Хабарингиз бор, 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хивада «Ислом – тинчлик ва эзгулик дини» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтади.
Айни вақтда юртимизга замонамиздаги мўътабар уламоларнинг ташрифи давом этмоқда. Хусусан, Урдун Халқаро исломий илмлар дорилфунунининг доктори шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари азим Тошкент шаҳрига ташриф буюрдилар.
Бугун, 14 октябрь куни ҳанафий мазҳабининг забардаст уламоларидан, шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари «Hilol Nashr» нашриёт-матбаасини зиёрат қилдилар. Йирик олимни нашриёт раҳбари, устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ самимият билан кутиб олдилар.
Ташриф давомида шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратларининг «Ҳанафий фиқҳига теран нигоҳ» ва аёлларга хос нозик масалаларга бағишланган «Марваридлар шодаси» асарларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотга муаллифнинг шахсан ўзлари, юртимизнинг таниқли уламоларидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институтининг катта устози Муҳаммад Айюбхон домла Косоний, устоз Мансур Али Тожимуҳаммад ўғли, Ал-Азҳар университетининг Қуръони Карим ва тажвид устози Муҳаммад Фавзий қори ал Барбарий, Қуръони Карим ходими Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, «Ҳанафий фиқҳига теран нигоҳ» китобини она тилимизга равон ва тушунарли услубда таржима қилган устоз Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ҳамда «Марваридлар шодаси» асарини таржима қилиб, халқимизга тақдим этган замонамиз муслималарининг пешқадам устозларидан Одинахон Муҳаммад Содиқ, нашриёт раҳбари Исмолжон домла Муҳаммад Содиқ ҳамда китобсевар мухлислар ташриф буюришди.
Тақдимотни Нозимжон домла Ҳошимжон олиб бордилар. Тадбирни устоз Исмоил домла Муҳаммад Содиқ очиб бериб, ташриф буюрганларга миннатдорлик изҳор қилдилар.
Сўнгра устоз Муҳаммад Айюб домла ушбу китоб ҳақида гапира туриб бугунги кунда китоб устида «Ҳанафий мазҳаби бўйича» деган жумла бўлмаса ўша асарнинг савдоси суст бўлаётгани, ҳанафий мазҳабининг қадри баланд эканини кўпчилик билиб бораётганини баён қилдилар.
Кейин доктор Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари сўз олиб, тақдим этилаётган китобни толиб илм мутолаа қилиб чиқмагунча тўлақонли ҳанафий мазҳабидаги аҳли илм бўла олмаслигини билдирдилар ҳамда бу китобни ўзини ҳанафийман деган ҳар бир мусулмон албатта ўқиб чиқиши лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, 1111 та асардан иборат бўлган ҳанафий мазҳабига доир китоблар бир жойга жамланиб, махсус дастур тузилгани эълон қилинди ва унинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу дастур дунёда илк бора ўзбек уламоларига ҳадя қилинди. Мазкур дастурдан ўрин олган кўплаб асарларнинг муаллифлари айнан юртимиздан етишиб чиққан алломалар экани алоҳида эътироф этилди. Шу ўринда аждодларга муносиб ворис бўлиш учун ҳам ҳанафий мазҳабини теран ўрганиш ва уламоларинг ҳаётларидан бохабар бўлиш зарурлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бир қаторда «Марваридлар шодаси» китоби ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар. Аллоҳ таолонинг изни билан аёлларга хос нозик масалаларни ўзбекзабон ўқувчиларга китоб шаклида тақдим этиш бахти устоза Одинахон Муҳаммад Содиқ бошчилигидаги илмий жамоага насиб этди. Ушбу китоб икки фасл, тўрт бобдан иборат бўлиб, аёлларга тегишли нозик масалалар содда ва равон услубда баён этилган.
Тақдимот давомида «Ҳанафий фиқҳига теран нигоҳ» асарини ўзбек тилига таржима қилган устоз Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржима жараёни ҳақида қисқача тўхталиб, «Ўзи ҳанафийман деб, аммо шу мазҳаб ҳақида баъзи шубҳаларда юрган кишилар ушбу китобни ўқиб чиқсалар, қалбларидаги шубҳа-гумонлардан Аллоҳнинг изни билан батамом қутуладилар», дея таъкидладилар.
Шу ўринда «Ҳанафий фиқҳига теран нигоҳ» китобига қисқача таъриф бериб ўтсак.
Бу китоб тўрт мазҳабнинг, хусусан, ҳанафий мазҳабининг аҳамиятини, унинг Ислом уммати, мусулмонлар ҳаётида тутган ўрнини кўрсатиб беради. Ушбу асар – Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг фиқҳини, манҳажини ўрганиш, динимизни ўрганиш сари қўйилган муҳим қадамдир. Китобда ҳанафий мазҳабининг тарихи, шаклланиши ва моҳияти баён қилинган, айни пайтда асримизнинг вабоси бўлган фитнага – мазҳабсизликка қарши ақлий ва нақлий, илмий асосланган, аниқ ва ишончли далиллар келтирилган. Халқимиз асрлар давомида амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабига билиб-билмай туҳмат тошлари отилаётган, мазҳабга эргашувчилар Қуръону Суннатга эмас, бир шахсга кўр-кўрона эргашишда ноҳақ айбланаётган бугунги кунда «Ҳанафий фиқҳига теран нигоҳ» китобининг чоп қилиниши давр тақозоси ўлароқ, айни муддао бўлди.
Тадбир якунида Ал-Азҳар университетининг Қуръони Карим ва тажвид устози Муҳаммад Фавзий қори ал Барбарий Қуръони Карим оятларини бир неча имомлар қироатида гўзал савт ва адо билан тиловат қилиб, тадбирга йиғилганларнинг қалбларини хушнуд этдилар. Тиловатдан сўнг доктор Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари динимизнинг ривожи, юртимизнинг равнақи, халқимизнинг фаровонлиги, инсонларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини сўраб дуолар қилдилар.
Манба: https://islom.uz/maqola/22747
Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар хазратларининг ташаббуслари билан Республикамиздаги масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноибларининг Қуръон қироати бўйича билим ва кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойида тажвид илми бўйича ўқув-амалий машғулотлари бошланган эди.
Мазкур ўқув-амалий машғулотларининг навбатдагиси шу йил 27 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноиблар учун Нукус шаҳридаги "Имом Эшон Муҳаммад" жоме масжидида бўлиб ўтди.
Ўқув машғулотида "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ҳам иштирок этиб, тингловчиларга керакли тавсияларни берди.
Шу куннинг ўзида Нукус шаҳридаги "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" мадрасасида ҳам “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум иштирокида талабалар билан илмий суҳбат бўлиб ўтди.
Суҳбат асносида мадрада талабалари Қуръон тажвиди борасидаги саволларига батафсил жавоб олди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати