Унда мамлакатимиз ва хорижнинг кўплаб олимлари иштирок этмоқда.
Ислом илмлари халқаро университети профессори, доктор Салоҳ Муҳаммад Абулҳаж (Иордания) улардан бири. Қуйида олимнинг мамлакатимизда ўтказилаётган нуфузли халқаро конференция ҳақида билдирган фикрларини келтирамиз.
–Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ташкил этилаётган халқаро конференцияда иштирок этиш мен учун фахр, – деди Ислом илмлари халқаро университети профессори, доктор Салоҳ Муҳаммад Абулҳаж (Иордания). – Асли иорданиялик бўлсам ҳам, Ўзбекистонни биринчи Ватаним деб ҳисоблайман. Чунки бу азиз диёрдан етишиб чиққан буюк алломалар менга маънавий ота-она каби қадрдондир. Қайси китобни очмай Самарқанд, Бухоро деган табаррук манзилларнинг номларига, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк уламоларнинг исмларига такрор-такрор дуч келаман.
Бу юртнинг алломалари, устоз ва имомлари биз учун энг азиз ва мўътабар зотлардир. Уларнинг барчаси бизга қадрдон ва қардош. Шу муборак диёр аҳли билан кўришиш бахтига муяссар бўлганимдан бағоят хурсандман.
Ўзбекистонда буюк ва забардаст уламоларнинг мавжудлиги катта неъмат ва Аллоҳнинг раҳмати деб биламан. Ушбу диёрдаги барча олимлар, имомлар, илмий соҳа вакиллари сабабли юртингизда соф исломий таълимот янада равнақ топиб, турли адашган тоифа вакилларининг фитнасидан омондасиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг буюк аллома ва мутафаккирлар илмий меросини чуқур ўрганиш соҳасидаги улкан ташаббусларини қўллаб-қувватлайман. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро марказларининг ташкил этилгани ўзбек халқига илм ва зиё таратишга ҳисса қўшади. Зотан, Мовароуннаҳр – Ўзбекистондан етишиб чиққан машҳур олимлар, фақиҳлар, муҳаддис, муфассирларнинг фаолиятини ўрганиб, уларнинг асарлари устида тадқиқот олиб бориш улкан шараф ва масъулиятдир.
Н.Усмонова,
ЎзА
Эр-хотин тез-тез уришиб қолаверди. Шунда аёли эрига:
– Дадаси, қўшниларимиз бирор марта уришганини эшитмадим. Биз эса тез-тез жанжаллашиб қоляпмиз. Қарши бўлмасангиз, қўшни аёлдан бунинг сирини билиб келаман, – деди.
Эри рози бўлди. Аёл қўшни аёл билан суҳбатлашгани чиқиб, ундан оилада осойишталикни сақлаш сири ҳақида сўради.
Бу пайтда қўшни аёл ошхонада овқат қилаётган, унинг эри эса столда бир нималарни ёзиб ўтирганди. Шунда бирдан телефон жиринглади. Эри телефон олдига борар экан, бехос стол устида турган вазани туртиб юборди. Ваза ерга тушиб, синди. Бу ҳолни кўрган аёли дарров келиб вазани синиқларини тера бошлади. Эри аёлига айбдорона қараб, узр сўради. Аёли эса: “Аслида мен сиздан узр сўрайман. Чунки вазани стол устига – ноқулай жойга қўйган эканман”, деди.
Бу ҳолни кузатган қўшни аёл уйига қайтиб келди ва нималар кўрганини айтиб берди. Сўзи якунида: “Оддий бир ишда улар иккаласи ҳам ўзини айбдор ҳисобларкан. Биз эса ҳар ишда ўзимизни ҳақ, деймиз. Жанжалимиз сабаби шундан экан”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана, осойишталик сири нимада экан!
Акбаршоҳ Расулов