Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 15-16 октябрь кунлари мамлакатимизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро анжуман ўтказилади. Унда халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин ва давлат арбоблари, муфтийлар, таниқли уламолар, илмий тадқиқотчилар ҳамда хорижий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этади.
Мазкур тадбирда қатнашиш учун ҳозирга қадар Ислом олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари, доктор Абдураҳмон бин Абдуллоҳ, Миср Араб Республикаси муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд, Кавказ мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий шайхул-ислом Аллоҳшукур Пошозода, муҳаддис аллома Муҳаммад Аввома, Истанбулдаги Ибн Халдун университети профессори Муҳйиддин Аввома, Покистондан Карачи ислом университети профессори Муҳаммад Тақий Усмоний, Дорул улум Девбанд мадрасаси мудири Ҳинд уламолари жамияти раиси Мавлоно Аршад Маданий, Бутунжаҳон ислом илмлари университетидан доктор Салоҳ Абулҳож, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси ўринбосари Ҳасан Гучлу, ISAM (Туркия) раҳбари Муртазо Бедир, Малайзия Вақф ишлари вазири Зулкифл бин Муҳаммад ал-Бакрий, Булғор ислом академиясидан доктор Сайфул Асрий, АҚШнинг Атланта штатидаги Эмори университети тадқиқотчиси Раҳимжон Абдуғафуров, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули ва Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Абдулазиз Закиров кабилар юртимизга ташриф буюришди.
Эътиборли меҳмонларни Тошкент халқаро аэропортида мутасаддилар кутиб олиб, уларни диёримизга ташрифи билан қутлаш баробарида халқаро анжуманнинг бугунги кундаги аҳамияти, таниқли уламолар ва аҳли илмларнинг бир жойга йиғилишидан файзу барака ҳосил бўлиши ҳақида сўзладилар.
Халқаро анжуман иштирокчилари юртимизга келиши давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Хоҳ яланглик-саҳрода бўлсин, хоҳ пана жойда, ҳожат чиқараётиб сўзлашиш ва зикр қилиш макруҳдир. Фақат зарурат юзасидан рухсат берилган. Баъзи соҳибларимизнинг фикрича, акса урса, ҳамд айтилмайди, акса уриб, ҳамд айтганга жавоб берилмайди, саломга алик олинмайди, муаззинга ижобат қилинмайди. Чунки бу ҳолатида мусулмон киши жавобга мустаҳиқ эмас. Жавоб бериши макруҳ ҳисобланади. Аммо ҳаром эмас. Лекин акса урганида тилини қимирлатмасдан, қалби билан ҳамд айтса, зарари йўқ. Шунингдек, жимоъ пайтида ҳам айтиш безарардир.
Муҳожир ибн Қунфуз розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, у зот бавл қилаётган эканлар. Салом бердим, у зот таҳорат қилиб бўлгунларича жавоб бермадилар. Сўнг менга узр айтиб: «Аллоҳни нопок ёки таҳоратсиз ҳолда зикр қилишни хушламадим», дедилар».
Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можалар саҳиҳ иснод билан ривоят қилишган.
Соҳибларимиз айтишади: «Ҳожатда ўтирган кишига салом бериш макруҳдир. Мабодо, салом берилса, жавоби шарт эмас».
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан