Улардан бири Туркиянинг Истанбул шаҳридаги қўлёзмаларни ўрганишга ихтисослашган «Dorul maxtutot» маркази бош директори, доктор Маҳмуд Мисрий.
У Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлиб, қадимий қўлёзмаларни ўрганиш, бундай заргарона ишга нечоғли юксак билим ва масъулият билан ёндошиш кераклиги юзасидан ўз билим ва тажрибаларини талабалар билан ўртоқлашди. Академиядаги “Манбалар хазинаси”да сақланаётган нодир манбалар билан танишар экан, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган халқаро конференция, юртимизда кечаётган маърифий ислоҳотлар жараёнига оид ўзининг фикрларини билдирди.
– Юртингизда 15-16 октябрь кунлари “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ташкил этилаётган халқаро конференцияга таклиф этилганимдан бағоят хурсандман, – деди Маҳмуд Мисрий. – Шунингдек, мазкур конференция сабабли дунёдаги бир қанча нуфузли халқаро ташкилот раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар билан учрашиш бахтига муяссар бўлиш мени қувонтиради. Аллоҳ таолодан “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги ташкил этилаётган халқаро конференцияни манфаатли ва барча учун хайрли бўлишини сўраб қоламан.
Афсуски, сўнгги пайтларда дунёда Ислом дини ҳақида нотўғри тушунчалар авж олди. Улар орасида энг ҳайратланарлиси, Ислом динига “ислом – терроризм дини” дея таъриф берилишидир. Ваҳоланки, терроризм аслида бошқа жамиятлар томонидан ўйлаб топилган ҳаракатдир. Ислом динининг заррача бўлсада, терроризмга алоқаси йўқ.
Ислом дини ҳақида сўзлаганда уни “тинчлик дини”, “саломатлик дини” дея таърифлашга асло ҳожат йўқ. Зеро, тарихдан Ислом динига оид илмий меросларни, хусусан ақида, тафсир, ҳадис, фиқҳ каби илмларда ёзилган асарларни ўрганган киши Ислом дини тўлақонли гўзал ва беқиёс таълимот эканига гувоҳи бўлади. Қолаверса, олдимизда турган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференция ҳам сўзимизни тасдиқлайди.
Бунга қўшимча тарзда ҳанафийлик фиқҳи ҳамда мотуридийлик таълимотига оид асарлар ва олимларнинг қарашларини ўрганиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ислом дини нуқтаи назаридан инсоний ҳуқуқ ва мажбуриятлар, ҳуррият, бағрикенгликка оид масалаларни ўрганган шахс, Ислом дини мазкур воситаларни эҳтиром этиш ҳамда уларни тўғри қўллаш орқали адолат ва бағрикенгликни мужассам этганига гувоҳи бўлади. Аслини олганда, бағрикенглик бу ожизлик эмас, балки кучли томоннинг кучсиз томонни қўллаб-қувватлашидир. Бизда “диний бағрикенглик” деганда, киши ўз динига амал қилишда ҳақ-ҳуқуқларидан эркин фойдалана олишига нисбатан айтилади.
Ўйлайманки, “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказилаётган халқаро конференция юқоридаги сўзларимизнинг янада кенг жабҳада ёритилиши ҳамда инсонларга Ислом динининг асл моҳиятини тушунтиришга хизмат қилади.
Бугунги суҳбатни ташкил қилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда унинг ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман. Бу даргоҳда олиб борилаётган кенг кўламли илмий изланишлар, замонавий ўқув бинолари, кўп сонли профессор-ўқитувчи, устозларнинг фаолияти ҳамда таҳсил олаётган талабалар келажакда юртингиз равнақи ва келажаги учун катта ҳисса қўшади, деган умиддаман. Мазкур ҳаракатлар ортидан келажакда юртингиздан яна буюк олимлар етишиб чиқишига ишончим комил.
–Ўзбекистонда буюк алломаларнинг бой маънавий, илмий мероси, бу меросни ўрганиш борасидаги эзгу ишлар ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдик.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг буюк аллома ва мутафаккирларнинг фундаментал тадқиқотларини ўрганиш, уларнинг илмий меросини қайта тиклашга оид кўрсатмаларини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур муҳим ишларга давлат раҳбари томонидан ташаббус билдирилиши ушбу мамлакатдаги олимлар ва илмий соҳа ходимларига улкан масъулият юклайди. Зотан, уламолар илмий меросини ўрганиш ислом умматининг аслиятини ўрганиш демакдир.
Қиймати чексиз бўлган бир қанча қўлёзмаларни ўрганиб, уларни тадқиқ этиб, инсонларга ислом динининг асл моҳиятини тўғри етказиб, намоён қилиш шу юртдаги барча олимлар ва тадқиқотчиларнинг муҳим ишларидан саналади. Бу ишни амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлов ҳамда барча шарт-шароитларга эга олий муассаса ва илмий-тадқиқот марказлари барпо қилиниши улкан натижага эришишдаги энг муҳим воситалардан бири ҳисобланади.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Сочимни ювганимдан кейин чигалини кетказиш учун махсус ёғдан фойдаланаман. Шундан кейин таҳорат олганимда сочимга масҳ тортсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Маълумки, мазҳабимизга кўра, бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш таҳоратнинг фарзларидан бўлиб, сочга суртилган ёғ ёки крем остига сувни ўтказишга монеълик қилмаса, таҳорат дуруст бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини зайтун мойи билан мойлар ва бошқаларни ҳам шунга буюрар эдилар.
Агар суртилган мой сувни ўтказмаса, уни кетказиш лозим бўлади. Акс ҳолда таҳорат ва ғусл дуруст бўлмайди. Бу ҳақида аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ Бундай деганлар:
وَلَوْ أَلْزَقَتْ الْمَرْأَةُ رَأْسَهَا بِالصَّبغ بِحَيْثُ لَا يَصِلُ الْمَاءُ إلَى أُصُولِ الشَّعْرِ وَجَبَ عَلَيْهَا إزَالَتُهُ
“Агар аёл киши бошига сочининг остига сувни ўтказмайдиган қилиб елим суртган бўлса, уни кетказиш вожиб бўлади” (“Ал-Баҳрур-Роиқ” китоби).
Агар бошига крем суртган кимса масҳ тортганида, бошининг тўртдан бир қисмига сув етса, унинг таҳорати дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.