буюк олимлар етишиб чиқишига ишончим комил.

–Ўзбекистонда буюк алломаларнинг бой маънавий, илмий мероси, бу меросни ўрганиш борасидаги эзгу ишлар ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдик.

–   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг буюк аллома ва мутафаккирларнинг фундаментал тадқиқотларини ўрганиш, уларнинг илмий меросини қайта тиклашга оид кўрсатмаларини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур муҳим ишларга давлат раҳбари томонидан ташаббус билдирилиши ушбу мамлакатдаги олимлар ва илмий соҳа ходимларига улкан масъулият юклайди. Зотан, уламолар илмий меросини ўрганиш ислом умматининг аслиятини ўрганиш демакдир. 

Қиймати чексиз бўлган бир қанча қўлёзмаларни ўрганиб, уларни тадқиқ этиб, инсонларга ислом динининг асл моҳиятини тўғри етказиб,  намоён қилиш шу юртдаги барча олимлар ва тадқиқотчиларнинг муҳим ишларидан саналади. Бу ишни амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлов ҳамда барча шарт-шароитларга эга олий муассаса ва илмий-тадқиқот марказлари барпо қилиниши улкан натижага эришишдаги энг муҳим воситалардан бири ҳисобланади.

ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг 6 саволлари

28.11.2024   438   2 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг 6 саволлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар ўғил фарзанд кўрсангиз нима қиласизлар?
Улар: Аллоҳга шукр қилиб бир ой рўза тутамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Агар қиз фарзанд кўрсангизчи?
Улар:Унда икки ой рўза тутамиз. Чунки Мусо алайҳиссалом қиз фарзанд тарбиясига сабр қилишга, ўғил тарбиясига сабр қилишдан кўра икки карра ортиқ ажр бор деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сизларнинг орангизда зино қиладиганлар борми?
Улар: Йўқ, кимда ким зино қилса осмондан бошига тош ёғилади ёки ер ютади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Рибо билан шуғулланасизларми?
Улар: Фақат Аллоҳнинг ризқидан ноумид бўлганларгина рибо билан шуғулланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Касал бўласизларми?
Улар: Биз касал ҳам бўлмаймиз, гуноҳ ҳам қилмаймиз. Сизнинг умматингиз гуноҳларига каффорат бўлиши учун касал бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сизларнинг ерингизда йиртқич ҳайвонлар борми?
Улар: Ҳа, бор. Аммо, биз уларга зарар етказмаймиз, улар ҳам бизга зарар етказмайдилар.
Шундан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга шариат аҳкомларини ўргатдилар, беш вақт намоз ўқиш ва закотга буюрдилар. Қуръондан Фотиҳа ва баъзи сураларни ўргатдилар.
Ал-Ҳаддодий айтадилар: Маккада нозил бўлган ўнта сурани таълим бердилар. У вақтда намоз билан закотдан бошқа фарзлар нозил бўлмаган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга шанба куни балиқ овлаш тақиқлангани ҳақидаги ҳукмни тарк этишни, намозни жамоат бўлиб ўқишни ва қиблага қараб юзланишни буюрдилар.
Ибн Жарир Табарий айтадилар, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу бу оятда зикр этилган қавм ҳақида ушбу оятда баён этилган: “Ундан кейин Биз Бани Исроилга: шу ерни маскан тутинглар. Қачонки ваъда қилинган охират келганида, сизларнинг барчаларингизни бир тўп қилиб келтирурмиз, дедик” (Исро сураси, 104-оят).
“Охират ваъдаси” – Исо алайҳиссаломнинг ерга тушишлари, деганлар. 

Манбалар:
Тафсир “жомеъул баён” - Табарий
Тафсир “анворут танзил ва асрорут таъвил” – Байзовий
Тафсир “мафотийҳул ғойб” – Розий
Тафсир “жомеъ лиаҳкомил қуръон” – Қуртубий
Тафсир “Кашшоф” – Замахшарий
Тафсир “баҳрул улум” – Самарқандий
Тафсир “Қуранул азим” – Ибн Касир
Тафсир “Руҳул баён” – Ҳаққий
Тафсир “Руҳул маъоний” - Улусий

Ҳомиджон домла Ишматбеков